Қирғизистон: Ўш-Эркеч-Том йўли тўсиқлигича қолмоқда

Қирғизистон парламентининг собиқ спикери ва депутати Ахматбек Келдибековнинг 200дан ошиқроқ тарафдорлари уч кундан бери Ўш-Эркеч- Том йўлини тўсиб туришибди.

Ўш вилояти милициясининг матбуот котиби Жениш Аширбековнинг маълум қилишича, Олой туманига қарашли Сўпи-Қўрғон қишлоғида тўсиб қўйилган йўлнинг икки тарафида 250 атрофида автомашина тўпланиб турибди.

27 майдан бери ёпиқлигича қолаётган йўлнинг тўсилишига, Қирғизистон Жўғўрқу Кенгашининг собиқ спикери ва депутати Ахматбек Келдибековнинг ўтган йилнинг ноябрь ойида порахўрликда гумонланиб қўлга олиниши ва жорий йилнинг 27 май куни уни суд қарори билан яна бир ойга ҳибсхонада қолдирилиши сабаб бўлган.

Ҳамқишлоғининг соғлиги ёмонлашгани сабаб, уни уй қамоғига чиқарилиши ва тезроқ озод этилишини талаб қилаётган норозилик қатнашувчилари ҳукумат вакилларига ёзма равишда мурожаат йўллашган. Бироқ, ҳукуматдан жавоб бўлмаган.

"Биз қўйган талабларнинг биронтаси ҳам бажарилгани йўқ. Ахматбек Келдибековнинг айби исботланмади, бўйнига қўйиша олмаяпти. Бироқ, шунга қарамай, унга нисбатан сиёсий таъқиб бўлаяпти. Биз атайлаб йўлни тўсгани чиққанимиздан кейин, депутатни бўшатмагунимизча акцияни давом эттираверамиз" - деди йўл тўсганлардан бири Сўнунбу Жээнбаева.

Расмий маълумотларга кўра, Олой тумани маркази Гулчада 200дан ортиқроқ милиция ходимлари навбат билан вазиятни назорат қилишмоқда.

Бу орада Тожикистоннинг Жерге-Тол туманига борган ўнлаган қирғизистонлик ўз уйларига қайта олмай сарсон бўлаётганликлари маълум бўлди.

Бош прокуратура Келдибековга порахўрлик ва мавқеидан фойдаланганлик ва уни суистеъмол қилиш айблари бўйича жиноий иш очган.

Қирғизистон бош прокурори Аида Салянова Келдибековга қарши қўзғатилган жиноий ишга сиёсий тус бериш нотўғри эканлигини айтиб келади.

Унинг фикрича, Келдибеков атайлаб ишни судга ўтишини узоққа чўзиш мақсадида, терговнинг якуний ҳужжатларига қўл қўйишдан бош тортмоқда.

Давлатда олиб борилаётган порахўрликка қарши курашиш ҳаракатлари фақат мухолифат аъзоларигагина йўналтирилган, ҳукуматпараст расмийларни эса четлаб ўтиш одатий кўриниш дея танқид қилувчи мухолифат вакиллари сўнги пайтларда Президент Алмазбек Атамбаевдан ҳаммага бирдек ёндошишни талаб қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer