Бостондаги портлаш бўйича қирғизистонлик ушланди

Image caption Хайруллонинг яқинлари унга туҳмат қилинаётганини айтишади.

Жалолобод вилоятига қарашли Сузоқ тумани яшовчиси Хайрулло Матановга Бостондаги портлаш бўйича "далилларни атайлаб йўқ қилиш, ёлғон кўрсатма бериш" айбловлари қўйилмоқда.

АҚШ Федерал прокуратурасининг маълумотига кўра, Хайрулло Матанов Бостонда портлаш уюштирди деб айбланган ака - ука Тамерлан ва Жохар Царнаевлар билан яқин таниш бўлган. Портлашдан кўп ўтмай Царнаевлар билан бирга овқатланган. Ундан кейин ҳам телефон орқали алоқа қилгани ва Тамерлан билан икки марта учрашгани исботланган.

Матанов портлашдан кейин бир неча марта сўроққа олинган ва унда Царнаевлар билан унчалик ҳам яқин таниш эмаслигини айтиб кўрсатма берган. Шундан келиб чиққан ҳолда унга "ёлғон маълумот берган, далилларни атайлаб йўқ қилган" деган айб қўйилган.

23 ёшдаги Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани яшовчиси Хайрулло Матанов АҚШга 2010 йилнинг май ойида кетган. Унинг адвокати Эд Хайденнинг айтишича, Хайрулло "Қирғизистондаги қонли воқеалар туфайли" деган сабаб билан бошпана олган, студентлик визаси ундан кейин берилган.

Ҳозирги кунда Россияда бўлган Хайруллонинг акаси Нурулло Матанов, укам асоссиз айбланиб, унга туҳмат қилинаяпти дейди:

"Укам Сузоқда лицейда ўқиган. Ундан кейин Қодиржон Ботировнинг университетига кирган. Ўқиб юргандаёқ АҚШга ўқишга бориш учун тест топширган. Тестдан ўтиб, қонли воқеа бошланишидан 10 кун аввал, май ойида АҚШга кетган. Укам ундай ишларга борадиган одам эмас. Бу ерда уни йўқ ердан айблашаяпти. Кечаги кун гаплашган эдим. Менга бугун эрталаб шундай бўлибди деб қўнғироқ қилишди. Укамга қилсам, телефонини олгани йўқ. Ёзда сўроққа чақиришган эди. Биз Худодан қўрқиб юрган одаммиз. Укам ундай нарсага бормайди", - дейди Нурулло Матанов.

Хайруллонинг аммаси Манзура бу хабарга ишонмаётганини айтади:

"У яхши ўқиб юрган бола. Отаси инсульт бўлиб оғриб қолганидан кейин, ота - онасига ёрдам бераман деб, ўқиб - ишлагани ўша ерга кетган. У ёқда информатика бўйича ўқишга топширган. Менга қўнғироқ қилиб, "шундай ўқишга ўтдим, Худо хоҳласа дипломимни олгандан кейин бораман, таксист бўлиб ҳам ишлаяпман" деган эди", - дейди Манзура.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШни Федерал прокуратураси билдиришича, Хайрулло Матанов Тамерлан Царнаев билан унинг укаси Жохар орқали танишган.

Хайрулло Матановга яқинлари ёрдам бериш йўлларини изламоқда. Улар шу кунларда Қирғизистоннинг АҚШдаги элчихонасига хат йўллашни режаламоқдалар.

Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлигининг матбуот котиби Жўрўбай Абраимовнинг айтишича, АҚШ Қирғизистонга Матанов тўғрисида аниқ маълумот сўраб мурожаат қилганича йўқ.

Ўтган йилнинг 15 апрелида АҚШнинг Бостон шаҳрида ўтаётган марафонда қўлбола икки бомба портлатилган ва 3 одам ўлган, 250 одам турли жароҳатлар олган эди. Ўшанда портлашни ака - ука Царнаевлар уюштирган деб топилган. Тамерлан Царнаев қўлга олиш амалиёти чоғида отиб ўлдирилган.

Царнаевлар оиласи Қирғизистонда яшаганлиги маълум. Тамерлан Царнаев 1986 йили Қирғизистонда, укаси Жохар Царнаев 1993 йили Доғистонда туғилган. Царнаевлар оиласи 1990 йилнинг боши Қирғизистондан Чеченистонга кўчиб кетишган ва 1995 йили Қирғизистонга қайтиб келган. 2001 йили оила қайта Доғистонга кетиб, ундан АҚШга кўчиб ўтади. Тамерлан Царнаев 2002 йили Қирғизистоннинг фуқаролигини олганлиги аниқланган.

Бостондаги портлашга боғлиқ Қозоғистоннинг икки фуқароси, 19 ёшдаги Диас Қадирбаев билан Азамат Тажаяков ҳам қамоққа олинган. Уларга ҳам "далилларни йўқ қилган" деган айб қўйилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ