Тожикистон фуқароларининг ахлоқи текширилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ёшлар энди ўз жуфтларининг ахлоқий сифатларидан тўйгача воқиф бўлишлари мумкин.

Тожикистон Ички Ишлар вазири Рамазон Раҳимзода бўлажак келин-куёвларга тўй олдидан ўз танлаган жуфтлари ўтмишда жиноят содир этмаганми, жинсий касалликлар бўйича даволангани ёки йўқлигини аниқлашларига имкон берилишини таклиф қилмоқда.

Шу мақсадда вазир ёшларга тегишли манзиллардан керакли маълумотларни олишни таъминлайдиган ўзгартиришларни оила кодексига киритишни таклиф этган.

Раҳимзода фикрига қараганда, бу чоралар ёшларни мустаҳкам оила қуришларига ёрдам беради ва оилани ажралиб кетишдан сақлайди.

У шунингдек, фуқароларнинг ахлоқсиз ҳаракатларига қарши курашни кучайтиришга чақирган, жамиятнинг ахлоқий меъёрларига тўғри келмайдиган ҳаракатлар содир этганлар ҳақида маълумотлар Ички Ишлар вазирлигига етказилиши кераклигини айтган.

Жинсий тенгсизлик

Image caption Раҳимзода жамиятдаги ҳодисаларга ўзининг ноодатий қарашлари билан танилган.

Ички Ишлар вазири жинсий кўринишдаги жиноятлар, фуқароларнинг ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган уятсиз ҳаракатлари борасида хавотир билдирган.

Бу ерда фоҳишабозлик, қўшмачилик, жинсий қуллик ва одам савдоси назарда тутилмоқда.

Рамазон Раҳимзода тегишли идораларни Тожикистон фуқароларининг маънавий кўринишларини синчиклаб текширишга даъват қилган.

Вазир айтган ахлоқсиз ҳаракатларга қарши кураш доирасида бутун мамлакат бўйлаб махсус амалиётлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Раҳимзода жамиятдаги долзарб масалаларни ечишда ўзининг ноодатий ёндашуви билан танилган.

Олдинроқ у гиёҳванд моддаларнинг мамлакатга кириб келишига қарши таклиф билан чиққан.

Ўшанда жаноб Раҳимзода афғон фермерларидан кўкнори ҳосилини сотиб олиш ва уни доришуносликда фойдаланиш ёки йўқ қилиб юборишни таклиф қилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Раҳимзоданинг янги ташаббуси Тожикистонда ҳаммага ҳам маъқул эмас.

Тожик ҳукумати оила ва диний анъаналарнинг сақланиши муҳимлигини таъкидлайди.

Расмийлар Тожикистонда муаммолар мавжудлигини тан олади, Душанбе кўчаларида эса фоҳишалар сезиларли даражада кўпайгани ҳам айтилади.

Бироқ, сиёсатшунос Шокиржон Ҳакимов ижтимоий-иқтисодий сабаблар билан боғлиқ муаммоларни ечишда кескин, шафқатсиз чоралар ёрдам беришига ишонмайди.

"Шу пайтгача дунёдаги бирор мамлакат дини, маданий хусусиятлари, иқтисодий кўрсаткичларидан қатъий назар бу муаммони ечишнинг уддасидан чиқа олмаган. Тожикистонда ҳозирги ижтимоий-иқтисодий воқелик боис фоҳишабозликни секинлаштириш деярли имконсиз", деб айтади сиёшатшунос.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Тожикистонда ҳозир бир эркакка 3-4 аёл тўғри келади.

Тожикистонда фуқаролар урушидан кейин ва оммавий меҳнат муҳожирлиги бошлангач, мамлакатда гендер тенгсизлик кузатилмоқда.

Бир эркакка 3-4 аёл тўғри келади. Россия ва Қозоғистонга тирикчиликка кетган тожик эркаклари ўша ерда бошқа аёлга уйланиши тез-тез учрайди.

Охирги йилларда меҳнат муҳожирлари томонидан хотинларини ташлаб кетиш ҳоллари бир баравар ошган.

Бу ҳам вазиятни мураккаблаштиради, дейди Шокиржон Ҳакимов. "Ички ишлар вазирлиги таклифида ижобий жиҳатлари кўп, ҳукумат оқибатлари билан курашмоқда лекин унинг сабаблари эътибордан четда қолмоқда. Кўп аёллар ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун иложсизликдан фоҳишабозлик билан шуғулланади. Шу сабабли бу муммони кескин чоралар билан ечишга уриниш натижа бермайди", деб қўшимча қилади эксперт.

Аёллар айбдор

Тожик қонунчилигига кўра, мамлакатда фоҳишабозлик таъқиқланмаган ва жиноий жавобгарликни кўзда тутмайди.

Фоҳишабозлик билан шуғулланган шахс ушланганда, маъмурий жазо, яъни жаримага тортилади холос.

Бундан ташқари, мамлакат қонунлари турмуш қурмаганлар орасида никоҳсиз алоқани чекламайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Аёллар гап-сўздан қўрқиб, ўзларининг муаммоларини гапиришни хоҳлашмайди.

Бироқ жамиятда бундай ҳаракатлар қораланади, уят саналади.

Шу боисдан ёшлар ўзларининг муносабатларини одамлардан сир тутишга ҳаракат қиладилар.

Аёллар гап-сўздан қўрқиб, ўзларининг муаммоларини гапиришни хоҳлашмайди.

Тожикистон оила ва аёллар қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йил мамлакатда олти юздан ортиқ одам савдоси ҳоллари рўйхатга олинган, ундан 72 тасида учинчи мамлакатга фоҳишаликка олиб кетилган аёллар қайд этилган.

Фоҳишабозлик ва жинсий қулликни очиқ муҳокама қилиш Тожик жамиятида қабул қилинмаган.

Бундан ташқари қўшмачиларни маҳкамага тортишга камдан-кам аёл журъат қилади. Жамоатчилик фикри аёлларни қўрқитади. Улар шунингдек, қариндошларидан чўчишади, ўзларининг ҳаракати учун қоралашлари сабабли болалари келажагидан хавотир олишади.

Ҳуқуқ фаоли Гулчеҳра Мирзоевага кўра, 10 тадан 8 киши орасида доимо аёллар айбдор қилиб кўрсатилади, кўнглида аёлларга хайрихоҳ бўлганлар ҳам буни очиқ айтишмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.