Ўшлик шоир Муғанний оламдан ўтган

Ўш Ўзбек адабиёти намояндаларидан бири Ғанижон Холматов (Муғанний) узоқ давом этган хасталикдан сўнг 66 ёшида оламдан ўтган.

Ғанижон Холматов 1949 йил 5 февралда Ўшда туғилган.

1966 йили Тошкентдаги А. Островский номидаги театр ва рассомлик санъати институтида ўқиган.

Сўнгра она юртига қайтиб, 1970 йилдан 2007 йилгача Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театрида актёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган.

Ғанижон Холматов нафақат Ўш Ўзбек адабий муҳитида, балки бутун Ўзбек адабиётида ўз ўрнига ва сўзига эга ижодкор инсон эди.

Муғанний узоқ йиллар Қирғизистонда адабий аҳли орасида машҳур "Илҳом" клубида ёшларга устозлик қилган, кўплаб истеъдодли ёшларга йўл кўрсатган.

Муғаннийнинг "Сен кетдинг аста-аста", "Қазо дарслари", "Юз пора дил", "Суянганим тор бўлди" каби каби китоблари чоп этилган.

Шогирларининг айтишича, Муғаннийнинг "Юз пора дил" тўпламининг учинчи китоби шу кунларда нашрдан чиқиши керак.

Муғаннийнинг кўплаб шеърлари қўшиқ қилиб айтилган. Улар орасида Шерали Жўраев, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев, Муҳаммадкарим Соипов, Дилором Соиповалар айтган қўшиқлар айниқса машҳур бўлган.

Би-би-си шоир Муғанний билан бир неча бор суҳбатлашишга муяссар бўлган, жумладан шоир 2008 йилги суҳбатида шундай деб айтган эди:

"Эсласа бўладиган дамларимиз анча кўп. Ва кўп қиррали эканлигидан баъзида хурсанд бўламан, баъзида ўксинаман. Гўёки, биратўла буюк бир ҳофиз, ёки буюк бир режиссёр ёки буюк бир шоир, бир томонни ушлаган бир қиррали шахс бўлганимизда балки яна ҳам яхши бўлармиди, деб ўйлаб қоламан-у, лекин шу ҳаётимнинг ўзига Худога шукур қиламанки, мени кўп қиррали бир ижодкор сифатида шакллантирган Аллоҳга шукур қиламан".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ғуломжон Холматов эртага, 9 июн куни Ўшда дафн этилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ғанижон Холматов (Муғанний)нинг вафоти муносабати билан шоирнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.

Муғанний ижодидан

Излайди

Маҳшар туни карвонлар сарбонини излайди, Дарвозаси тиллодан дарбонини излайди.

Нечук ёрни изламай, тополмасам бўзламай, Ташлаб кетган беглар ҳам султонини излайди.

Ҳайратларим тутолмай, тикон симдан ўтолмай, Темур бобо беш пора Туронини излайди.

Улуғбек юлдузтарош, елкасида олтин бош, Падаркушлар боқмаган осмонини излайди.

Машраб дорин излайди, куйган орин излайди, Ҳайём майин тополмай, хумдонини излайди.

Мажнун ҳушин топганми, кўрган тушин топганми, Лайлига ҳуш боқмайди, чандонини излайди.

Ҳеч ишга ажабланма, беҳуда азобланма, Эллик йиллик ёринг ҳам армонини излайди.

Ҳамон аҳли донолар, ҳар сўзи минг маънолар, Ҳикмат суви қайнаган қумғонини излайди.

Суякфуруш қассоблар, судхўр, ўғри каззоблар, Ҳақ ҳукмидан қутилмоқ имконини излайди.

Тавба қабул бўлмайди, ҳеч ким қайта ўлмайди, Миннат аҳли топилмас эҳсонини излайди.

Тангрига арз этгали, золимни қарз этгали, Диндор дўстим ўтирган зиндонини излайди.

Золим шоҳни куйлаган, муздига пул чийлаган - Шоир оғам йўқолган иймонини излайди.

Маҳшарда ҳам тийилмас, виждонига чий илмас - Муғанний ёзолмаган достонини излайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ