Покистондаги ўзбеклар: бомбачими ё балогардон?

Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Шимолий Вазиристонда ўз базаларига эга бўлган

Покистондаги Толибон мамлакатнинг энг йирик аэропорти бўлган Карачи аэропортидаги ҳужум учун масъул эканини айтган.

Ҳужумда ўн нафар жангари дохил, камида 28 киши ҳалок бўлган.

Мулозимларга кўра, ҳужумчилар орасида " ўзбек кўринишидаги" жангарилар ҳам бўлган.

Покистон расмийлари бу каби ҳужумларда кўпинча Афғонистон билан чегарада паноҳ топган хорижий жангариларни айблашади.

Ал-Қоидага алоқаси бор, деб ишониладиган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг қабилалар яшайдиган Шимолий Вазиристон минтақасида ўз базаларига эга бўлган, аммо ҳозирда гуруҳнинг қанчалик кучга эга экани номаълум.

Ўзбек жангарилари бундан аввал 2012 йилда Пешовар аэропорти ҳамда 2011 йилда Карачидаги ҳарбий денгиз кучлари базасида амалга оширилган йирик ҳужумлар учун масъуллиги даъво қилинган.

Аммо Пешовардан журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг Би-би-сига айтишича, Покистон расмийлари ҳозирга қадар бу борада аниқ далилларни намойиш этишмаган.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биласизми, бу каби даъволарни расмийлар ҳар бир ҳужумдан кейин қилиб келишмоқда. Бу гал улар баъзи ҳужумчиларнинг ташқи кўриниши ўзбекларга ўхшайди, деб айтишаяпти. Лекин ташқи кўриниш уларнинг ўзбек эканлигининг далили эмас-ку. Чунки биз уларнинг исмини, шахсини билмаймиз, уларнинг суратлари матбуотга ошкор этилмаган. Қандай қилиб фақатгина ташқи кўриниш асосида бу каби хулосага келиш мумкин?. Бундан ташқари, бундай даъвони фақатгина бир ҳарбий мулозим қилди. Террорга қарши амалиёт дея аталган жорий амалиёларда ҳукумат кучлари, полиция, махсус кучлар-буларнинг ҳаммаси иштирок этмоқда, лекин улардан биронтаси бу каби даъвони қилганича йўқ. Биргина расмийнинг сўзи бу ниҳоий хулоса, деб айтмаган бўлардим. Бу борада батафсил текширув ўтказилишини кутишимиз керак.

Би-би-си: Хорижий,айниқса Ўзбек жангарилари Покистон расмийлари учун бир нави ўзларининг ноқобилликларини оқлаш воситасига айланган, деб айтишимиз мумкинми?.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биласизми, агар хорижий жангарилар бўлса ҳам, уларнинг ҳаммаси маҳаллий жангарилар. Бу ерда муаммо жангарилар хорижийми, маҳаллий деган масалада эмас. Муаммо Покистон хавфсизлик тизимидаги улкан бўшлиқда. Муҳими жангарилар Покистоннинг энг йирик ва энг қаттиқ қўриқланадиган аэропортининг хавфсизлик тўсиқларидан ўтиб, йирик ҳужумни амалга оширишга муваффақ бўлишган. Покистон расмийлари бу ҳужумни покистонликлар эмас, ўзбеклар қилди, деган важ билан масъулиятдан қутулиб кетолмайдилар. Ва бу аэропортга уюштирилаётган биринчи ҳужум эмас. Бунақа ҳужумлардан кўп бўлди. Жумладан, Карачида. Буларнинг ҳаммаси Покистон расмийлари ва хавфсизлик кучларининг айби...

Би-би-си: Умуман , Покистоннинг Шимолий Вазиристонида ҳануз бор, деб ишониладиган ўзбек жангарилари шундай йирик ҳужумни амалга оширишга қодир, деб ишонасизми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Мен бу ўзбекларнинг Вазиристондан Карачига қадар келиб, бундай ҳужумни амалга оширишларига ишонмайман. Чунки уларни осонгина таниб қолишлари мумкин. Нима бўлганда ҳам улар маҳаллий аҳолидан фарқли. Аэропорт ичкарисигача кириб бориш маҳаллий одамлар учун осонроқ. Қолаверса, хорижий жангарилар маҳаллий тилда ҳам яхши гапирмайдилар. Ҳужумчилар буни ҳисобга олмасликлари мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам мен ўзбеклар қилгани ҳақидаги даъволарга шубҳа билан қарайман. Ўтмишда ҳам шундай даъволар қилинган, аммо ҳеч қандай далил кўрсатилмаган.

Би-би-си: Сўнгги пайтларда ўзбек жангариларининг бир қисми Сурияда жанг қилаётганлари ҳақида ҳам ишончли хабарлар олинаяпти. Шундай экан, Покистонда қолган ўзбекларнинг сони ҳақида нима биламиз?.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Афғон-Покистон чегарасидаги ўзбек жангарилари ёки Ал-Қоида билан алоқаси бор бошқа гуруҳларнинг Сурияга ўтгани ҳақидаги хабарлар ҳам тасдиқланмаган хабарлардир. Улар Сурияга бошқа ҳудудлардан борган бўлишлари ҳам мумкин. Менинг билишимча, ўзбекларнинг кўпчилиги бир кун келиб ватанларига қайтишга умид қилишади. Шундай экан, улар Сурияга нега борсинлар?. Ўзбекистонга яқинроқ жойда турганлари маъқул эмасми?. Покистоннинг қабила ҳудудлари, асосан, Шимолий ва Жанубий Вазиристонда бир неча юз ўзбеклар бор эди, улардан баъзилари жангларда ҳалок бўлган, баъзилари эса Ўзбекистонга яқин Шимолий Афғонистонга кўч этганлар. Шунинг учун уларнинг сони ҳозир ҳам, нари борса, бир-икки юз атрофида деб тахмин қилишимиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.