Қирғиз президенти: "Миллатни бўлишни истаётганлар ҳали ҳам бор"

Image caption ....Ўшда қонли воқеаларни хотирлаб маросимлар бўлиб ўтмоқда

Қирғизистон жанубида 2010 йил 10 июнида бошланган қонли этник зўравонликларнинг 4 йиллик санасига бағишлаб чиқарган баёнотида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ҳали ҳам мамлакатни вилоятларга, миллатни эса қабила ва этник гуруҳларга бўлишни истаётган "кўп одамлар" борлигини айтган.

"2010 йилда биз баъзилар оддий халқнинг кўз ёшидан ўз сиёсий манфаатларида фойдаланганига гувоҳ бўлдик. Ўч олувчилар ва миллатчилар дастагига таяниб улар қудратга келишга уриндилар", - деди қирғиз давлат раҳбари.

Унинг айтишича, бу сиёсатчиларга Қирғизистон керак эмас ва улар халқнинг тақдири ҳақида қайғурмайдилар.

"Фожеадан фойдаланиб қолиб, улар бошқаларнинг мол-мулкини тортиб ола бошладилар. Ўзларини халқнинг посбонлари қилиб тақдим қила туриб, улар энди ҳақиқатни бузиб кўрсатишмоқчи. Бу ҳақиқат эмас! Улар юз берган фожеадан манфаатдор эдилар. Қудратни қайта эгаллаш ва бойлик йиғиш каби хусусий манфаатлари йўлида улар ўз миллати ва мамлакатини сотиб қўйишди. Бугунга келиб бунинг бари аён бўлди", - деди у.

Президент Атамбаев ўз баёнотида этник зўравонликлардан айнан ким манфаатдор бўлганини айтмаган. Бироқ, "қудратни қайта эгаллаш" дея у зўравонликлардан икки ой аввал Бишкекда юз берган инқилобда ағдарилган собиқ президент Қурманбек Бакиевни назарда тутаётган бўлса ажабмас.

Image caption Атамбаев қонли можарони тўхтата олмагани учун халқаро танқидга учраган Роза Ўтинбоевадан президентликни меърос қилиб олган

Жаноб Бакиев 7 апрелда ҳукуматдан ағдарилиши ортидан ўз она шаҳри бўлмиш Жалолободга қочганди.

Июнь ойида Ўш ва Жалол-обод вилоятларида юз берган этник тўқнашувлар даврида Бакиев лавозимга тайинлаган Ўш ҳокими Мелис Мирзақматов ўзини минтақадаги миллатчи ва миллатпарвар раҳбар сифатида тақдим этди.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотига кўра, Қирғизистон жанубида юз берган қонли тўқнашувларда 400дан ошиқ одамлар ҳалок бўлган, минглаб одам жароҳат олган ва 2600та хонадон вайрон бўлган. Қарийб 100 минг этник ўзбеклар қўшни Ўзбекистондан вақтинчалик бошпана топганлар.

Ташкилотнинг ҳисоботига кўра, бир неча кун давомида Қирғизистон раҳбарияти қотилликларни тўхтатмаган ва маҳаллий халқни ҳимоя қилиш йўлида чора кўрмаган.

Тотувлик

Аммо Президент Атамбаевга кўра, Қирғизистондаги халқларнинг сабр-тоқати ва саъй ҳаракатлари туфайли зиддият бартараф қилинган.

"Юзлаб инсонларнинг ҳаёти асраб қолинди. Қирғизлар ўз уйларида ўзбекларни яширишди, ўзбек оилалари эса қирғизларга ёрдам беришди. Биз можаронинг мана шу икки этник гуруҳнинг вакиллари бирга яшаган маҳаллаларга тарқалишини бартараф қилишга муваффақ бўлдик. Бу бизнинг келажагимиз якдиллик ва тотувликда эканининг яна бир исботидир", - деди давлат раҳбари.

Image caption Ўш ва Жалол-Ободда минглаб уйлар вайрон бўлган

Унинг айтишича, фақат Қирғизистон халқининг ўзи мамлакат шимоли ва жанубида - Ўш, Жалол-Обод, Иссиқкўл ва Таласда тинчлик ва барқарорликни ўрната олади.

"Халқ ҳар бир уйдан, ҳар бир кўчадан, ҳар бир қишлоқ ва шаҳардан бошланади. Шуни унутмайлик", - деди у.

Президент Атамбаев, шунингдек, қирғизистонликлар 2010 йил июнь фожеасини унутмасликлари ва ундан ўзлари учун сабоқ чиқаришлари лозимлигини айтди. "Тинчлигимиз ва тотувлигимиз кўз қорачиғидек асралиши керак", - деди у.

Этник зиддият хавфи

Айни дамда ҳукумат қошидаги этник гуруҳлараро муносабатларга масъул идора раҳбари Накен Касиев Қирғизистон бўйлаб этник можаролар чиқиши хавфига эга 100дан ошиқ жой аниқланганини айтган.

Журналистлар билан душанба куни ўтган учрашувда жаноб Касиев қишлоқ хўжалиги ишлари авжига чиққан мавсумда этник можаролар тез-тез юз бериши ва айни дамда доимий зиддият нуқталари ҳам мавжудлигини билдирди.

У ўз идораси ҳар бир вилоятда этник масалалар бўйича бўлимлар ташкил қилиб, маҳаллий хавфларни бартараф этиш йўлида ишлашини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer