Қирғизистон жанубидаги хунрезликдан сабоқ чиқарилдими?

  • 10 Июн 2014

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг 2010 йил июн хунрезлиги санасига бағишлаб чиқарилган баёнотида бу ҳодисалардан сабоқ чиқарилиши кераклиги айтилади.

Халқаро ташкилотлар Қирғизистон жанубида юз берган қонли тўқнашувларда аксари ўзбек миллатига мансуб бўлган 400дан ошиқ одамлар ҳалок бўлгани ва минглаб инсонлар жароҳат олганларини айтишган. Қарийб 100 минг этник ўзбеклар қўшни Ўзбекистондан вақтинчалик бошпана топганлар.

Ҳюман Райтс Уотч (Human Rights Watch) ташкилоти ҳисоботига кўра, бир неча кун давомида Қирғизистон раҳбарияти қотилликларни тўхтатмаган ва маҳаллий халқни ҳимоя қилиш йўлида чора кўрмаган.

Ҳозирда Қирғизистон gрезиденти қандай сабоқлар ҳақида сўз юритмоқда ва таҳлилчилар Қирғизистон жанубидаги бугунги вазиятни қандай баҳолайдилар?

Би-би-си бу борада Лондондаги Уруш ва Тинчлик масалалари тадқиқот марказидан Жон Маклауд билан суҳбатлашди.

Жон Маклауд: Қирғизистон жанубида бугун вазият ғаройиб бир тарзда осуда. Жуда қисқа вақт ичида рўй берган бу каби йирик ва кутилмаган қон тўкилиши ҳодисаси бир қарашда тарихга чўмгандек кўринади. Ҳодисалардан кейинги бир йилча мобайнида бир томондан ҳодисаларга адолатли баҳо бериш уринишлари, бошқа томондан эса турли адолатсиз маҳкамалар ўтказилди, ҳам ҳукумат ичида ва ҳам ташқида ўзбекларни бу ҳодисаларда балогардон қилиб кўрсатишга қаратилган сўзлар янгради. Бу ўз навбатида ўзбеклар орасида уларга нисбатан бўлган адолатсизлик ҳиссини кучайтириб, кўпларнинг минтақани ташлаб кетишларига ҳам сабаб бўлди. Баъзилар вақтинча кетишди, баъзилар бутунлай. Улар бу каби вазиятда ўз келажакларини тасаввур қилишлари қийин эди. Лекин хозирда вақт ўтиб, вазият бир қадар осудалашди. Баъзи омиллар ўзгарди. Масалан Ўш собиқ ҳокимининг вазифасидан кетиши... Унинг миллатчи оҳанги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бераётган омил эмас эди. Лекин барибир у ердаги вазият ҳозирда диққат билан кузатиб туриш керак бўлган вазиятдир. Чунки тўсатдан бирон нарса яна рўй бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ўтган гал ҳам ҳодисалар кутилмаган ҳолатда рўй берганди.

Би-би-си: Бугун президент Атамабаев ўз нутқида "биз бу ҳодисалардан сабоқ чиқаришимиз керак", дебди. Сабоқ чиқарилмоқда деб ўйлайсизми?

Жон Маклауд: Бу ерда сабоқ деганда нима назарда тутилаётганига боғлиқ. Албатта жорий ҳукуматнинг оҳанги мўътадилроқ ва фикрлаши босиқроқ. Бу ижобий ҳолат. Шунингдек, ҳукумат собиқ Ўш ҳокими сингари ўзбошимча, хоҳлаган ишини қиладиган бир кучли сиёсатчи бўлиши керак эмаслигини ҳам англаб етган кўринади. Вазият марказдан диққат билан назорат қилиниб турилиши кераклигини тушунишган афтидан... Лекин чиқарилиши керак бўлган бошқа сабоқлар ҳам бор. Улардан бири айтиб ўтганимдек тажовузкор сиёсий оҳангнинг йўқотиш кераклигидир,яъни бир томонни тажовузкор бошқа томонни қурбон қилиб тасвирлашга уринишлар ярашиш жараёни учун ёрдам бермаслигини ҳам албатта тушуниш керак.

Би-би-си: Жорий Қирғиз ҳукумати бу каби ҳодисаларнинг қайтарилмаслиги учун етарли чоралар кўряпти деб ўйлайсизми?

Жон Маклауд: Бунга баҳо бериш қийин. Албатта вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Ҳатто биргина иқтисодий ривожланиш барномаси ҳам самара бермаслиги мумкин. Бу жуда ҳам мураккаб масала. Чунки миллий ўзлик ва давлатчилик масаласи Қирғизистонда ҳануз баҳсли ва долзарб. Яъни, қирғизистонлик деганда ким тушунилади? Бирон шахс миллати қирғиз бўлгани учунгина ўзбек ёки русга нисбатан кўпроқ қирғизистонлик ҳисобланадими? Бундан ташқари тил мақоми масаласи бор. Бу масала қайта-қайта кўтарилмоқда. Албатта аксарият қирғиз тилида гаплашгани учун бошқалар учун ҳам қирғиз тилини ўрганиш мақсадга мувофиқ, айни вақтда аксар қирғизлар ҳам иккинчи тил сифатида рус тилида гаплашадилар, шу билан бирга аҳолининг салмоқли қисми ўзбек тилида гаплашади. Бу тиллар бир-бирини рад этувчи бўлиши шарт эмас. Лекин сиёсий минбардан туриб бу масаладан фойдаланилган вақти у чигаллашди. Масалан, ўзбеклар таълим тизимида ўз тилларига кўпроқ ўрин берилиши кераклигини талаб қилсалар, бу сиёсий қадам сифатида баҳоланади. Ваҳоланки бу сиёсий эмас, миллий маданият ва миллий ўзликка томон ҳаракат. Лекин у сиёсийлаштирилган вақти масала чигаллашади. Ана шуларнинг ҳаммасини англаб ета оладиган рисоладагидек ҳукумат керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002