Минтақадан хабарлар қисқа сатрларда

Мираброр Усмановга ФИФАнинг ордени?

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Халқаро Футбол федерациясининг "Хизматлари учун" ордени билан мукофотлангани аксарият ўзбекистонликларни бир маънода икки қутбга бўлиб қўйган...кимдир фахр туйса, яна кимдир " нима учун" деган саволга банди...

Мукофот Бразилиянинг Сан Паулу шаҳрида, ФИФАнинг 64- конгрессида федерация президенти Зепп Блаттер томонидан топширилган.

"Хизматлари учун" мукофоти ҳар йили футбол ривожига сезиларли улуш қўшган шахсларга берилади.

Бироқ ўзбек футболчиларининг халқаро майдонларда муваффақиятсиз иштироклари орқасидан Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов ўзбек футбол мухлисларининг қаттиқ танқидлари остида қолган.

Айниқса, бундан аввал ўзбек футболчилари бугун Бразилияда бошланадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларига йўлланмани қўлга кирита олмаганлари футбол ишқибозларини жиддий норози қилган, улар ижтимоий тармоқлар орқали жаноб Усмоновни Футбол федерацияси раҳбарлигидан истеъфо беришга ҳам чақиришган. Футбол федерацияси раҳбарлигига футболни тушунадиган ва унинг ривожи учун қайғурадиган кишини тайинлаш таклифлари билан чиқишган.

Усмонов жанобларининг тарафдорлари эса, ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда барпо этилган бир қатор футбол майдонлари ва тадбирларини айнан унинг номи билан боғлайдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркманистон Президенти ҳам тақдирланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркманистон Президентини чекишга қарши глобал курашга қўшган ҳиссаси учун махсус мукофот-эсдалик нишони билан тақдирланган.

Маълумотларга қараганда, Туркманистонда чекувчилар сони бўйича дунёда энг паст кўрсаткичга эришган. Мамлакатда кашандалар сони аҳолининг 8 фоизини ташкил қилади.

ЖСС ташкилоти бош директори Маргарет Чен Туркманистон президенти олиб бораётган ишни қувватлар экан, бошқа давлат раҳбарлари ҳам чекишга қарши курашга қўшилсалар, йилига 6 миллион инсон умрига зомин бўлаётган улкан фожеанинг олди олинган бўлар эди, деб айтган.

Шунингдек Чен хоним Туркманистон 2025 йилга бориб, тамакидан холи мамлакатга айланиши мумкин, деган.

Бердимуҳаммедов сўзларига кўра, Туркманистонда одамларнинг ўртача ёши 72 га етган.

Туркманистон МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб тамакига қарши кескин кураш бошлаган.

Туркманистонда бир қути сигарет Марказий Осиё ва МДҲ ичида энг қиммат бўлиб, 5-6 долларга тўғри келади.

Бироқ бу натижаларга қарамасдан, Чегара билмас шифокорлар халқаро ташкилоти ва Туркманистон ҳукумати мухолифати мамлакатдаги соғлиқни сақлаш аҳволи кўз-кўз қилинганидан анча ночорлигини билдиришади.

Спорт ишқибози эканлиги айтиладиган Туркманистон президенти республикада спорт мактаблари қурилишини тўхтатишга буйруқ бергани танқидларга сабаб бўлган.

Жаноб Бердимуҳаммедов "мамлакатда спорт ривожланмас экан, иншоотлар ҳам қурилмайди", деб айтган.

Навоийда динозавр қолдиқлари топилдими?

Ўзбекистондаги интернет сайтларининг хабар беришича, Навоий вилояти ҳудудидан бундан минг йиллар олдин яшаган динозаврлар суяги топилган.

Мамлакатнинг беш музейи Мингбулоқ туманида жойлашган Жарақудуқ ёдгорлиги атрофидан топилган ноёб экспонатларга эга бўлди, деб ёзади Uzbekistan Today.

Динозавр ва бошқа Ер юзидан йўқолиб кетган ҳайвонларнинг суяклари музейларга топширилди, деб айтган Навоий вилояти тарих-ўлкашунослик музейи раҳбари.

Мингбулоқда тош асрида яшаган 70 дан ортиқ ҳайвоннинг қолдиқлари топилгани айтилади. Шунингдек, Жарақудуқдаги "тошга айланган ўрмон" майдонида баландлиги 4 метрдан баланд дарахтлар ўсгани ва баҳайбат жониворлар, жумладан динозаврлар яшагани ҳақида далиллар қўлга киритилган.

Жарақудуқ ҳудуди геолог Леонид Носов гуруҳи томонидан 20 асрда кенгроқ ўрганила бошланган. Бироқ турли сабаблар билан охирги йилларда геологик қидирув ишлари тўхтаб қолган.

Навоийда топилган ҳайвонлар динозаврларми ва ё... ишқилиб, бунга ҳалича халқаро олимлар аҳамият бериб улгуришгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ