Сайёҳ блоги: "Тўйлар муборак" ёки Урумчининг тўйлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи news.cn

Мамтимин акамиз гап топиб келдилар: “Шанба кунга вақтингиз чиқамду? Қариндошим тўй бермақчи, борамсиз?”.

Танг қилиб ўтираманми!. Қардошлар тўйини ҳам бир кўриб қўяйлик. Рози бўлдим. Белгиланган вақтда бордик. Шаҳар марказидаги ресторанларнинг тўртинчи қаватидаги кенг залга жой ҳозирланган. Камида минг кишига ўрин бор-ов! Кираверишда тўй соҳиблари – ҳаммалари костюмларининг кўкрак устига гул тақиб олишган – бизни ёруғ юз билан қаршилашди. Мамтимин ака мени таништириб юборди:

-Озбекистандин миҳман!. Тошкандин келган!.

Ўзбекистондан меҳмон келгани мезбонларни анча хурсанд қилиб юборди шекилли, мулозаматлар янада қуюқлашиб кетди. “Ўткан кунлар”да Отабекнинг Марғилондаги мажлисда қандай “тансиқланганини” туйгундек бўлдим. Мезбонлар бизни дарров юқорига ўтқизиб юборишди.

Шаҳарда юрсангиз шунчалик кўп уйғурларни кўрмайсиз. Бу ерда эса жамиятнинг турли табақаларига мансуб қардошларни учратасиз – зиёлилар, идора хизматчилари, ишбилармонлар, бозорчилар ва яна мен билмайдиган касб-кор эгалари. Ўзимни Тошкентдаги ресторанлардан бирида ўтиргандек ҳис қиламан. Агар четдан келган бошқа кишига “сиз Хитойдасиз!”, дейилса атрофдаги чеҳраларни кўриб, ҳеч ишонмаса керак. Анжуманда бирорта хитойини тополмайсиз.

Залнинг бир томонида эркаклар, иккинчи томонида аёллар ўтиришган, ҳар икки томонни ўртадаги давра ажратиб турарди. Ҳофиз йигитлар аввалига мусиқаларни чалиб туришди. Кейин улардан бири ўртага чиқиб, шўх-шўх қўшиқлардан куйлаб юборди.

Биз билан бир столда ўтирган қардошлар дарров эътиборларини қаратишди. Улардан бири, ёши 50-55 ёшлардаги, тўладан келган, оқ сочлари орқага таралган киши қизиқиш билан сўраб қолди:

-Сиз мушу ернинг озбегими, Озбекистаннинг озбегими?

-Худо хоҳласа, Ўзбекистоннинг ўзбеги, ака, -жавоб бердим мен.

-Ман ҳам озбек, дадамнинг дадаси Тошкандин бўлған, ман шу ерга кеп қалған...

-Сиз Урумчида ишламусиз? –сўраб қолди бошқа бир киши.

-Қардошларни бир зиёрат қилай деб келувдим, -дедим.

-Бак ажойиб иш бўлибду, бак маъқул бўлибду!..

Ташқарида пақ-пуқ, қасур-қусур овозлар эшитилдию суҳбатимиз шу ерга келганида узилиб қолди. Одамлар ўрниларидан туриб кетишди. Нима экан, деб мен ҳам ўрнимдан турдим. Қарасам келин-куёв кириб келишаяпти. Уларнинг ортида бизнинг айтганда куёв навкарлар ва келиннинг дугоналари. Эътиборимни тортгани – келин дугоналари бари қизил кўйлакда. Куёв жўралар ўйнаб келишар, атрофдагилар эса қарсак чалишни бошлаворишди. Ҳофиз йигит ҳам дарров янги қўшиқни бошлади: “Тўйлар муборак”. Биздагисидан тамом фарқли, ҳам сўзи, ҳам куйи, аммо маъноси айни. Куёв жўралар бир муддат даврани қизитишиб, обдон рақсга тушишгач, жойларини эгаллаб олишди. Куёвнинг сўл томонида унинг жўралари, келиннинг ўнг томонида унинг дугоналари.

Ҳофиз йигит қўшиқни тугатиши билан келин-куёв ўрниларидан туришиб, даврага қайтишди. Мамтимин ака буни изоҳлаб қолди:

-Келиннинг “юз очдиси” бўлиду...

Куёв йигит келиннинг юзидаги ҳарир пардани аста кўтариб қўйди... Куёв жўралар ва келин дугоналари яна даврага қайтишди. Бир-бириларини суришиб, итаришиб келин-куёвнинг ортидан ўрин олишиб, расмга туша кетишди. Хаёлимга келган ўйдан беихтиёр жилмайдим: Келин-куёв иштирокида фотосессия! Суратга тушиш якунлангач, ҳамма яна жой-жойини эгаллаб олди.

Шундан кейин дастурхондаги қанд-қурс, мева-чевалар йиғиштирилиб, уйғурнинг турфа таомлари тортила бошланди: қовурилган лағмон, яхна гўштли таом, палов, картошка ва гўштдан тайёрланган қовурма, қайла устига терилган қайнатилган, кўринишидан мантига ўхшаб кетадиган нон, қайнатилган ошқовоқ... Хуллас, тўгарак стол тўлгунча идишлар келаверди. Бўшаганлари олиниб, ўрнига мен номини билмайдиган бошқалари келтирилаверди. Анъанавий уйғур дастурхонига бир вақтнинг ўзида кўп таом – томоқ тортилиши кўпчиликка маълум.

Фото муаллифлик ҳуқуқи pulitzercentre.org
Image caption Уйғур тўйлари ҳам "Тўйлар муборак" садоси остида ўтади

Ҳофиз йигит тўйхонага ташриф буюрган меҳмонларнинг ёшига қараб қўшиқларини – нахшаларини танлаб-танлаб айта бошлади. Аввалига: “энди чўнгла чиқсун!”, деб эълон қилиб қўйдида катта ёшдагилар учун қўшиқ куйлай бошлади. Ёши катта эркаклар дарров ўрниларидан туришиб, бир-бириларига қизиқ-қизиқ муқомлар қилишганларича ўйинга туша кетишди.

Кейин навбат ёшларга берилди. Улар учун махсус ўйноқи қўшиқ янгради. Айниқса куёв жўраларига худо берди-қўйди. Шундай сакрашиб, жўшиб рақсга тушишди.

Ёнимдаги Мамтимин ака аста нуқиб, деди:

-Вой журинг-а, ўйнанг! Озбекла усулга бак уста бўлиду!..

Мамтимин ака анча “қизиб” олган. Ангишвонадан сал каттароқ идишга “оқи”дан қуйиб, яқиндагина танишиб, ҳамқадаҳига айланган кишига узатади. Ўзи биринчи бўлиб кўтаришдан олдин:

-Хўш-а! –деб қўяди.

Бу худди “олдик”, дегани билан баробар экан.

Қора костюм-шим, бизнинг Чуст дўппига ўхшашиб кетадиган дўппи кийиб олган куёв бола келинни ёлғиз қолдириб, давра айланиб, келган таниш-билиш меҳмонлар билан омонлашиб юрганига кўзим тушиб қолди. Гўёки у ўз тўйида эмас, қандайдир базмга бориб қолган-у узоқ кўрмаган улфатларини учратиб қолгандек. Обдон қўл сиқишиб, ҳазил-ҳузул қилиб, навбатдаги меҳмонлар тўпига боради.

Давра бир муддат тинчиб қолгандек бўлди. Кейин даврага келиннинг дугоналаридан бири чиқиб, шўх бир қўшиққа рақсга тушади. Унинг ҳаракатлари жуда гўзал.

Ҳофиз энди русча қўшиқни бошлайди. Кейин билсам бу одатий бир ҳол бўлиб, унда меҳмонлар даврага жуфт-жуфт бўлиб чиқишиб, рақсга, аниқроғи вальсга тушишаркан. Аксарият аёллар бир-бирлари билан жуфт бўлиб олишган, улар орасида бир-иккита эркак-аёл жуфти ҳам бор. Кетма-кет иккита шундай қўшиққа жуфтликлар рақсга тушишгач, назаримда тўйнинг расмий қисми тугади. Меҳмонлар яхши ният тилашиб, дуо қилишиб, ўрниларидан тура кетишди.

Келин дугоналари ва куёв жўралари қолишгач, ҳақиқий дискотека бошланиб кетди ўзиям. Ғарб оҳанглари, ўйинлари... Ўзимни худди тунги клубга келиб қолгандек ҳис қилдим.

Мамтимин аканинг “кетамдуқ”, деганидан ўрнимдан турдим. Яхши ўйлар билан тўйхонани тарк этдик. Кетиш олдидан ҳам мулозаматлар қуюқлашди. Бизни зинага қадар кузатиб қўйишди.

Ҳар ҳил ўй-хаёллар ичида тўйхонани тарк этдик. Тўйлар бўлаверсин, базмлар тўхтамасин...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002