Тожикистонлик тадқиқотчи жосусликда айбланмоқда

  • 17 Июн 2014
Александр Содиқов минтақанинг илғор блоггери

Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси чиқарган баёнотда айтилишича, тадқиқотчи ва блогер Александр Содиқов жосусликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Баёнотга кўра, Торонто Университетида минтақавий муаммо ва можаролар соҳасида тадқиқот олиб бораётган Александр Содиқов хорижий давлат кўрсатмаси ва молияси ёрдамида ушбу амалга қўл урган.

Александр Содиқов маҳаллий фаоллардан бири Олим Шерзамонов билан учрашувидан сўнг ҳибсга олинган.

Хавфсизлик Қўмитасининг даъво қилишича, июн ойининг 10 куни Александр Содиқов Душанбедаги хорижий давлат элчихоналаридан бирида дипломатик мақом остида ишловчи шахс резиденциясида у билан учрашиб, махсус вазифани бажариш учун кўрсатма ва молия олган.

Хавфсизлик қўмитасига кўра, бу кўрсатма фаол Олим Шерзамонов билан учрашиб, ундан жосуслик маълумотларини олишни назарда тутган.

Охирги йилларда Торонто Университетида тадқиқот ишлари билан шуғулланиб келган Александр Содиқов "Global Voices Online" ижтимоий матбуот саҳифасининг Марказий Осиё бўлими модератори бўлиб, унинг мақола ва блоглари "Tajikistan Monitor" вебсаҳифасида мутассил равишда нашр қилиб келинган.

Би-би-си билан суҳбатда Бадахшондаги Сиёсий-демократик партия бўлинмаси раҳбари Олим Шерзамонов Александр Содиқов билан учрашув мобайнида фақатгина минтақада рўй бераётган охирги ҳодисалар ҳақида суҳбатлашганини айтди.

Жаноб Шерзамонов Александр Содиқовнинг ҳибсга олинишини Хоруғдаги мухолифат вакилларига қарши тазйиқларнинг давом этаётгани белгиси сифатида кўришини айтди.

Шу йил май ойида Хоруғда полиция кучлари ва бир неча хоруғлик ўртасида бўлиб ўтган отишмада бир полиция зобити дохил уч киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланганди. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли полиция ва марказий ҳукумат амалларига қарши норозилик намойишларига чиқиб, полиция идорасига ўт қўйганди.

Бундан аввал ҳам Бадахшонда йиллар мобайнида қуролли тўқнашувлар ва таниқли шахс, мараказий ҳукуматга бўйсунмаслиги айтилган собиқ дала қўмондонларининг ўлдирилиши рўй бериб келган.

Хоруғ ва Душанбедаги ҳукумат ўртасида муносабатлар ҳамиша таранг бўлиб келган.

Александр Содиқовнинг ҳибсга олиниши Интернетдаги ижтимоий тармоқларда танқид остига олиниб, унинг озод қилиниши йўлида кампания бошланган.

Александр Содиқовнинг илмий раҳбари профессор Жон Ҳезершоу "Азия-плюс" хабар агентлигига берган интервьюсида унинг фақатгина минтақадаги можароларни ечишга қаратилган илмий фаолият билан шуғулланиб келганлигини айтган.

"Александр Содиқовнинг ҳибсга олиниши иштибоҳ бўлган ва умид қиламанки, у тез орада ўз оиласи бағрига қайтади", деб айтган профессор Ҳезершоу.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ