Душанбе жосусликда гумонланган тадқиқотчи ҳақида маълумот бермаяпти

Image caption Тадқиқотчининг қаердалиги номаълум қолмоқда

Американинг Freedom House инсон ҳақлари ташкилоти расмий Душанбедан тожикистонлик тадқиқотчи Александр Содиқовнинг қаерда ушлаб турилгани борасида маълумот беришни талаб қилган.

Британиядаги Экзетер (Exeter) университети тадқиқотчиси Александр Содиқов Тожикистон махсус хизматлари томонидан уч кун муқаддам жосусликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганди.

Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси чиқарган баёнотда айтилишича, минтақавий муаммо ва можаролар соҳасида тадқиқот олиб бораётган Александр Содиқов хорижий давлат кўрсатмаси ва молиявий ёрдамида ушбу амалга қўл урган.

Бироқ унинг қайси мамлакат манфаатига жосуслик қилгани баёнотда очиқланмаган.

Би-би-си тожикистонлик тадқиқотчи ва блоггер Александр Содиқовнинг илмий раҳбари Жон Ҳезершоу (John Heathershow) билан боғланиб ундан шогирдининг тақдири ҳақида сўраган.

Жон Ҳезершоу: Мен Александрнинг Бадахшон вилоят телевизиони орқали кўрсатилгани ҳақида эшитдим. Телевизиондаги лавҳа жиддий таҳрир қилинган. Лавҳада у хорғин ва афтидан гапиришга мажбурлангандек намоён бўлган. Биз Александр ҳибсга олинганидан буён қаерда ва қандай шароитларда ушлаб турилгани ҳақида бирор гап эшитганимиз йўқ. Александрнинг ўзи билан ҳам алоқага чиқиш имкони бўлмади.

Би-би-си: Бизга аввалига Александрнинг озод қилингани ҳақида хабарлар келди, лекин бу хабарлар кейинчалик нотўғри бўлиб чиқди. Сизда унинг қаерда ушлаб турилгани борасида бирор маълумот борми?

Image caption Жон Ҳезершоу: Александр Содиқов тадқиқотчидир!

Жон Ҳезершоу: Билмайман. Биз турли миш-мишларни эшитдик, аммо унинг қаердалиги ҳақида расмий баёнот чиқарилгани йўқ. Билишимизча, у ҳозирга қадар адвокат билан учраша олмаган. Биз унга адвокат берилиши шарт, деб ҳисоблаймиз. Мен Тожикистон президентининг маслаҳатчиси, Хайруллоев жаноблари "Александр Бадахшонда илмий тадқиқот олиб борганига ишонаман", деб айтганини эшитдим. Бу тўғри гап. Мен ҳукуматни терговни тугатиб, унинг илмий тадқиқотчи экани ва у ҳеч қандай сиёсий фаолиятда бўлмагани ҳақида хулоса чиқаришга чақирган бўлардим.

Би-би-си: Сиз ҳам Тожикистонга борган экансиз. У ерда нима қилдингиз?

Жон Ҳезершоу: Мен "Марказий Осиёда пайдо бўлаётган кучлар ва можароларни бартараф этиш" номли илмий лойиҳам юзасидан тадқиқотлар олиб бориш учун Александр билан бирга Тожикистонга боргандим. Бу илмий иш Британиядаги Илмий Тадқиқотлар Кенгаши томонидан лойиҳаланган. Биз Тоғли Бадахшонда вазиятни ўрганаётган эдик. Бу иш Бадахшонда яқинда юз берган можарони бартараф этишда давлат ва фуқаровий жамият фаоллари иштироки мавзуси атрофида эди. Биз можаро қандай юз бергани ҳақида маълумот тўплаш учун жамоат арбоблари билан учрашишимиз керак эди. Александр ҳибсга олинган пайти фаол Олим Шерзамонов билан учрашаётган бўлган.

Би-би-си: Тожикистон махсус хизматларининг даъволарига Тожикистондаги Британия элчихонасининг муносабати қандай бўлди?

Жон Ҳезершоу: Мен Британия элчилиги ўрнига гапира олмайман. Чунки мен тадқиқотчи олимман. Британия элчихонаси фикрини билмоқчи бўлсангиз, уларнинг ўзи билан гаплашишингиз керак. Илмий лойиҳамизнинг Британия элчихонасига алоқаси йўқ. Экзетер университети лойиҳасига Британия ҳукумати алоқадор эмас. Британия элчихонасиа менга Британия фуқароси сифатида ёрдам берди, аммо бизнинг лойиҳамизни молиялагани йўқ.

Би-би-си: Аммо Александр Содиқовни озодликка чиқариш учун Британия ҳукумати ҳаракат қилаяптими?

Жон Ҳезершоу: Британия ҳукумати бу масалага аралашгани йўқ. Чунки Александр Британия фуқароси эмас.

Би-би-си: Шу ой бошида бир гуруҳ аёллар Британия элчихонаси биноси ўнгида намойиш ўтказишганди. Бу ҳодиса ва Александрнинг ҳибсга олиниши ўртасида алоқа борми?

Жон Ҳезершоу:Мен мазкур ҳодиса ёки унинг Александрнинг ҳибсга олинишига алоқаси борасида ҳеч нарса билмайман.

Би-би-си:Сизнинг назарингизда Александрнинг ҳибсга олиниши нима учун катта муаммога айланди?

Жон Ҳезершоу: Билмайман. Бу менга қоронғу. Мен ўхшаш тадқиқотларни Тожикистонда ўн бир йилдан буён ўтказиб келаман ва ҳозиргача бирон марта бўлсин бундай муаммога дуч келмагандим. Бу илмий иш ва унинг кимгадир зиён етказишини тасаввур ҳам қила олмайман. Александр қилаётган ишнинг ҳеч қандай сирли жойи йўқ эди ва биз ҳеч нарсани яширганимиз йўқ. Мен Бадахшонда вазият ҳозир анча танглигини биламан. Лекин биз сиёсатга аралашганимиз йўқ. Биз жамоатчилик фикрини ўрганаётгандик ва унинг нима учун қандайдир сиёсий фаолият юритганликда гумон қилинаётганини тушуна олмайман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002