Чегара билмас мухбирлар: "Александр Содиқов озод этилсин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Александр Содиқовни жосусликда гумон қилишмоқда

Халқаро Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Тожикистонда 16 июнда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган тожик блоггери ва университет тадқиқотчиси Александр Содиқовни озод қилишга чақирмоқда.

2012 йилдан бери Торонтода яшаган инқирозларни бартараф этиш соҳаси бўйича тадқиқотчи Содиқов Тоғли Бадахшон вилоятининг Хороғ шаҳрига борган. У маҳаллий фаоллардан Олим Шерзамонов билан суҳбат қилганидан сўнг ғойиб бўлган.

Уч кун давомида ҳеч қандай дараги берилмаган Содиқов ҳибсга олингани ва Душанбега олиб кетилгани ҳақида Миллий Хавфсизлик қўмитаси 19 июндагина эълон қилган.

Содиқов Тожикистонда туғилган ва 10 йил давомида халқаро мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларда ишлаган.

2012 йилдан Торонто университетининг тадқиқотчиси сифатида Канадада яшаб келган.

Содиқов ўзининг шахсий блогида Тожикистон ва қўшни давлатлардаги сиёсий ва ижтимоий масалалар ҳақида кузатишларини ёритиб келган.

Александр Содиқов Хороғга Британиянинг Экзетер университети томонидан ўтказилаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф қилиш лойиҳаси бўйича сафар қилган.

Содиқов ҳибсга олингач, хавфсизлик ходимлари унинг онаси уйида тинтув ўтказишади ва Содиқовнинг компютерини олиб кетишади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасига Содиқов ҳамкорлик қилган Экзетер университети унинг тадқиқоти ҳақида маълумот тақдим қилганига қарамасдан, уни хорижий давлат фойдасига жосуслик қилишда гумон қилишмоқда.

Фаолларга кўра, 18 ва 19 июн кунлари Давлат телевидениеси орқали тергов жараёнидан кескин таҳрир қилингани сезилиб турган видеосини намойиш этган. Видеода Содиқов босим остида жавоб бергани сезилган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, ушбу видео лавҳа мухолиф фаоли Шерзамоновга ҳам босим ўтказиш учун тайёрлангандек тасаввур уйғотган.

Чегара билмас мухбирлар баёнотида Содиқовдан бемаъни айбловлар олиб ташланиб, тезликда озодликка чиқарилиши кераклиги айтилади.

Ҳукумат ўз танқидчилари овозини ўчиришни ва ўч олаётганини оқлашни бас қилиши керак, дейилади баёнотда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов 19 июнда қилган чиқишида Тожикистонга нодавлат ташкилотлар ниқоби остида хорижга ишловчи жосуслар таҳдид солаётганини айтган.

10 июндан буён Тожикистонда YouTube, Google ва бошқа бир қатор интернет тармоқларига тўсиқлар қўйилган.

Хоруғда 2012 йил июл ойида маҳаллий фаоллар ва ҳукумат кучлари ўртасида юз берган тўқнашувдан кейин ўз манфаатларига зид ахборот тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат матбуот ва интернетга назорат ўрнатган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ