Ашхабодликлар кондиционерлар олиб ташланишига қарши чиқишди

"Хроники Туркменистана" сайтига кўра, кеча 20 июнда Ашхобод шаҳридаги 7- микрорайонда аҳоли ва ҳукумат вакиллари орасида тўқнашув юз берган.

Инсон ҳақлари фаоли Фарид Тухватуллиннинг Би-би-сига тасдиқлашича, воқеага Ашхобод шаҳар ҳокимлигининг туман аҳолисидан уйлардаги кондиционерларни олиб ташлашни буюргани сабаб бўлган.

Ҳокимият вакиллари кондиционерлар бинонинг ташқи кўринишини бузиб турганини айтганлар.

Бундан олдин ҳам расмийлар уйларнинг балконларига кир осмасликни, турли буюмларни ташқарига қўймасликни буюришган. Шунингдек, шаҳар марказидаги уйларга телевизион антенналари ўрнатиш ҳам маън қилинганди.

Фарид Тухватуллинга кўра, "ашхободликлар учун амалдорларнинг бундай ажабтовур кўрсатмалари янгилик ҳисобланмаса ҳам, ҳавонинг энг жазирамасида, ўртача ҳаво ҳарорати 45 даражани ташкил қилган пайтда бундай бемаъни талабнинг қўйилиши одамларнинг сабр-косасини тўлдирган".

Натижада кондиционер олиб ташлаш талаб қилинган кўп қаватли уй яшовчилари норозиликларини билдириш учун йиғилганлар.

Маълумотларга биноан, тахминан 70-80 киши-аёл ва эркак ҳокимият қароридан ғазабланиб, кўчага чиққан. Норозилик акцияси олдиндан режалаштирилмаган, шу боисдан воқеа жойига хавфсизлик ходимлари етиб келиши ҳам кутилмаган ҳодиса бўлган.

Милиция ходимларини кўрган одамлар баттар ғазабга миниб, уларга қарши тошлар отганлар.

Воқеанинг кенг тус олишидан қўрққан ҳокимият вакиллари одамларни тинчлантиришга уринган ва кондиционерларнинг жойида қолишига ваъда берган.

Бироқ, Фарид Тухватуллиннинг айтишича, айни пайтда Миллий Хавфсизлик ходимлари воқеа ташкилотчиларини суриштираётгани ҳақида хабарлар бор.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02