HRW: "Роғун ГЭСи туфайли кўчирилганлар ҳуқуқлари топталаяпти"

Image caption ..."Бу ернинг тупроғи шўрланган экан, деворларни "тўкиб ташлаяпти", дейди ўқитувчи Салима.

Нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ҳюман Райтс Вочга кўра, Роғун тўғони ва гидроэлектростанция Тожикистоннинг ўта абгор электр тақчиллиги муаммосини ҳал этиши мумкин, аммо шу билан бирга у 42 мингдан ошиқ оилаларнинг ўз уйларидан кўчирилиб, рўзғорлари остин-устин бўлиши хавфи бор.

Ҳисобот шу кунгача бир ярим минг оила кўчирилгани айтади. Унга кўра, кўп оилалар ҳукумат уларга етарлича товон пулини тўламагани ва улар янги ҳудудларда ишлашга ер ёки фарзандларига мактаб топа олмай қийналаётганларини айтганлар.

Би-би-си Ҳюман Райтс Вотчнинг Душанбеда бўлган тадқиқотчиси Франческа Корбачодан унинг ташкилотини нималар хавотирга солаётганини сўради.

Корбачо: Бизнинг хавотирларимиз учта нарсадан иборат. Биринчидан, биз кўчирилган оилаларга ҳукумат тўлаётган товон пулидан хавотирдамиз. Ўйлаймизки, бу уларнинг аввалги турмушлари ва рўзғорларини қайта тиклашга етарли эмас. Ҳукумат бу оилаларнинг қанча ерлари ёки қанча чорваси кўчиш туфайли йўқотилганини ҳисобга олмаган. Иккинчи хавотиримиз шуки, мана шу йўқотилган ерлар ва йўқотилган чорва кўчирилган оилаларнинг турмушига салбий таъсир қилаяпти. Биз билан суҳбатда бўлган жуда кўп одамлар, яшаш қийинчиликлари туфайли аксар чорва молларини сотишга мажбур бўлганлари ва уларга қарай олмаганларини айтиб беришди. Бир аёл менга аввал ўнта сигири бўлгани, энди фақат биттаси қолганини айтди. Бу оилалар тўғон қурилишидан олдин ўз чорва моллари, мева ва сабзавот боғлари, ва шийпонларига таяниб яшаганлар. Янги кўчган жойларида бу нарсалар йўқ. Ҳукуматнинг оилаларни кўчириш бўйича режаси мана шу жиҳатларни ҳисобга олмаган. Учинчидан эса, бу жараён қандай олиб борилаётгани яхши кузатилмаяпти ва одамларга маълумот етказилмаяпти. Масалан, кимдир қўшимча ер учун ариза бермоқчи бўлса, бунга рухсат борми ёки қўшимча ернинг ўзи борми, ҳеч ким билмайди. Баъзи ҳолларда ҳукумат зироат ерларини ажратган, лекин кўчирилган оилалар бундан бехабарлар.

Би-би-си: Ҳисоботингизда Роғун лойиҳасини Жаҳон Банки қўллаб қувватлаётгани айтилади. Нима учун Жаҳон Банки оилалар кўчирилиши жараёнини яқиндан кузатмаяпти ва бу жараён халқаро мезонларга мос равишда олиб борилишини таъминламаяпти?

Корбачо: Жаҳон Банки бу тўғон қурилишининг экологик ва ижтимоий таъсири борасида ҳисобот чиқарди. Унда лойиҳанинг инсонлар ҳаётига қандай таъсир қилиши ўрганиб чиқилган. Унда ҳам оилалар кўчирилиши жиддий муаммо бўлиши тан олинади. Жаҳон Банки шу кунгача кўчирилган оилаларнинг турмушларига қандай таъсир ўтказилгани борасида янги ҳисобот устида ишлаяпти, лекин ҳозирча уни якунлагани йўқ. Гап шундаки, Жаҳон Банки дунёнинг бошқа жойларида ҳам шу қадар йирик гидроэлектростанция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган, лекин бунинг инсон ҳуқуқларига қандай таъсир этишини ҳисобга олмаган. Масалан, Жанубий Африкада тўғонлар қурилиши туфайли маҳаллий халқлар турмушлари бузилган ва ҳуқуқлари топталган. Жаҳон Банки, шунинг учун ҳам охирги пайтларда бундай катта тўғон лойиҳаларидан ўзини йироқлаштиришга уринаяпти.

Би-би-си: Аммо, айни дамда, Роғун узоқ муддатда Тожикистондаги электр тақчиллиги муаммосини ҳал этиб, миллионлаб одамларнинг турмушини яхшилаши кутилади. Шундай экан, 40 минг оиланинг турмуши бузилиши мана шундай йирик мақсад йўлида қилинган кичик бир қурбонлик деб кўрилиши керак эмасмикан?

Корбачо: Биласизми, бу жуда яхши иддао. Роғун ҳақиқатдан ҳам бу мамлакатга кўп бойлик олиб келиш салоҳиятига эга. Лекин, шундай бўлса-да, бу лойиҳани амалга оширишда унинг учун бутун бошли рўзғорларини қурбонлик қилган оилаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш керак. Бу оилалар ҳаммадан кўра кўп қурбонлик келтиришаяпти Роғун лойиҳаси учун. Биз Роғун қурилишига қарши ҳам эмасмиз, унинг қурилишини дастакламаймиз ҳам. Гап бунда эмас. Гап, лойиҳа қандай амалга оширилмасин, у туфайли жабр чекаётган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ