Халқаро Амнистия Александр Содиқовни зудлик билан озод қилишга чақирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Расмийлар Содиқовни жосусликда гумон қилишмоқда

Халқаро Амнистия Интернейшл ташкилоти 16 июндан бери ҳибсда қолаётган олим Александр Содиқовнинг зудлик билан озод этишга чақирган.

Ташкилотга кўра, олим "виждон тутқунидир".

Айрим матбуот хабарларида, тожикистонлик ёш олимнинг " давлатга хиёнат"да айбланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Халқаро Амнистия Александр Содиқовни Тожикистон ҳукумати ҳеч бир шартсиз ва дарҳол озод этилишини талаб қилишмоқда.

Ғарблик олимлар ва фаоллар ҳам айни шундай чақириқлар билан Душанбе расмийларига мурожаатномалар йўллашмоқда.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Александр Содиқов бўйича чиқарган баёнотида, Тожикистон ҳукумати қамоқда қолаётган олимнинг ҳимоячи билан чекланмаган ва хос учрашувларига изн бериши талаб қилинади.

Шунингдек, ташкилот Александр Содиқовнинг ҳибсда экан қийноққа солинмаслиги кафолатланиши керак деб талаб қилган.

Куни кеча нуфузли Халқаро Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам жосусликда айбланиб ҳибсга олинган Александр Содиқовни озод қилишга чақирган эди.

Шу йил июн ойи икки йилдан бери Торонтода яшаб келган инқирозларни бартараф этиш соҳаси бўйича олим Содиқов Тоғли Бадахшон вилоятининг Хоруғ шаҳрига борган.

У маҳаллий фаоллардан Олим Шерзамонов билан суҳбат қилганидан сўнг ғойиб бўлган.

Уч кун давомида ҳеч қандай дараги берилмаган Содиқов ҳибсга олингани ва Душанбега олиб кетилгани ҳақида Миллий Хавфсизлик қўмитаси 19 июндагина эълон қилган.

Александр Содиқов ўзининг блогида Тожикистон ва қўшни давлатлардаги сиёсий ва ижтимоий масалалар ҳақида кузатишларини ёритиб келган.

Александр Содиқов Хороғга Британиянинг Экзетер университети томонидан ўтказилаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф қилиш лойиҳаси бўйича сафар қилган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасига Содиқов ҳамкорлик қилган Экзетер университети унинг тадқиқоти ҳақида маълумот тақдим қилганига қарамасдан, уни хорижий давлат фойдасига жосуслик қилишда гумон қилишмоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов 19 июнда қилган чиқишида Тожикистонга нодавлат ташкилотлар ниқоби остида хорижга ишловчи жосуслар таҳдид солаётганини айтган.

10 июндан буён Тожикистонда YouTube, Google ва бошқа бир қатор интернет тармоқларига тўсиқлар қўйилган.

Хоруғда 2012 йил июл ойида маҳаллий фаоллар ва ҳукумат кучлари ўртасида юз берган тўқнашувдан кейин ўз манфаатларига зид ахборот тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат матбуот ва интернетга назорат ўрнатган.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон ҳукумати сўнгги йиллар ўзгача фикрловчилар, мустақил журналистлар ва мухолифатга нисбатан ўта қаттиққўл усулларни қўллашмоқда.

2010 йилда Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ҳам экстремистик диний гуруҳга алоқадорликда айбланган ва аксарият маҳаллий ҳамда халқаро кузатувчиларга кўра, маҳкама унга қўйилган айбловларни исботлай олмасдан расмийлар босими остида ҳукм чиқаришга мажбур бўлган эди.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ