Марказий Осиё: қисқа сатрларда

Қозоғистон: Гитлер тарғиботи учун жарима

Алмати шаҳар маҳкамаси "Аныз адам" журнали муҳаррири Жарилкап Калибой устидан 13 миллион тенге жарима тӯлаш ҳукмини чиқарди.

Бу иш қозоғистонлик 13 нафар Иккинчи Жаҳон уруш иштирокчиси аризасига кӯра кӯриб чиқилди, дея хабар берилади Kazakhstan Today.

Маҳкама, шунингдек, Ж. Калибойни оммавий тарзда узр сӯрашга вазифадор этган.

Лекин муҳаррирнинг ӯзи маҳкама ҳукмига рози эмаслигини ва шикоят ёзишини билдирган.

Уруш қатнашчилари норозилигига журналнинг жорий йил апрел сони сабаб бӯлган.

У туғилган кунининг 125-йиллиги муносабати билан тӯлалигича Адолф Гитлерга бағишланган.

Журналда немис-фашист диктатори ӯз халқининг ҳуқуқи учун курашган буюк тарихий шахс сифатида тасвирланган.

Айниқса, қозоғистонлик ӯқувчиларни "Гитлер - фашист емес" ("Гитлер – фашист эмас") мақоласи ғазабга келтирган.

Жамоатчиликнинг фикрича бу каби материалларни босиш фашизм тарғиботидан бошқа нарса эмас.

Журналда Гитлернинг дӯсти Август Кубичекнинг у ҳақдаги ҳикоялари, шунингдек "Майн Кампф" асаридан парчалар берилган.

Журнал Гитлернинг турли йиллардаги суратлари билан безатилган.

Шунингдек, бу журналда Муссолини каби фашист диктаторлари ва фашизмга қарши курашган Иосиф Сталин, Уинстон Черчилл, Франклин Рузвельт ва Шарл де Голлнинг таржимаи ҳоллари берилган.

25 мингдан ортиқ нусхада тарқаладиган журналнинг саҳифаларидан бирида "Сиз учун Гитлер қандай шахс?" деган савол берилган.

Қирғизистон: деярли ҳар икки боладан бири камбағал

Қирғизистондаги болаларнинг 45 фоиздан кӯпроғи камбағалликда яшайди.

Бу маълумотлар мамлакат миллий статистика қӯмитаси томонидан келтирилган.

Бу борада болалар меҳнатидан энг ёмон шаклларда фойдаланиш ҳолларини йӯқотиш учун идоралараро мувофиқлаштириш ва кучларни бирлаштиришни мустаҳкамлашга бағишланган давра йиғинида айтилган.

Болалар меҳнатидан энг кӯп фойдаланиш ҳоллари Бишкек шаҳрида кузатилгани айтилган.

Болаларни ишлатишга кӯпроқ ички муҳожирлик сабаб бӯлаётгани таъкидланган, дея ёзилади «24.kg» Ахборот агентли веб-сайтида.

Давра йиғини қатнашчилари болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолларини йӯқотиш учун бу муаммога давлат ёндашуви зарурлигини ва махсус дастур йӯлга қӯйилиши кераклигини айтишган.

Туркманистон: Бердимуҳаммедов – "Дунёда тан олинган йӯлбошчи"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туғилган кунига мамлакат ноширлари янги совға тайёрлашди.

Унинг фаолиятига бағишланган "Дунёда тан олинган йӯлбошчи" китоби нашрдан чиқди.

Туркманистон Ахборот агентлигининг хабар беришича шу муносабат билан Дашогуз вилояти ҳокимлиги биносида янги китоб тақдимоти бӯлиб ӯтган.

Тақдимотда Туркманистон ҳукумати аъзолари, мамлакат парламенти депутатлари, вазирликлар ва ижтимоий ташкилотлар вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, журналистлар, талаба ёшлар, шунингдек, чет эллик меҳмонлар қатнашишган.

Китобда турли мамлакатлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик арбоблари, маданият ва санъат вакиллари, ишбилармонлар – Бердимуҳамедов билан учрашган, ё унинг чиқишларини эшитган кишиларнинг Туркманистон борасидаги фикрлари жамланган.

Тожикистон: Душанбе шаҳри раисининг тожирларга ишончи қолмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Душанбе шаҳар раиси Маҳмадсаид Убайдуллаев кенгайтирилган йиғилишлардан бирида сӯзлаб, Рамазон ойида озиқ-овқат нархи кӯтарилиб кетганидан ташвиш билдирган.

Бу борада Душанбе шаҳар матбуот маркази хабар берган.

Маҳмадсаид Убайдуллаев бу йил Рамазонда тожирларнинг имон-инсофига ишонгани ва озиқ-овқат нархи ошиши олдини олиш учун тадбирлар қӯлламаганини айтган.

Бироқ сӯзи билан иши бир-бирига тӯғри келмаган айрим тожирлар, ишбилармонларнинг ҳеч бир асоссиз нарх-навони ошириб, истеъмолчилар ҳуқуқини поймол қилишгани кузатилган.

Ӯтган йили Душанбе шаҳар раиси зарур озиқ-овқат маҳсулотлари учун Рамазон ойида аниқ нархларни белгилаб қӯйганди.

Озиқ-овқат савдосида бу нархларни оширмаслик назорат қилинганди.

Бу йил Душанбе шаҳар ҳукумати муборак Рамазон ойида тожирлар ва ишбилармонларни 20 хил озиқ-овкат маҳсулоти, жумладан, гӯшт, ун, нон, ёғ, шакар, сут, тухум, мева ва сабзавот нархини 10 фоиздан арзонлаштиришга чақирганди.

Сотувчилар ва ишбилармонлар имон-инсофга, Рамазон савобини олишга чорланганди.

Лекин гӯшт нархини туширишни истамаган айрим қассоблар дӯконларини ёпиб қӯйишган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам Рамазон ойида озиқ-овқат, жумладан, гӯшт нархини сунъий ошириш олдини олиш учун масъул шахсларга топшириқ берган, дея хабар беради Озодагон вебсайти.