Марказий Осиёда гиёҳванд савдосини ким назорат қилади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Афғонистон ҳамон афюн етиштириш бўйича дунёдаги етакчи мамлакат сифатида қолмоқда

Афғонистон ва собиқ Шўро давлатлари ўртасидаги алоқалар, гиёҳванд моддалар савдосига кўз юмганда, қуйи даражадалигича қолмоқда. Айни хулосага "Ҳамкорлик ва изоляция оралиғида: Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар" деб номланган ҳисобот муаллифлари келганлар.

Ҳисоботда Афғонистон ҳамон афюн етиштириш бўйича дунёдаги етакчи мамлакат сифатида қолаётгани таъкидланган.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва Жиноятчиликга қарши кураш агентлигига кўра, 2012 йилда дунё бўйлаб етиштирилган гиёҳванд моддаларнинг 74 фоизи Афғонистон ҳисобига тўғри келган.

"Афғонистондан чиқадиган гиёҳванд моддалар савдоси учун шимолий йўл Марказий Осиёдан ўтади. Савдонинг катта қисмини Тожикистон назорат қилади", дейилади "Ҳамкорлик ва изоляция оралиғида: Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар" деб номланган ҳисоботда. Ва айнан гиёҳванд савдоси Афғонистонда давом этаётган қарама-қаршиликларнинг қўшни Марказий Осиёга ўтаётгани кўриниши сифатида таърифланади.

Ҳисобот муаллифлари Кристиан Блер (Christian Bleuer) ва Саид Ризо Козимийга кўра, бу нафақат Афғонистондаги, балки собиқ Шўро республикаларидаги давлат ва давлатга алоқадор бўлмаган ўйинчиларга фойда келтиради.

"Кенг миқёсдаги хабарлар Марказий Осиёда террорчилик ва гиёҳванд моддалар савдоси қаттиқ боғланган деган даъволарни ўртага ташлайди", дейди улар.

Айни пайтда Россиянинг гиёҳванд савдосига қарши кураш бўйича энг юқори мартабали мулозими Виктор Ивановнинг 2010 йил Исломий жангарилар ва гиёҳванд моддалар савдогарлари ўртасида иттифоқчилик пайдо бўлаётгани ва улар Марказий Осиё ҳукуматларини ағдариш мақсадида якдил эканлари борасида огоҳлантиргани тилга олинган.

"БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва Жиноятчиликга қарши кураш агентлиги раҳбари ҳам худди шундай даъвони қилганди", дейилади ҳисоботда.

Айтилишича, Қўшма Штатлардаги ички ҳужжатлар ҳам айрим Америка сиёсатчилари гиёҳванд моддалар ва терроризм ўзаро боғлиқ деган қарашда эканига ишора қилган.

Иқтибос келтирилишича, экстремист гуруҳлар кўпда ўз мақсадлари йўлида "гиёҳванд савдосидан тушадиган даромад"дан фойдаланишади.

АҚШ элчилиги ёзишмаларидан бирида Қўшма Штатлар ҳарбийлигининг Тожикистон орқали ўтадиган гиёҳванд моддалар савдосидан хавотирлари аниқ акс этган. Айни хавотирлар манзарасида Америка Тожикистон билан хавфсизлик бўйича ҳамкорликлар, мамлакат махсус кучларини тайёрловдан ўтказишни йўлга қўйган.

Аммо, Марказий Осиё бўйича мустақил таҳлилчилар Исломчилар ва террорчи ташкилотлар ўз фаолиятлари учун гиёҳванд моддалардан фойдаланишлари борасидаги далиллар заифлигини айтишади. Уларга кўра, бу каби гуруҳларнинг гиёҳванд савдосига алоқаси ўта паст даражада ва ё умуман йўқ дейиш мумкин. Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Марказий Осиёдаги Исломий террорчи гуруҳлар бўйича тадқиқотларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 1990 йилларда гиёҳванд моддалар савдосига иштирок этган бўлиши мумкин, бироқ ҳозир ЎИҲнинг мазкур савдо назоратига таъсири агар бўлса ҳам ўта паст даражада эканини кўрсатган.

Ҳисоботда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича тадқиқотчининг фикрлари келтирилган. Алишер Латиповга кўра, Марказий Осиёда одамлар ҳуқуқ-тартибот органлари, қамоқхона ва хавфсизлик нозирлари гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига иштирок этишларини яхши тушунишади. Айни дамда ҳукумат минтақадаги гиёҳванд моддалар савдоси ортида террорчи ва экстремист гуруҳлар турганини даъво қилади.

Бундан ташқари ҳисоботда Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари халқаро молиявий ёрдамлар ундириш мақсадида гиёҳванд моддалар исёнкорлар ва Исломий гуруҳларни молиялаётгани борасидаги даъволарига урғу беришлари айтилган. Ҳукуматлар шу йўл билан ўзларининг гиёҳванд моддалар савдосига иштироклари, шафқатсиз бошқарувдан эътиборни чалғитиш, ўз бюджетлари ва ҳатти-ҳаракатларини оқлашда фойдаланишлари қўшимча қилинган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Оврўпо Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Қўшма Штатлар ва Россия Марказий Осиёдаги гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича турли ташаббусларни молиялаб, дастаклайди, бироқ бу дастурлар биронтаси ҳам сезиларли таъсирга эга бўлмаган. Ё-да, бу ёрдамлар коррупцияга ботган маҳаллий хавфсизлик кучларини кичик, мустақил ва баъзан йирикроқ савдогарларни йўқ қилиш амалиётларигина дастаклайди.

"Натижа эса, давлат билан... келишган уюшган жиноятчиларнинг гиёҳванд моддалар савдоси устидан назоратини мустаҳкамлаш бўлади...", дея қўшимча қилинади ҳисоботда. Айниқса, Тожикистонда хориж молиявий ёрдамлари ва дастаги қудрат вазирликлари (миллий хавфсизлик хизмати, полиция ва ҳарбийлар) деб аталмиш органларни қувватлантириши ҳам қайд этилади.

"Ҳукумат ва хавфсизлик хизматларидаги қудратли шахслар уюшган жиноятчилар раҳбарлари билан билан давлат заҳиралари ва тузилмаларини гиёҳванд моддалар савдосига кўмаклашиш ва ё назорат қилишда қўллайдилар". Ва мазкур ҳолат Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарасида жойлашган 8 вилоятига ҳам хос экани тилга олинади. Афғон маъмуриятидаги марказий ва маҳаллий доирадаги асосий ўйинчилар гиёҳванд моддалар савдогарларини ҳимоя қилишлари, маҳкама жараёнларига аралашишлари ва ҳибс қилинган жиноятчиларни алал-оқибат қўйиб юборилиши каби ҳолларда қўллари борлиги гумон қилинади.

Ҳисоботда Ўзбекистондаги вазиятни кўриш қийинлиги, лекин оз бўлса-да, қўлга киритилган маълумотлар гиёҳванд моддалар савдогарлари ҳукуматдаги хавфсизлик бўйича юқори мартабали расмийлар билан алоқаси борлиги эҳтимолига ишора қилади.

Муаллифлар Туркманистондаги гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ вазиятни ҳам таҳлил қилиш қийинлигини айтишган. Аммо, у ерда ҳам давлат мулозимларининг мазкур савдога алоқаси борлиги назардан буткул соқит қилинмайди.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ