Олма-ота 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларига расман даъвогар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Almaty2022.org

Халқаро Олимпия Қўмитаси, IOC нинг маълум қилишича, Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳри Осло ва Пекин билан бир қаторда 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш учун расман номзод шаҳарлар қаторига киритилди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бахнинг матбуот анжуманида билдиришича, "Ижроия қўмитаси Осло, Пекин ва Олма-отани 2022 йилги Қишки Олимпия ўйинлари учун расман номзод шаҳарлар сифатида танлаб олди".

Стокголм, Краков ва Львов шаҳарлари ҳам дастлаб Қишки ўйинларни ўтказиш учун ариза бергандилар, лекин кейинчалик аризаларини қайтариб олганлар.

Олимпия Қўмитаси баёнотида айтилишича ҳозирда расман рўйхатга киритилган шаҳарлар ўзларининг бетакрор шарт-шароитларидан келиб чиқиб, Ўйинларни ўтказиш учун ўзига хос режани тақдим этишлари талаб қилинганди.

Баёнотда қайд этилишича, Олма-ота Ўйинларни ўтказиш билан шаҳарни Марказий Осиёнинг спорт, туризм ва анжуманлар марказига айлантириш режасини тақдим этган.

"Ижроия Қўмитаси ҳар шаҳар томонидан тақдим этилган Ўйинлардан кейин мерос қолувчи қадриятлар ғоясини хушнудлик билан қабул қилган ва уларнинг Олимпия ўйинларини ўтказиш интилишларини қўллаб-қувватлашда давом этади", деди IOC Президенти.

IOC шунингдек, Ўйинларни ўтказувчи келгуси манзил ажратилган маблағ доирасида қола билиши, ёки Сочидаги Олимпия ўйинларида бўлганидек ҳатто молиявий фойда келтиришига умид билдирган.

Эндиликда номзод шаҳарлар 2015 йил январ ойига қадар Олимпия Ўйинларини ўтказишнинг муфассал лойиҳасини тақдим этишлари керак бўлади.

IOC га кўра, ҳар бир Олимпия Ўйинларини ўтказиш учун молиявий кўмак беради, лекин Миллий Олимпия Қўмиталари маблағнинг аксар қисмини шахсий манбалардан оладилар.

Масалан, Сочидаги Қишки Олимпия Ўйинларини ўтказиш учун Қўмита ҳаммаси бўлиб 750 миллион америка долларида маблағ ажратган.

Сочидаги Ўйинлар учун масъул "Олимпстрой"нинг маълум қилишича, Қишки Олимпия Ўйинларини ўтказиш учун ҳаммаси бўлиб 45 миллиард америка долларига тенг маблағ сарфланган ва бу Олимпия Ўйинлари тарихидаги энг "қимматга тушган" ўйин сифатида кўрилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02