Москва: қурбонлар хотирасига мотам эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Euronews
Image caption Россия телеканаллари метродаги издиҳом саҳналарини намойиш этган

Расмийларга кўра, Москва метросида поезднинг издан чиқиб кетиши натижасида камида 20 киши ҳалок бўлган, 160 дан ортиқ одам яраланган, улардан 42 нафарининг аҳволи жиддий экани айтилади.

Москва ҳокими Сергей Собянин 16 июлни қурбонлар хотирасига мотам куни деб эълон қилган.

"Парк Победы" ва "Славянский бульвар" бекатлари оралиғида юз берган ҳодиса Москва метросининг 80 йиллик тарихидаги энг жиддий ҳалокат деб кўрилмоқда.

Бирданига бир неча вагоннинг релсдан чиқиб кетишига олиб келган ҳодисанинг аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Расмийлар террорчилик ҳужуми содир этилгани ҳақидаги фаразни истисно қилишмоқда.

Журналистларнинг метродан портлаш бўлганми, деган саволига шаҳар ҳокимининг муовини Пётр Бирюков "йўқ, бўлмаган", деб жавоб берган.

Унинг сўзларига кўра, поезд машинисти ҳаёт ва ҳозирда шифохонада қолмоқда.

Издиҳом

Россия телеканаллари метродаги издиҳом саҳналарини намойиш этган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жабрланганларни ҳодиса жойидан кўчириш учун саккизта вертолётни ишга солган.

Тергов Қўмитаси ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласи кўрилаётганини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

ФВВ Москва шаҳар бошқармасининг маълумотича, ҳодиса тонгги соат 8.40 да юз берган.

Расмийларга кўра, икки бекат оралиғида "ток кучининг бирданига пасайиб кетиши натижасида метро сигнализацияси ишлаб кетган ва электропоезднинг бирдан тўхташига олиб келган".

"Токда узилиш бўлиб, поезд бирданига тўхтаган. Натижада бир неча вагон издан чиқиб кетган. Афсуски, ҳодисада жабрланганлар бор ва ҳозирда уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда", -деб айтган ФВВ Москва бошқармасининг вакили Би-би-сига.

Ҳодиса саҳнасига етиб келган қутқарувчилар вагонлар эшигини очиб, барча йўловчиларни чиқаришга муваффақ бўлганликлари айтилади.

Аммо шоҳидларнинг Би-би-сига айтишларича, "Парк Победы" бекатида поездлар тўхтаганидан сўнг йўловчилар бир соатга яқин ер ости ўтиш йўлида қолиб кетганлар.

Москва метроси дунёнинг энг гавжум ер ости нақлиёт тизими ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ