Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: мусулмонлар устидан назорат кучайган

  • 22 Июл 2014

Ўзбекистон адлия вазирлиги мамлакатдаги диний ташкилотларнинг давлатдан бутунлай мустақиллигини айтган.

12news.uz нашрининг вазирлик бошқарма бошлиғи Худоёр Мелиевдан иқтибос келтиришича, давлатнинг дин ва виждон эркинлиги борасидаги сиёсати Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декаларацияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт тамойилларига асосланган.

Айни пайтда мулозимга кўра, Ўзбекистонда диний ташкилотлар сони 2230 тага етган.

Аммо адлия вазирлиги мулозими масжидлар сонининг қанча эканига аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон ҳукумати берган маълумотга кўра, 2012 йилда мамлакатда 2050 та давлат рўйхатидан ўтган масжид фаолият кўрсатган.

Ўтган жума Президент Ислом Каримов Тошкент марказида барпо этилаётган "Минор" масжиди қурилишини бориб кўрган.

2000 дан ортиқ кишига мўлжалланган ушбу масжид сўнгги 20 йилда қурилган биринчи йирик масжиддир.

Минтақанинг энг йирик мусулмон аҳолисига эга 31 миллионлик Ўзбекистонда масжидлар сони қўшни Қозоғистондагидан кам.

Ўзбекистон ҳукумати фуқароларнинг диний эркинликларини чеклаётгани учун танқид қилиб келинади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, мамлакат қамоқхоналаридаги минглаб сиёсий маҳбусларнинг аксарият кўпчилиги диний эътиқоди учун маҳкум этилганлардир.

Мустақилликдан сўнг динга нисбатан эркинликлар берилган бўлса-да, хусусан, Ислом устидан назоратнинг шўро давридаги усуллари сақланиб қолган.

Мустақил ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда давлатнинг динга аралашуви шўро давридагидан кўра ҳам кучайган.