'Ўзбек ва тожик темирйўлчилари ўртасидаги алоқа яхшиланмоқда'

Амонулло Ҳукумов
Image caption Таҳлилчиларга кўра, Амонулло Ҳукумовнинг ишдан четлатилиши ортидан ўзбек ва тожик темирйўлчилари муносабатлари яхшилана бошлаган

Амонулло Ҳукуматуллонинг "Тожикистон Темир йўллари" ширкати раислигидан четлатилиши ортидан "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати билан алоқалар яхшилана бошлаган.

Душанбе шаҳрида журналистлар билан учрашган "Тожикистон Темир йўллари" ширкати раисининг муовини, Усмон Қаландаров, Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга ўтаётган поездлар ҳеч қандай тўсиқларга учрамаётгани ва тўхтатилмаётганини айтган.

Феврал ойида Амонулло Ҳукуматулло нафақага чиқиши муносабати билан ўз вазифасидан четлатилган ва унинг ўрнига "Роҳсоз" ширкатининг собиқ раиси Асадулло Зойиров тайинланган эди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва унинг оиласига яқин шахслардан бири сифатида кўрилган Амонунлло Ҳукуматулло 2002 йилда "Тожикистон Темир йўллари" раислигига тайинди ва охирги йилларда, ўғиллари - Рустам ва Расулга боғлиқ жиноий ишлар муносабати билан, матбуотда танилди.

Рустам Россияда наркотик моддалар контрабандасида айбланиб бир муддат озодликдан маҳрум этилди ва Расул Душанбе шаҳрида уч киши ўлими ва уч киши яраланишига алоқадор йўл автомобил ҳалокатига алоқадорликда айбланмоқда.

Шу билан бирга Амонулло Ҳукуматулло раҳбарлик қилган йилларда "Тожикистон Темир йўли" ширкатининг "Ўзбкекистон Темир йўллари" ширкати билан алоқалари совуқлашди.

Охирги йилларда Ўзбекистон турли важлар билан Тожикистонга транзит поездларнинг ўтишини тақиқлай бошлади.

2011 йил 16 ноябрида Ўзбекистоннинг Термиз ва Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳарларини боғловчи темирйўлнинг - " Ғалаба-Амузанг" қатновида портлаш юз берди ва шу сабаб ушбу йўл орқали Тожикистон жанубига поездлар қатнови бутунлай тўхтатилди.

"Тожистон Темир йўллари" масъулларига кўра, мазкур ҳодиса юз берганидан буён Тожикистоннинг Хатлон ва Бадахшон вилоятларига маҳсулотлар етказиш Душанбе ва Хўжанд шаҳарлари орқали амалга оширилмоқда.

Натижада Хатлон ва Бадахшон вилоятларида кийим-кеча ва озиқ-овқат нархлари 30 фоизга қадар қимматлаган.

"Тожикистон Темир йўллари" ширкати раисининг муовини Усмон Қаландаров айтишича, келгуси ой Тожикистон ва Ўзбекистон темир йўллари ширкатлари ҳайъатларри "Ғалаба-Амузанг" темир йўли қатновини қайта очиш масаласини муҳокама этишлари кутилмоқда.

Жаноб Қаландаровнинг илова қилишича, жорий йилда "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати Ўзбекистон орқали Тожикистонга ўтказилувчи маҳсулотларнинг транзит нархини 30 фоиздан 50 фоизга қадар арзонлаштирган.

"Тожикистон Темир йўллари" ширкати масъуллари хабарига кўра, жорий йилда Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон вагонларини тўхтатиб қолиш ҳоллари деярли кузатилмаган ва юзага келган барча муаммолар телефон суҳбатлари орқали ҳал қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ