Мамлакат маданий сиёсати қандай бўлиши керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистонда “Қозоғистон республикасида сиёсий маданият концепцияси” деб ном берилган давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Ушбу лойиҳа Маданият вазирлиги томонидан тақдим қилинган.

Жамиятда шу муносабат билан бошланган муҳокамаларда маданият ишларига давлат томонидан аралашув тўғри эмаслиги айтилаётганини кузатиш мумкин.

Ушбу ҳужжат кўпроқ миллий маданиятни тарғиб қилишга ёки маданий ишларга давлат томонидан аралашувга қаратилгани ҳам айтилмоқда.

Шўролар даврида қўшниси Қозоғистон билан деярли бир хил муҳитда яшаган Ўзбекистонда эса ҳукуматнинг маданий ишларга аралашуви ва назорати кучлилигича қолган.

Прагада истиқомат қиладиган рассом ва журналист Шуҳрат Бобожон ушбу назорат тоталитар Совет тузумидан қолган мерос эканлигини таъкидлайди.

“Ўзбекистонда Совет даврида жорий қилинган анъана Каримов режими пайтида давом этди. Яъни маданият Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тарафидан ва унинг вилоят ва туманлардаги бўлимлари тарафидан назорат қилиб турилади”, - дейди Шуҳрат Бобожон.

Тошкентлик таниқли фотограф Умида Аҳмедова давлат томонидан маданиятни ривожлантириш борасида етарли ишлар қилинмаётганини айтади. Кенг маданий тадбирлар сираси дейилганда сўнгги йилларда Гулнора Каримовага тегишли "Фонд форум" томонидан ўтказиладиган тадбирлар тушунилган ва президент тўнғич қизининг тақиққа учраши ортидан ушбу лойиҳалар ҳам тўхтаб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

“Ҳозир маданият эртага нима бўлади, деган савол ўйлантиради. Яхшими-ёмонми, ана шундай тадбирлар ўтказилиб туриларди. Ҳозир катта маданий тадбирлар ўтказилаётгани кўзга ташланмайди”, - дейди Умида Аҳмедова.

Аҳмедованинг билдиришича, ўтказилаётган маданий тадбирларда реал ҳаёт ўз аксини топмаган.

“Жиддий назорат бор. Санъат жамиятда бўлаётган муаммоларга реакция билдириши керак. Давлат расмий галереяларида жамиятдаги одамларнинг муаммоларини акс эттирувчи санъат асарлари йўқ. Расмий майдончада йўқ”, - дейди Умида Аҳмедова.

Ҳукумат томонидан маданий ишларга ҳаддан зиёд аралашув ва назоратнинг кучлигиги ўлкадаги ижодкорларнинг ижодига раҳна солаётгани айтилади.

“Ёмон томони ижод эркинлигини бўғиб қўяди. Мана Вячеслав Охунов мисолида олсак – бу одам Ўзбекистон санъатини дунёга намойиш қила олмаяпти. Масалан, шу кунларда Ҳамбургга бориши керак. Ўтган йили Лондонга бориши керак эди. Венеция ва Туркияга бориши керак эди. Боролмаяпти. Қанчалик ёмонлиги шунда кўриниб турибди”, - дейди Шуҳрат Бобожон.

Маҳаллий матбуотда Ўзбекистонга кириб келаётган чет эл оммавий маданиятига қарши туриш кераклиги ва бу борада тадбирлар ўтказилганлиги борасида кўп ёзилади.

Рассом ва журналист Шуҳрат Бобожон интернет ва глобаллашув даврида бу каби тақиқ ва назоратлар билан сезиларли самарага эришиб бўлмаслигини айтади.

“Клерикал гуруҳларнинг ёки иқтидордаги қудрат соҳибларининг маданиятни назорат қилиши яхшилик келтирмаган, бехайр нарса. Назорат қилишмасин, маданият ўзи ривожланади. Пул беришсин”, - дейди Шуҳрат Бобожон.

Тошкентдан фотогроф Умида Аҳмедова тақиқлар ўрнига муқобил вариантини яратиш кераклигини урғулайди.

“Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Глобализм деган нарса бор. Тўғри Европада ҳам Америка филмларига қарши курашамиз, деб кинотеатрларда фақат ўзининг миллий киноларини кўрсатади. Бизда ҳам ўзимизнинг замонавий санъатимиз кучли ривожланиши керак. Киноларимиз ҳақиқий санъат асари даражсига кўтарилиши керак, шунда курашиши мумкин. Тақиқлаш бу кураш эмас”, - дейди Умида Аҳмедова.

Бу мавзуда батафсилроқ