Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рашод қори нега Ҳайит байрамини "хафалик билан" нишонлади?

  • 28 Июл 2014

Дунёнинг аксар мусулмон мамлакатларида душанба куни Ислом динидаги икки асосий байрамнинг бири - Рамазон Ҳайити нишонланди.

Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам мусулмонлар Ҳайит намозларини душанба куни адо этишган.

Аммо Ўзбекистонга қўшни Қирғизистонда Қирғизистон Диний Бошқармаси - муфтиятнинг Ҳайитни 29 июл куни нишонлаш тўғрисида қарор эълон қилган.

Қирғизистон муфтийсининг муовини Равшан ҳожи Эратов Би-би-си билан суҳбатда Диний Бошқарма қарори олимлар билан кенгашилган ҳолда олинганини айтди.

"Пайғамбаримиз (сав) "Ойни кўриб рўзаларни бошланг, ойни кўриб рўзаларингизни тўхтатинг", - деган ҳадислари ва Қирғизистон мусулмон олимлари кенгашига асосланиб, 28 июлда ҳаво булутли бўлгани ва ой кўринмагани учун рўзани 30 кун ўтказиш қарори олинди", - деб айтди Қирғизистон муфтийсининг муовини Равшан ҳожи Эратов.

Бироқ, Қирғизистон муфтийлиги қарорига қарамасдан, қирғизистонлик кўплаб мусулмонлар рўза тутишни кеча тўхтатишгани ва Ҳайит намозларини бугун эрталаб ўқишгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Мусулмон мамлакатларида Ҳайит кунини белгилаш юзасидан фарқ ва чалкашлик деярли ҳар йили кузатилади.

Исломий тақвимга мувофиқ, Рамазон ойининг боши ва охири янги ой чиқишига қараб белгиланади.

Қирғизистондаги Қорасув шаҳри масжиди имом-ҳатиби Рашод қори Камолов Қирғизистон муфтиятининг қарорига муносабат билдириб, уни "юз фоиз хато" деб баҳолади.

"Мусулмонлар диний идорасининг қарори - юз фоиз хато. Шариатга тўғри келмаган фатвони олишди. Чунки, Рамазон ойининг бошланишини ҳам, тугашини ҳам бир неча кун олдин ёки бир неча ҳафта олдин (эълон қилиб) "мана бу куни Рамазон, мана бу куни Ҳайит" дейишлари, бу шариатимиз тарозиси билан хато ҳисобланади", - дейди Рашод қори Камолов.

Қорасув имом-ҳатиби "... бугунга қадар Ҳайитни мажбурлик билан, хафалик билан" ўтказмаганини илова қилади.

Рашод қори Камолов билан суҳбатни тингланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02