Қозоғистон пойтахтида велотаксилар пайдо бўлди

Image caption Велотаксининг нархи минг танга

Ҳозирча 10 донани ташкил қилувчи велосипедлар сайёҳларни шаҳарнинг янги қурилган қисми бўйлаб айлантиради.

Бизнесни йўлга қўйган ёш тадбиркорлар уни кенгайтириш ва шу билан шаҳар йўлларида издиҳомни камайтиришга ҳисса қўшишмоқчи.

Қироллар фойтуни услубида ишланган велотаксилар Остонанинг сўнгги 17 йил ичида қурилган “Сўл соҳил” деб аталмиш қисмида юради.

Ғоя муаллифларидан бири Амирхан Ашеновнинг Би-би-сига айтишича, тўрт йил олдин Америкага “Иш ва саёҳат” дастури бўйича боргач ушбу соҳада ишлаган ва уни Қозоғистонда тадбиқ қилиш ғояси пайдо бўлган.

“Биз 2010 йили “Work and travel” дастури бўйича Америкада бўлганмиз. Мана шундай велотаксиларда ишлаганмиз. Ғарб бозорида бундай хизматга талаб катта эканлигини кўрдик. Нима учун Қозоғистонда ушбу бизнесни йўлга қўйиб бўлмайди, деб ўйлаб амалга оширдик”, - дейди Амирхан Ашенов.

Ёш тадбиркорлар Америкадан қайтгач 4 йилни ушбу бизнесни амалга ошириш учун маблағ йиғиш ва ҳужжатлаштиришга сарфлайди.

Натижада велосипеднинг қисмлари Япониядан келтиришди ва Остонада ўзлари териб чиқишди.

Тадбиркорлар велосипедларнинг сонини келажакда 100 тага етказмоқчи ва юриш давомида ўзи электр токи ишлаб чиқаришга мўлжалланган моторлар ўрнатишни режашлаштирган.

'Қиммат'

“Велотаксичиликни ташкил қилишдан мақсад фақат бизнес эмас. Яқин келажакда Остонада "Эскпо-2017" тадбири бўлиб ўтади. Унга кўплаб хорижликлар ташриф буюради. Сайёҳлар Остонани бошқача ракурсда кўришни ҳам истайди. Нафақат машина ёки автобусда балки сайлгоҳларда ҳам юришни истайди. Сайёҳларга пойтахтимизни кўрсатишни истаймиз”, - дейди Амирхан Ашенов.

Ёш тадбиркорлар уларнинг велотакси бизнеси келажакда Остонада машиналар издиҳомини бартараф этишга бироз кўмаклашишидан умид қилади.

Бироқ велотаксичиликнинг Остона учун мураккаб томони шундаки бу ерда ҳар мавсум велосипед минишнинг имкони йўқ. Нисбатан шимолда жойлашган Остонанинг қиши ўта совуқ баҳори ва кузи ҳам қорли ва ёмғирли бўлади.

Тратуар ва сайлгоҳлар оша юрувчи велотаксининг нархи минг танга ёки 5,5 долларни ташкил қилади. Сиз 5,5 долларга 3 чақирим масофани босиб ўтишингиз мумкин. Нархлар 11 долларгача чиқади.

Ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдираётган ўқувчилар ушбу нархларнинг Остона учун қимматлигини айтишмоқда.

Ташкилотлар нархлар унча қиммат эмаслигини таъкидлашмоқда. Ашеновга кўра битта велофойтунга 3 кишигача чиқиш мумкин. Бу шаҳарликлар ва меҳмонлар учун ҳозирча экзотика.

Лекин келажакда велофойтунлар кўпайиши ортидан нархлар 300 танга ёки 1,5 долларгача тушиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ