Шинжондаги зўравонликда '13 хитой ўлдирилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ёркент мусулмон уйғурларнинг марказларидан ҳисобланади

Хитой расмийларига кўра, ғарбий Шинжон минтақасида душанба куни содир бўлган зўравонликда 13 киши ҳалок бўлган.

Маҳаллий мулозимнинг Би-би-сига айтишича, ҳодиса Тожикистон билан чегарадаги Ёркент шаҳрида содир бўлган.

Қурбонларнинг барчаси Хан хитойлари экани айтилади.

Ёркент мусулмон уйғурларнинг марказларидан ҳисобланади.

Расмий матбуот ва ҳукумат манбаълари ҳодиса ҳақида хабар бермаган.

Хитой ҳукумати ахборот оқимини қаттиқ назорат қилгани учун Ёркентдаги ҳодиса тафсилотларини тасдиқлаш қийин.

Этник танглик

Image caption Хитой минтақада армиянинг иштирокини кучайтирган

Би-би-си мухбири Дамиан Грамматикаснинг айтишича, ҳодисанинг батафсил ёритилмаётганига минтақадаги этник муносабатларнинг ёмонлашиб кетишидан ҳавотирлар сабаб бўлиши мумкин.

2009 йилда Шинжон пойтахти Урумчида уйғурлар ва Хан хитойлари ўртасида юз берган оммавий тўқнашувларда 200га яқин киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти Хан хитойлари экани айтилган.

Расмийлар сўнгги ойларда авж олган зўравонликларда уйғур бўлгинчиларини айблашади.

Шу йил майида Урумчидаги бозорда икки машинанинг портлатиб юборилиши оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган.

Март ойида эса, Кунминг темирйўл бекатидаги қирпичоқда эса 29 киши ўлдирилган эди.

Бунга жавобан Хитой ҳукумати хавфсизлик амалиётини бошлаган, Шинжоннинг йирик шаҳарларида полиция ва армиянинг иштироки кучайтирилган.

Уйғур фаоллари Хитой бошқарувига қарши норозилик, хусусан, диний ва маданий эркинликларнинг чекланаётгани ҳақида гапиришади.

Хитой эса минтақа аҳолисининг турмушини яхшилаш учун йирик сармоялар киритаётганини айтиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ