"Путин учун оғриқли" санкциялар

Image caption Кузатувчиларга кўра, Ғарбнинг янги санкциялари Путинга яқин доираларни нишонга олган

Сешанба оқшомида Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи Россияга қарши қўшимча жазо чораларини киритди.

Ғарбнинг ишонишича, Москва Украина шарқидаги вазиятни беқарорлаштиришда давом этмоқда.

Америка санкциялари, АҚШ президенти Барак Обама сўзларига кўра, Россиянинг энергетика, мудофаа ва молия соҳаларига қарши қаратилган.

Қўшма Штатлар жазо чоралари хусусан "Москва Банки", ВТБ ва "Россельхозбанк" ҳамда Россия Бирлашган Кемасозлик Корпорациясини нишонга олган.

Оврўпо Иттифоқи киритган янги жазо чоралари эса, давлат ҳиссалари бўлган Россия банкларига Оврўпо Иттифоқи банклари билан 90 кун давомида ҳамкорлик қилишни тақиқлайди ва Россияга илғор технологиялар экспортини чеклаб қўяди.

Россияга қарши қўшимча санкциялар амалда ўтган ҳафта бошлатилган эди.

Ўшанда Қўшма Штатлар "Газпромбанк", "Внешэкономбанк", "Ростнефть" ва НОВАТЭЕК каби ширкатларни "қора рўйхат"га киритган эди.

Россиядаги энг йирик нефт ишлаб чиқариш ширкати - "Роснефть" жазо чоралари туфайли Қўшма Штатлар ва Канададаги лойиҳаларини ортга суриши мумкинлигини билдирганди.

"Россия душманлари"

Барак Обаманинг баёнотига биринчи бўлиб Росссия бош вазирининг муовини Дмитрий Рогозин жавоб қайтарди.

У Twitter саҳифасида "Россия кемасозлик корпорациясига қарши санкциялар қўллаш ҳақидаги Обама қарори Россия ҳарбий кемасозлик саноати Россия душманларига муаммо туғдираётганини кўрсатади," - деб ёзган.

Айни пайтда Россиянинг ВТБ банки унга нисбатан кучга кирган жазо чораларини "сиёсий важларга асосланган қарор" дея баҳолади.

Шу билан бирга банк ўз ҳиссадорлари, сармоядорлари ва муштарийлари ўнгидаги барча талабларни ўз вақтида бажаришга ваъда қилди.

Россия Федерацияси Кенгаши бюджет қўмитасининг раҳбари Сергей Рябухин фикрича, санкциялар "Россия иқтисоди фойдасига ишлайди".

Унинг ишонишича, киритилаётган чекловлар Россияга ички заҳираларни ишга солиб маҳсулот ишлаб чиқаришни фаол ривожлантириш имконини беради ва иқтисодда мутаносибликни яратади.

Аммо, кўпчиликнинг ишонишича, янги жазо чоралари, вақт ўтиб, Россия иқтисодиётига салбий таъсир кўрсата бошлаши мумкин.

"Путин учун оғриқли..."

Россия мухолифати раҳбарларидан бири Борис Немцовнинг қайд этишича, Қўшма Штатлар "Сбербанк" эмас, ВТБга қарши санкцияларни киритиш билан Путин атрофидаги шахсларга босим ўтказишга уринмоқда.

Россия аҳолисининг 70 фоизга яқини ўз омонатини "Сбербанк"да сақлайди.

Агар "қора рўйхат"га "Сбербанк" ҳам киритилса, Борис Немцовнинг ишонишича, бундан миллионлаб Россия фуқаролари зарар кўриши мумкин.

"Бундай санкциялар Кремллик тарғиботчиларга барча айбни Америкага тўнкаш имконини беради ва халқни Ғарбга қарши қайраб қўяди. Аммо, муштарийлари сезиларли сонда оз бўлган ВТБ ва "Россельхозбанк"ка эса чекист Костин ва чекист Патрушевнинг ўғли Дмитрий раҳбарлик қилади. Бу санкциялар Путин учун оғриқли бўлса ҳам, фуқаролар учун ҳалокатли эмас", - деб ёзади жаноб Немцов Facebook саҳифасида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ