Қирғиз халқ вакили нима учун Исроил байроғини йиртди?

Исроилнинг Қозоғистон ва Қирғизистондаги элчиси Эли Тасман Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлигига парламент депутати Турсунбой Бакир ўғли томонидан Исроил давлат байрогининг йиртилишига норозилик билдириб, нота йуллаган.

Исроил элчиси Турсунбой Бакир ўғлини давлат байроғини оёқ ости қилгани учун жавобгарликка тортишини талаб қилган.

4-август куни Олий Кенгашнинг "Ор-Номус" партияси фракциясидан депутат Турсунбой Бакир ўғли Исроилнинг Ғазо бўлгасида ўтказаётган ҳарбий амалиётлари оқибатида бегуноҳ ёш болалар ва аёллар ўлдирилаётганлигига норозилик билдириш учун Исроил байроғини йиртиб ташлаганди.

Турсунбой Бакир ўғлининг айтишича, гўдак, аёл ва қарияларнинг ўлдирилаётганлиги жуда ачинарли ҳолат ва уларнинг урушга ҳеч қандай алоқалари йўқ.

Турсунбой Бакир ўғли бундан беш йил аввал ҳам Исроил байроғини ёқиб юборганди.

Бу гал Турсунбой Бакир ўғли томонидан хорижий давлат байроғининг йиртиб ташланиши Қирғизистон жамиятида, жумладан ижтимоий тармоқларда жуда жонли муҳокама қилинмокда.

Олий Кенгаш депутатларининг аҳлок-одоб қоидалари бўйича раисаси, депутат Ойнуру Олтибоева Бакир ўғли ўз ҳиссиётларини бошқара олмай қолган, дея афсус билдирди.

"У киши ўзи ҳам касбий дипломат, Малайзияда ишлаб келган. У доимо сабр-тоқатли инсон эди, энди эса нима бўлди экан, ҳайронман?" - деб айтди Ойнуру Олтибоева.

Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлиги ушбу ҳодиса юзасидан Исроил элчисидан нота олинганлигини ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ