"Жетису - Аксилтеррор 2014" машқлардан ким қандай наф кўзлаган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Қозоғистон ҳарбийлари ( архив)

Россия, Беларус ва Қозоғистон давлатлари “Жетису-Аксилтеррор 2014” аксилтеррор машғулотларини бошлаган.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб ўтадиган машғулотлар давомида уч давлатнинг куч ишлатар ходимлари “жангарилар” қўлига тушиб қолган гаровдагиларни озод қилади.

Бундан сал олдинроқ Россия ва Тожикистон ўртасида четдан террористлар кириб келишининг олдини олишга қаратилган келишув имзоланган эди.

Собиқ Шўро давлатлари Украина ҳодисалари манзарасида Россиянинг таъсиридан хавотирга тушиб қолгани айтилади.

Бироқ, иккинчи томондан ушбу давлатлар турли сабаблар туфайли Россия бошчилигидаги ҳарбий машғулот ёки шартномаларда иштирок этишга мажбур.

Қозоғистондан таниқли сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Россия билан бирор иттифоқ ичида ёки икки томонлама ҳамкорлик асосида ҳарбий машғулотлар ўтказиш Қозоғистон учун анъана эканлигини билдирди.

Аксилтеррор машғулотлари бунгача ҳам мунтазам ўтказилиб келинган.

“Собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудида ОДКБ ва ШҲТ ўз олдига экстремизм ва терроризм билан курашишни бош мақсад қилиб қўйган. Бундан ташқари ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга қаратилган бевосита давлатлар ўртасида ҳам келишувлар бор”, - дейди Дўсим Сатпаев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия армияси...қўшниларникида "меҳмон"да

Бироқ таҳлилчига кўра Украинадаги ҳодисалар бошқа собиқ Совет давлатлари, жумладан Қозоғистон учун ҳам Россия томонидан маълум даражада хавф борлигини кўрсатиб берган.

Россиянинг кўпроқ бўлгинчи кайфиятдан фойдаланиши кўпларни хавотирга солган.

Гуржистон ва Украина бунга яққол мисол.

Таҳлилчилар Россия ушбу воситани келажакда бошқа давлатларга, жумладан Қозоғистонга нисбатан ишлатмаслигига ҳеч ким кафолат беролмаслигини айтишади.

“Россиялик бир неча сиёсатчилар Россиянинг Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъвоси ҳақида гапирди. Россияга тегишли Вконтакте ижтимоий тармоғида ушбу давлат шимолий Қозоғистонни қўшиб олиши кераклигига бағишланган иккита гуруҳ пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам Россия билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш керак”, - дейди Дўсим Сатпаев.

Сиёсатшуносга кўра, турли ташкилот ва иттифоқлардаги ҳамкорлик қарамасдан Қозоғистон ўз мустақиллигини сақлаб қолиш учун ҳам барча эҳтимолларни кўз остига олиши керак.

Мабода Россия Украинадаги каби режани Қозоғистонда амалга оширишни мақсад қилса, бевосита чегарадош бўлмагани учун бу ишга Ғарб давлатларининг фаол аралашуви кузатилмаслиги айтилади.

“Хитой томонидан салбий муносабат бўлиши мумкин. Чунки Қозоғистон Хитой учун ҳам ҳарбий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳамкор. Хитой Марказий Осиё давлатларида барқарорлик бўлишидан манфаатдор. Иқтисодий жиҳатдан ушбу ҳудудга катта сармоя киритмоқда. Сиёсий жиҳатдан нотинчлик бўлса, Хитой учун хавфли бўлган экстремистик гуруҳлар фаоллашиши мумкин”, - дейди Дўсим Сатпаев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ