Қирғизистон: қадим чорвачилик анъаналарини сақлаб қолиш мумкинми?

Қирғизистонда чорва боқиш қадим кўчманчилик анъаналарига биноан турмушнинг ўта муҳим қисми бўлиб келган.

Замонавий ҳаётнинг аста-секин, бироқ давомий "тажовузи"га қарамай, чорвачилик ҳамон аксар қишлоқ аҳолиси учун ҳаёт ҳақиқати ҳисобланади.

Кўплаб оилалар озиқ-овқат ва даромад олишда мол-ҳолига таянади. Аммо, туёқлар сони ортаркан, яйловларни бошқариш билан боғлиқ муаммолар ҳам ўртага чиқа бошлайди.

Қишлоқларга яқин ўтлоқларда ҳаддан ортиқ кўп мол боқилади, инфратузилма емирилиб бораётгани ва чекка ҳудудларда жойлашгани боис ёзги яйловлардан фойдаланилмай қолмоқда.

Бу каби номувофиқлик қисман Совет Иттифоқининг қулаши билан боғлиқ. Муаммолар 2009 йил жорий этилган яйловлар бўйича қонун доирасидаги янги ислоҳотлар орқали бартараф этилмоқда. Лекин, ҳали ҳамон ислоҳотлар эҳтиёткорлик билан олиб борилмоқда.

Қадимдан қирғиз чўпонлари ва чорва эгалари бир-бирларининг тажрибаларига суяниб иш тутиб келишган.

Ўтроқ аҳоли ва ё "жатақ", ўз мол-қўйларини мавсумга қараб яйловларга ҳайдовчи чўпонларга топширган. Ўзлари эса бунинг эвазига, қир-адирларда қолиб, чўпонлар учун муҳим бўлган сут берувчи сигирларга қарашган.

Ҳатто бугун ҳам ўтмишдаги иш бошқарув услуби сақланиб қолган. Чўпонлар ва чорва эгалари ҳар йили нархлар, қанча бош қорамолга қараш, йўқотилган ва ё йиртқичларга ем бўлган туёқлар учун тўловлар ё-да, хасталиклар учун тавон масалаларини келишиб олишади.

Ўтмишда бўлгани каби музокаралар оғзаки кечади. "Биз қирғизлармиз, ҳеч ким ёзма келишувлар билан ишламайди", дейди Чуй вилоятидан бир чўпон.

Чўпонлар ва чорва эгалари ўртасида ҳамкорлик баланд тоғли яйловлардаги мушкулотларни енгиш учун ўта зарур бўлган.

Аммо, сиёсий аралашув ҳар доим ижтимоий фаолиятга таъсир қилган ва қадимий муносабатларга путур етказган.

2009 йилдан олдинги яйловлар тўғрисидаги қонун ўтлоқлардан фойдаланиш тизимида номутаносиблик яратганди.

Кўплаб бадавлат чўпонлар ва чорвадорлар ўтмишдагидан фарқли равишда подаларини алоҳида боқа бошлаганлар.

Бадавлат чорвадорлар "ўзларига хон ўзларига бек"лиги кучайгани сари улар яйловларни том маънода "хусусийлаштирувчи" узоқ муддатли ижара битимларидан фойдалана бошлашган.

Бунга қўшимча, улар яйловларни сотиб олиш, отхона ва ё молхоналар қуриш билан қўли калтароқ чўпонларнинг ўтлоқлардан фойдаланиш имкониятларини чеклашга қодир бўлганлар.

Мазкур ҳолат эса, яйловлар бўйлаб мавсумий кўчиб юришларнинг камайишига хизмат қилди ва ўтмишда ўзлари орқа қилган кенг яйловлардан фойдаланиш имкониятлари чекланган чўпонлар учун муаммолар яратди.

Баъзи чўпонлар бундан хафсалалари пир бўлганини изҳор қилишди: "Қишда ва баҳорда "сарай"-молхоналарга эгалик қилувчи чорвадорлар бор, улар бизни яйловга қўйишмайди. Нима учун, яйловдан биргина одам фойдаланиши керак? Бошқалар қаерга борсин?"

2009 йилги яйловларни бошқаришга оид қонун ушбу атроф-муҳит ва ижтимоий муаммолар бартараф этиш учун мисли кўрилмаган қадам бўлди.

Яйловлар бўйича қўмиталар яйловлардан фойдаланишни қонунан идора қилиш ва кузатиш учун тузилди. Ерлардан фойдаланиш тартиб-қоидалари ўзгарди. Ва маҳаллий жамоаларга яйловларни бошқариш масъулияти юкланди.

Янги ташкил қилинган Яйловлар бўйича маҳаллий қўмиталар ўтлоқлардан фойдаланиш режасини тузиш билан бирга унинг амалга тадбиғини ҳам таъминлайди.

Аввал чўпонларга ерни вақтинча сотиб олишга имкон берган узоқ муддатли ижара шартномаси ҳар бир бош қорамол учун йиллик тўлов билан алмаштирилди.

Мазкур ислоҳотлар ростдан ҳам чўпонлар ўртасидаги қудрат номутаносиблигини камайтиришга кўмак берди.

Яйловлар бўйича қўмиталар ўтлоқларни адолатли тақсимлашга ёрдамлашишди. Бу эса, чўпонларни шароитга мослашиб анчайин эркин ҳаракатланишларига имкон яратди.

Яйловлар бўйича қўмиталар ушбу ўзгаришларни амалга тадбиқ қилиш учун зарурий ваколатларга ҳам эга бўлган кўринади. Кўмитанинг собиқ аъзоларидан бири 2011 йил узоқ муддатли ижара шартномасига эга бадавлат чорвадор баҳорги ва кузги яйловдан чиқиб кетишни истамагани учун оқсоқоллар судига берилганини эслайди.

Аммо, ислоҳотлар барча муаммоларни ҳам бартараф этаётгани йўқ. Янги қонун узоқ йиллик ижара тизимини ўзгартирган бўлса-да, яйлов шартномалари қўлида бўлган чўпонлар токи ижара вақти якун топгунга қадар шу асосда ишлашлари мумкин.

Боз устига, янги қонун молхоналар қуришни тартибга сола олмаган. Кўплаб йирик ва ўрта ҳажмли чорва хўжаликлари эгалари яйловларда молхоналар қуриш билан қудрат номутаносиблигини сақлаб қолишда давом этишмоқда.

Экспертларга кўра, баъзи жамоаларда янги молхоналар қуришга рухсат сўраб берилган аризалар сони 2013 йил тўрт мартага ошган.

Хуллас, 2009 йилги ислоҳотлар, ҳақиқатдан ҳам, тўғри йўналиш томон ташланган қадам бўлди. Аммо, ислоҳотлар барча масалаларни қамраб ола олгани йўқ.

Қудрат номутаносиблиги ва яйловлардан ҳали ҳам кўп ёки кам фойдаланиш ҳоллари кузатилади.

Мисол учун, бадавлат чўпонларга ҳамон молхоналар қуриш ва яйловлар атрофида панжара ўрнатишига изн берилиши исталса-исталмаса оддий чўпонларни ўтлоқлар фойдаланиш имкониятларини чеклайди.

Қирғизистон чўпонлар ва яйловлар ўртасидаги қадимий муносабатларни сақлаб қолиш учун келажакда яна ислоҳотларга эҳтиёж бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ