Тожикистонликлар Каримовга эмас, Путинга ишонишади

Image caption Раҳбарлар...

Тожикистонда ӯтказилган сӯровнома қатнашчиларининг бор-йӯғи 20 фоизи Ӯзбекистон президенти Ислом Каримовга ишонишларини билдиришган.

Мазкур сӯровнома "M-Vector Tajikistan" тадқиқот ширкати томонидан ӯтказилган. Сӯровнома қатнашчиларидан ҳукумат, мулозимлар, халқаро муносабатлар, Украинадаги вазият ва ОАВга муносабатлари сўралган. Унда 18 ёшдан катта 1077 киши қатнашган.

Маълум бўлишича, тожикистонликлар хорижлик етакчилар орасида энг кўп Россия президенти Владимир Путинга ишонишади, деб ёзилади uz.ca-news.org вебсайтида. Сўровнома иштирокчиларининг 85 фоизи Россия президенти ҳақида ижобий фикр билдиришган.

Сӯровда қатнашганлардан 41 фоизи Қозоғистон президентига, 31 фоизи Хитой раҳбарига ишонишар экан. Энг кам ишонч билдирилган хорижлик президент Ислом Каримов бўлди. Оз ишонч қозонган чет эллик раҳбарлар орасида Америка президенти ва Олмония канцлери ҳам бор. Барак Обама Ислом Каримовга қараганда 6 фоиз, Меркел хоним эса, 5 фоиз кӯпроқ ишонч овози олишган.

Сўровнома қатнашчиларининг 76 фоизи Россияни, 11 фоизи Хитойни, 6 фоизи Эронни ва 3 фоизи Қозоғистонни Тожикистоннинг энг яқин ҳамкори деб ҳисоблашини айтган.

Таҳлилчиларнинг айтишларича сӯровнома қатнашчилари Россия ва унинг президентига бунчалик илиқ муносабат билдириши сабабларидан бири бу 2 миллион нафарга яқин тожикистонликларнинг Россияда меҳнат муҳожирлигида эканликлари билан ҳам боғлиқ.

Image caption Ён қўшни, жон қўшни... эмасми?

Гарчи тожикистонликлар Россияда маҳаллий миллатчилар ҳужумларига учраётган, ҳақ-ҳуқуқлари рус полициячилари томонидан топталаётган бӯлса-да, юз минглаб тожик оилалари Россиядан юборилаётган пул ҳисобига боқилаётгани боис ҳар қандай таҳқир ва тазйиқлардан кӯз юмилади. Биргина ӯтган йили меҳнат муҳожирлари Россиядан Тожикистонга 3 ярим миллиард долларга яқин маблағ юборишган.

Хитойни энг яқин ҳамкорлардан бири сифатида кӯриш эса бу мамлакатнинг Тожикистондаги йирик қурилишларга гарчи қарз бӯлса-да, катта-катта маблағлар ажратаётгани, Тожикистон бозорларини арзон товарлари билан тӯлдириб юборгани билан боғлиқ, дейишади таҳлилчилар.

Эрон билан ҳамкорликнинг яхши баҳоланишига эса, форслар ва тожикларнинг тилдош эканликлари сабаблиги урғуланади.

Таҳлилчиларга кӯра азал-азалдан ӯзбек ва тожиклар ёнма-ён, дӯст-биродар яшаб келишган бӯлишларига қарамай, икки мамлакат орасидаги ӯрнатилган виза тартиби, чегараларга кӯмилган миналар, Роғун ГЭСи қурилишига кӯрсатилаётган каттиқ қаршилик кейинги йилларда тожикистонликларнинг Ӯзбекистонга муносабатини ӯзгартирган.

Худди шу каби сабабларга кӯра, Тожикистонда тобора кӯпроқ одамлар қӯшни мамлакат президентига ишонмай қӯйишяпти . Айни бир пайтда Ӯзбекистон билан иқтисодий, маданий ҳамкорликлар ҳам камайиб бормоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ