Сайрам: ўзбек ва қозоқ ёшлари жанжали

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қорамурт қишлоғи аҳолиси ҳужум "кутилмаганда содир бўлганини" айтишади. (Суратлар Ўзбекистон Халқ Ҳаракати вебсаҳифасидан олинди).

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам туманидаги Қорамурт қишлоғида қозоқ ва ўзбек миллатига мансуб ёшлар ўртасида тўполон келиб чиққан.

Гувоҳларга кўра, тўполон оқибатида қишлоқ марказидаги дўкон ва машиналарнинг ойналари синдирилган, 4 киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Қорамурт қишлоғининг асосий аҳолисини ўзбеклар ташкил қилади.

Хабарларга кўра, 27 август куни тушдан кейин Қорамурт қишлоғи марказий кўчасига арматура ва бошқа асбоблар билан қуролланиб олган қозоқ миллатига мансуб ёшлар келиб, бу ердаги дўкон ва машиналарнинг ойналарини синдиришган.

Қўшни Маданий қишлоғидан келган элликка яқин қозоқ йигити 17та автомобиль ва 8та дўконнинг ойналарини синдириб, 10 дақиқанинг ичида ғойиб бўлишгани айтилмоқда.

Кутилмаган тўполон

Қорамурт қишлоғидаги бир дўкон эгаси Би-би-си билан суҳбатда ҳаммаси кутилмаганда бошланганлигини айтди.

"30-50 нафар атрофида Маданийнинг болалари келишди. Марказий кўчанинг бошидан охиригача йўлда нима бўлса, таксими ё дўконми, ҳаммасини қийратиб, тошбўрон қилиб кетишди" - дейди дўкондор.

Исмини ошкор қилишни истамаган бу дўкондорга кўра, унинг дўкони бошқа кўчада жойлашгани учун зарар етмаган, лекин машинаси ойнасини синдиришган.

Шоҳидларга кўра, бу пайтда кўчада мижоз кутаётган киракаш ҳайдовчилар жароҳат олганлар.

Гувоҳлар бостириб келган йигитларнинг қўлида пневмотик тўппонча ва ов милтиқлари ҳам борлигини айтишмоқда. Бироқ ушбу хабарни Ички ишлар бошқармасидан тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Тўқнашувдан сўнг маҳаллий аҳоли ҳокимият биноси олдида йиғилган. Вилоят ҳокимияти ва прокуратураси вакиллари йиғилганларни тинчитишган ҳамда тўполонда қатнашганлар жазоланишини айтишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳужум қилган қозоқ ёшлари бир нечта дўкон ва машинанинг ойналарини синдиришган

Расмийлар шунингдек, етказилган моддий зарар ҳам тўлиқ қопланишини билдирганлар.

'Низо миллий эмас'

Қорамурт қишлоғи жойлашган Сайрам тумани ҳокими Валихон Қайназаров "Интерфакс-Казахстан" хабар агентлигига берган интервьюсида "жанжални қўшни Маданий қишлоғидан келган йигитлар содир қилганини" тасдиқлаган.

Ҳокимнинг айтишича, тўқнашувдан икки кун олдин Толеби туманида жойлашган Маданий қишлоғида яшовчи икки йигит Қорамурт қишлоғидаги дўкон эгаси билан тортишиб қолишган. Бунинг ортидан ушбу жанжал келиб чиққан.

Жанубий Қозоғистон вилояти Ўзбек маданият маркази раҳбари Исломжон Ҳошимжонов қишлоқда бўлган ушбу ҳодиса миллатлараро жанжал эмас, балки шунчаки безорилик эканини таъкидлади.

"Қорамуртдаги ҳодисадан хабаримиз бор. Бу - безорилик. Асло миллатлараро низо эмас. Сабаби, ҳаммаси - бир қишлоқнинг болалари" - дейди Исломжон Ҳошимжонов.

Олдинроқ айрим ахборот агентликлари қишлоқда коммендантлик соати жорий қилинганини ёзишганди. Бироқ расмийлар ушбу хабарни рад қилишмоқда.

Сайрам тумани ички ишлар бошқармаси Қорамуртга ўндан ортиқ полиция ходими юборилганини айтади.

Ҳодиса юзасидан ҳозир 3 киши қўлга олинган. Туман ҳокимининг билдиришича, бу икки қишлоқ оқсоқоллари аслида нима бўлганини ўрганиш учун учрашиб, ҳодиса сабабларини суриштирмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ