Украина инқирози: НАТО фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда

  • 29 Август 2014
Image copyright c
Image caption Пайшанба куни НАТО Украинадаги Россия қўшинларининг сунъий йўлдошдан олинган суратларни эълон қилган

НАТО расмийлари шарқий Украинадаги вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказишмоқда.

Президент Обама Россия Украинадаги зўравонликлар учун масъул эканини айтган.

Пайшанба куни НАТО Украина ичкарисидаги Россия қўшинлари экани айтилган кучларнинг сунъий йўлдошдан олинган суратларини эълон қилган.

НАТОга кўра, Украина шарқида 1000 дан ортиқ рус ҳарбийлари жанг қилмоқда.

Москва Украина шарқига қўшин юборганини рад этади.

Image copyright AP
Image caption Пайшанба куни бўлгинчилар Новоазовск шаҳрини забт этишган

Айни пайтда стратегик аҳамиятга эга бўлган Азов денгизи бўйидаги Мариупол шаҳрида жанглар давом этмоқда.

Пайшанба куни бўлгинчилар Новоазовск шаҳрини забт этишган.

Исёнчиларнинг илгарилаб бориши Кремл қуруқликдан Россия ва Қримни боғлайдиган йўлак яратмоқчи, деган хавотирларни уйғотган.

Россияпараст бўлгинчилар Донецк яқинида Украина ҳукумат кучларини қуршаб олгани хабар қилинади.

Инсонпарварлик йўлаги

Image copyright Reuters
Image caption Путин биринчи марта бўлгинчиларга нисбатан "Новороссия" иборасини ишлатган.

Жумага ўтар кечаси Кремлнинг расмий сайтида Президент Путиннинг "Новороссия кўнгиллиларига мурожаати" чоп этилган.

Унда Россия президенти Украина шарқида қуршовда қолган украин аскарларига "инсонпарварлик йўлаги" яратиб беришни таклиф қилган.

Орадан кўп ўтмай, ўзини Донецк Халқ Республикаси деб атовчи бўлгинчиларнинг "бош вазири" Александр Захарченко "Россия 24 " телеканалида ушбу режани қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини айтган.

Аввалроқ Захарченко ўз сафларида россия ҳарбийларининг ҳам жанг қилаётганини тан олган эди.

Айни пайтда бўлгинчилар раҳбари бунинг учун Украина Миллий гвардияси оғир қурол ва ўқ-дориларни ўзларига топшириши кераклигини таъкидлаган.

Ўз мурожаатида Путин биринчи марта бўлгинчиларга нисбатан "Новороссия" иборасини ишлатган.

Путин шунингдек, Украина ҳукуматини жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва Донбасс вакиллари билан музокараларни бошлашга чақирган.

'Жавобсиз қолмайди'

Image copyright Reuters
Image caption Обама Украинадаги зўравонликлар учун Россия масъул экканини айтган

Пайшанба куни Украина Президенти Пётр Порошенко Россия Украина шарқига қўшин киритганини эълон қилган.

АҚШ Президенти Барак Обама Россия қўшинлари Украинада жанг қилаётгани "бутун дунёга аён" эканини айтган.

Жаноб Обамага кўра, бу ерда сўз Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қасддан ва қайта-қайта бузиш ҳақида бормоқда.

Президент Обама Москва Украина шарқидаги бўлгинчиларни тайёргарликдан ўтказиш, қуроллантириш ва молиялаш учун ҳам масъул эканини айтган.

Image copyright AP
Image caption БМТга кўра, Украинадаги қурбонлар сони 2593 кишига етган

У Москванинг бу ҳаракатлари жавобсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Президент Обама келаси ҳафта Британияда ўтадиган НАТО саммитида Оврўпо раҳбарлари билан Украина иниқрозини муҳокама қилади.

Бирлашган Миллатларнинг сўнгги ҳисоботига кўра, Украинада шу йилнинг апрел ойи ўрталаридан бошлаб 27 августга қадар 2593 инсон ҳалок бўлган ва 5 мингдан ортиқ одам яраланган.

БМТга кўра, одам ўғирлаш ва қийноққа солиш ҳоллари учун асосан бўлгинчилар масъул.

Бу мавзуда батафсилроқ