'Замбарак яна бузғунчиларнинг қўлига тушиб қолмасин...'

Қозоғистондан олинган хабарларга кўра, Қизил Ўрда шаҳрининг истироҳат боғида ўрнатилган икки замбаракни яроқсиз ҳолга келтириб қўйишга қарор қилинган.

Замбараклар Қозоғистоннинг Иккинчи Жаҳон Урушида немис фашистлари устидан қозонилган ғалабадаги улушига бағишлаб ўрнатилган.

Тўпларнинг бири Тагзим майдонида, иккинчиси эса Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари хиёбонида бўлган.

Замбараклар уруш замонида ишлаб чиқарилган.

Бироқ нимагадир шу кунларда икки тўпга ҳам кўзга кўринарли шикаст етказилган.

Маҳаллий рўзномаларда замбараклар илма-тешик қилиниб, худди кесилган "колбаса" бўлагига ўхшаб қолгани ҳақидаги мақолалар босилган.

Маълум бўлишича, бу "хунук ва ваҳшийларча" амалдан шаҳар ҳокимиятидаги раҳбарларнинг хабари бор экан.

Нега бундай йўл тутилгани ҳақида сўралганда эса улар "пушкалар ҳали отишга яроқли эканини" билиб қолганларини айтганлар.

Шунинг учун тўпларни яроқсиз ҳолга келтириб қўйишга қарор қилинган.

Матбуот маҳаллий одамлар бу ерга болалари билан сайр қилишлари, урушдаги жасоратлари ҳақида ҳикоя қилиб беришлари ҳамда энди замбаракларга қилинган бундай муомаладан хафа бўлганлари ҳақида ёзган.

Бундан олдин Украина шарқидаги бўлгинчилар Донецк шаҳрида ташқарида кўргазмага турган "Иосиф Сталин-3" танкини ўт олдириб юрғизишга муваффақ бўлганлари ҳақида Россиянинг "РИА Новости" ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Исёнчилар эски танкка оғир қурол ўрнатиб Украин армияси нуқтасига ҳужум қилганлари ва талофот етказганлари ҳақида айтганлар.