Алина Кабаева депутатликдан кетмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Путин 2008 йилда Кабаевага уйлангани ҳақидаги миш-мишларни рад этган

Асли ўзбекистонлик собиқ гимнастикачи Алина Кабаеванинг Россия парламенти депутатлигидан истеъфо бераётгани эълон қилинган.

Давлат Думасининг регламент бўйича қўмитаси раиси Сергей Поповнинг айтишича, қўмита парламентнинг қуйи палатасига Кабаева хонимнинг ўз хоҳиши билан депутатлик ваколатларини топширишини маъқуллашни тавсия қилган.

Унинг сўзларига кўра, ушбу масала сешанба куни Дума кун тартибига қўйилиши мумкин.

Кабаева 2007 йилда "Ягона Россия" партиясидан Дума депутатлигига сайланганди.

2011 йилда олтинчи чақириқ Дума таркибига қайта сайланган Алина Кабаева Думанинг физкультура ва спорт қўмитаси аъзосидир.

Дума қўмитаси раисининг ўринбосари Надежда Герасимованинг РИА Новости агентлигига айтишича, Кабаева хоним "спорт масалалари" билан шуғулланмоқчи.

Кабаева ва Путин

Бадиий гимнастика бўйича ёзги олимпиада ўйинлари чемпиони ва кўп марта жаҳон чемпиони бўлган 31 ёшли Алина Кабаеванинг болалиги Тошкентда ўтган.

У 1980-1986 йилларда Ўзбекистоннинг "Пахтакор" жамоасида тўп сурган футболчи Марат Кабаевнинг қизидир.

2008 йилда "Московский корреспондент" рўзномаси Кабаева билан Путиннинг бўлажак тўйи ҳақида ёзган, аммо бу хабар рад этилган ва рўзнома ёпилган.

Президент Путиннинг ўзи 2008 йилдаги матбуот анжуманида хорижий мухбирнинг саволига жавоб бера туриб, "бу гапларда зиғирча ҳам ҳақиқат йўқ" деб айтган.

2013 йилда Путин аёли Людмила Путина билан ажрашганини аълон қилган.

2014 йилда "Огонек" журнали томонидан эълон қилинган Россиянинг энг қудратли аёллари рўйхатида Алина Кабаева 8-ўринни эгаллаган.

Бу мавзуда батафсилроқ