Марказий Осиёликларни жиҳодга нималар ундамоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Британиядаги Экcетер Университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари бўлимидан Эдвард Лемонга кўра, ҳозирда Тожикистон ҳукумати учун жиҳодчилар сафларида курашиб, ватанга қайтаётган фуқаролар асосий хавфсизлик муаммоларидан бирига айланмоқда.

Британиялик олим Сурия ва Ироқнинг баъзи ҳудудларида Халифалик эълон қилган Исломий Давлат гуруҳи сафларида жанг қилаётган Тожикистон фуқаролари билан боғлиқ тадқиқотлари натижасида ана шундай хулосага келган.

Би-Би-си Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бир муддат яшаб, тадқиқотлар олиб борган Эдвард Лемон билан боғланиб, марказий осиёликларни халқаро жиҳодга ундаётган омиллар ҳақида сўраган.

Эдвард Лемон: 1 сентябр куни Ироқ телевидениеси орқали ўзига Олим Юсуф дея ном олган 25 ёшли Душанбе яшовчиси билан суҳбатни олиб кўрсатди. Уни Ироқ-Сурия чегарасида ҳибсга олишган экан. У Суриядан Ироқ ҳудудига ўтиб келмоқчи бўлган, ундан аввал Сурияда 9 ой мобайнида бўлган экан. Унинг айтишича, Сурия шимолидаги Ал-Раққа шаҳрида Исломий Давлат қўмондонларидан бири, чечен Умар Шишони раҳбарлиги остида гуруҳда бўлган экан. Олим Юсуф Тожикистонни 2013 йил охирида Россияда ишлаш учун тарк этган. У бир муддат қурилишда ойига 250-300 доллар топиб, ишлаган. Ўша ердаги спорт марказида бир шахс билан танишиб қолади ва у Олимга жиҳодий ғояларни тақдим этади. Жиҳодга қўшилиш учун Сурияга бориш кераклигига ишонтиради. Шунинг учун Олим дастлаб Туркияга йўл олади ва у ердан Сурияга ўтиб, икки ҳафталик тайёргарликдан ўтади.

Би-Би-си: Сиз Ироқ ва Сурияга йўл олган бошқа тожикистонликлар мисолини ҳам ўргангансиз. Олим Юсуфнинг мисоли, унинг жиҳодчилар сафига қўшилиш йўли уларнинг кўплари учун одатийми?

Эдвард Лемон: Ҳа, мен турли манбаъларда пайдо бўлган Исломий Давлат сафига қўшилган, шу вақтгача ҳалок бўлган ёки ҳибсга олинган 22 нафар тожикистонлик мисолини ўрганиб чиқдим. Уларнинг деярли ҳаммаси Россияга пул топиш илинжида кетишган. Ўша ерда бу каби ғоялар билан танишишган ва охир-оқибат Сурияга йўл олганлар. Унинг акаси матбуотга берган интервюсида укасининг авваллари ҳеч қандай диний қарашлари бўлмагани, бир вақтлар ҳатто гиёҳванд моддаларга берилгани ҳақида айтган.

Би-Би-си: Уларни жиҳодий ғояларга берилишларига сабаб нима?

Эдвард Лемон: Кўплаб тожикистонлик таҳлилчилар бунга сабаб маълумот ва билимнинг камлиги деган фикрдалар. Уларга кўра, Ислом ҳақида аслий билимларнинг йўқлиги, Қуръони Каримда, хадис ва шариатда айнан нималар дейилганидан бехабар эканликлари туфайли уларга уқтирилмоқчи бўлган ғояларга осон бериладилар. Албатта, бу гапларда жон бор деб ўйлайман. Тожикистонда дин ва диний билимлар қаттиқ назорат остида ва чекланган. Улар учун турли манбаъларга мурожаат қилиш имкони йўқ. Шунинг учун уларга тақдим қилинган янги ғояларга берилувчан бўладилар. Бошқа томондан, Россиядаги меҳнат муҳожирлари учун шарт-шароитнинг мушкуллиги. Айниқса, мусулмон муҳожирлар учун диний фарз бўлган амалларни адо этиш учун шароит йўқ. Москвадаги жомеъ масжидга кириш учун металл қидирувчи мосламалар орқали ўтиш керак, хавфсизлик чоралари кучли. Бу каби вазиятда Ислом таҳдид остида ва уни жиҳод орқали ҳимоя қилиш керак, деган ақидани сингдириш осон бўлади.

Би-Би-си: Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан Исломий Давлат сафига қўшилганлар ҳақида ҳам маълумот борми?

Эдвард Лемон: Менимча Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан Исломий Давлат сафига қўшилганлар борасида баъзи маълумотлар бор. Улар ҳақида Суриядаги матбуотда қатор материаллар пайдо бўлган. Марказий Осиёдан Сурияга бориб қолганлар орасида айнан тожиклар сони кўпми ёки улар ҳақида кўпроқ хабар бериляптими - бунисини айтиш қийин.

Би-Би-си: Марказий Осиёликлар, жумладан, тожикистонликларнинг исломий жиҳодчилар сафига қўшилиб қолаётганликларида расмий доиралар юритаётган сиёсатнинг ҳам таъсири бор, деб ўйлайсизми?

Эдвард Лемон: Тожик расмийлари юритаётган ашаддий дунёвийлик сиёсати омил бўлиши мумкин, албатта. Масалан, Тожикистонда 18 га кирмаган ёшлар масжидларда намоз ўқишдан мосуволар. 2011 йилдан буён расмийлар хориждаги мадрасаларда таҳсил олаётган талабаларни мажбуран қайтара бошладилар. Шу маънода ақидапарастлар расмийларни тазйиқкор куч сифатида тақдим қилишлари осон. Шунинг учун менинг фикримча, ҳукуматларнинг диний билимларга нисбатан киритаётган чекловлари тескари натижа бермоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ