ТИУП ўзига қарши "туҳмат" кампаниясидан азият чекаётганини айтади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси мамлакатда ўзига қарши туҳмат кампанияси бораётганини айтмоқда. Билдирилишича, партия аъзолари номақбул жинсий муносабатда бўлганлари даъво қилинган видеоёзувлар ҳеч бир далил-исботларсиз давлат телевидениеси орқали намойиш этилган.

Давлат матбуоти, шунингдек, Ислом Уйғониш Партиясини Мисрдаги "Мусулмон Биродарлари"никига ўхшаш мақсадларни илгари сураётганликда айблаган. Партия бу айбловларни рад этади.

Иқтидордаги Тожикистон Халқ Демократик Партияси парламентда катта ўринларга эга, бироқ умумий сайловлардан бир неча ой олдин ўтказилган омма сўровлари икки фирқа тарафдорлари қарийб тенглашиб қолганини кўрсатган.

"Бадном қилиш" уринишлари

Жорий йил бошидан бери интернетда Ислом Уйғониш Партиясига тегишли экани даъво қилинган муллалар номақбул жинсий ҳатти-ҳаракатлар ва қаллобликларга қўл ураётгани акс этган қатор видеоёзувлар чоп қилинган.

Бундай видеотасвирлар ҳозир вебдан олиб ташланган, бироқ Тожикистон давлат телеканали янгиликлар дастурида қайта-қайта улардан парчалар намойиш этилгани айтилади.

19 август кунги янгиликлар дастурида Тожик ТВ Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси студиясида бунга ўхшаш 8та видео ишланганини айтган.

Ислом Уйғониш Партияси бу айбловларни рад этади. 20 август куни расмий вебсаҳифасида чоп қилинган баёнотида партия уларнинг имиджига доғ туширишга қаратилган кампания жабрдийдасига айланганини айтган. Баёнотда айтилишича, мазкур ишлар давлат ҳомийлигида 2015 йил февралига режаланган "парламент сайловлари олди партияни обрўсизлантириш" мақсадида олиб борилмоқда.

10 июл куни Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг "Нажот" ҳафталиги давлат телеканалларини "беҳаё порнографик видеолар"ни эфирга узатиш билан қонунни бузаётганликда айблаган.

22 август куни мухолифатчи журналист Сайидюнуси Истаравшани ўз блогида хавфсизлик хизматининг собиқ зобити С.Нуриддиновга иқтибосан мазкур видеолар "уйдирма" экани ҳақида ёзган.

Журналист Нуриддиновнинг сўзлари таяниб, видеоёзувда пайдо бўлган "актёрлар" хавфсизлик хизматига алоқаси борлигини айтади.

"Таҳқирлаш"

Давлат назоратидаги "Жумҳурият" газетаси сўнгги ойлар Ислом Уйғониш Партиясига қарши руҳда қатор мақолалар чоп қилган. Мақолаларда партия Мисрдаги "Мусулмон Биродарлари" ҳаракатиникига ўхшаш мақсадларни кўзлаётганликда айбланади.

Бунга жавобан, "Нажот" ҳафталиги 28 август куни ҳукуматни Ислом Уйғониш Партиясини "ақидапараст" қилиб тасвирлашга уринаётгани учун танқид қилган.

Ҳафталик босган мақолада айтилишича, Ислом Уйғониш Партияси дунёвий ҳукумат тарафдори ва "ҳукумат таҳқирларига сабрли бўлиш" йўлини танлаган.

Мақолада Ислом Уйғониш Партияси ҳеч қандай норозилик чиқишларини режаламагани айтилади. Аммо, агар репрессив сиёсат давом этса, "одамларнинг тоқати тоқ бўлиши ва норозиликлар келиб чиқиши мумкин"лигидан огоҳлантиради.

Апрел ойи Ислом Уйғониш Партияси вебсаҳифаси - nahzat.tj ҳукумат 2010 йилги парламент сайловлари олди қўллаган усулларидан 2015 йил ҳам фойдаланиши мумкинлигини айтганди.

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий ўтмишда Туркияни Тожикистон намуна олиши мумкин бўлган дунёвий тамойиллар асосидаги Исломий мамлакат сифатида кўрсатганди.

Оммавий дастак

Ислом Уйғониш Партияси Тожикистондаги энг йирик мухолиф партия ҳисобланади. Шунингдек, у Марказий Осиёда расман рўйхатдан ўтган ягона Исломий фирқа ҳамдир.

2010 йилги сайловларда парламентда бор-йўғи 2та ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Тожикистон Халқ Демократик Партияси эса, 55 ўринни эгаллаганди.

Жаноб Кабирий партия аслида 30 фоиз овозни қўлга киритгани ва "ғалабаси ўғирланган"ини айтган.

Август ойи "Тожнюс" ахборот агентлиги томонидан ўтказилган омма сўровларига кўра, Ислом Уйғониш Партиясига овоз бериш истагида бўлганлар 32 фоизни ташкил қилади. Бу эса, иқтидордаги Тожикистон Халқ Демократик Партиясидан бир фоизгина кам деганидир.

Мухолифат аъзолари, жумладан, Ислом Уйғониш Партияси 1997 йил 5 йиллик ички урушларга барҳам берган тинчлик битимига биноан ҳукумат таркибида фаолият қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

Бироқ, ўшандан бери Президент Имомали Раҳмон қудратни ўз қўлида мустаҳкамлаган ва мухолифат аъзолари ҳукумат лавозимларидан қарийб олиб ташланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ