Покистон Толибони сафини ҳаракат воизи тарк этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1

Покистон Толибони эълон қилишича, ҳаракат матбуот сўзчиси бўлган Шаҳидуллоҳ Шаҳид "Исломий Давлат"га содиқлигини эълон қилганидан кейин истеъфога чиқарилган.

Жангариларга кўра, Шаҳидуллоҳ Шаҳид ўрнига бошқа киши тайинланган.

Бироқ янги матбуот котиби номи эълон қилинмаган.

Покистон Толибони номидан эълон қилинган баёнотда ўзларининг Афғон Толибони раҳбари Мулло Умарга содиқ эканликлари таъкидланади.

Шоҳидуллоҳ Шаҳид ва Покистон Толибонининг яна беш қўмондони "Исломий Давлат" томонга ўтганлари ўтган ҳафта маълум бўлган эди.

Покистон Толибони баёнотига кўра, Шаҳидуллоҳ Шаҳид собиқ воизнинг тахаллуси бўлган, унинг асли исми-шарифи Шайх Мақбулдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Би-би-си Урду хизматининг Исломободдаги мухбири Ҳорун Рашид айтишича, бу Покистон Толибони орасидаги бўлинишнинг яна бир белгисидир.

Ўтган ҳафта Покистон Толибони раҳбарларидан бири Шаҳидуллоҳ Шаҳид ва яна беш қўмондон ҳаракатни тарк этганини тасдиқлаган, бунинг сабаби уларнинг Мулло Муҳаммад Умар раҳбарлигига ишончсизликлари бўлган.

Қўмондонларнинг Оракзай, Куррам, Ҳайбар қавмлар минтақаси, Пешовар ва Ҳангу туманлари қўмондонлари экани хабар қилинган.

Оракзай қўмондони Саид Хоннинг Покистон Толибони сафини тарк этгани ҳаракат учун энг катта йўқотиш деб кўрилмоқда.

Ўтган йили ноябр ойида АҚШнинг дрон ҳужумида раҳбари Ҳакимуллоҳ Меҳсуд ўлдирилганидан кейин Покистон Толибонининг кўплаб жангарилари ҳаракатни тарк этган.

Шу йил июн ойида бошланган Покистон армияси ҳарбий амалиётлари Толибоннинг муҳим паноҳгоҳларидан бўлган Шимолий Вазиристондан сиқиб чиқарилишларига олиб келган.

Бу мавзуда батафсилроқ