Каримов Туркманистонга сафар қилади

Image caption Газга бой Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари яккаҳоким бошқарув ва инсон ҳуқуқларининг абгор вазияти учун танқид қилинади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 23-24 октябр кунлари расмий сафар билан Туркманистонга боради.

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, жаноб Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан икки томонлама алоқалар, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилади.

Ташриф чоғида икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти ва ўзаро ҳамкорликка доир қатор ҳужжатлар имзоланиши маълум қилинган, аммо тафсилотлар берилмаган.

Афғонистон

Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга навбатдаги ташрифи АҚШ ва НАТО Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетаётган пайтга тўғри келмоқда.

Сўнгги пайтларда ҳар икки давлат Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш чораларини кўраётгани ҳақида хабарлар олинган.

Президент Каримов халқаро қўшинлар чиқиб кетгач, Афғонистонда сиёсий бошбошдоқлик азага келишидан хавотир билдирган.

"хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро контингентнинг чиқиб кетишидан кейин юзага келадиган ҳар қандай бўшлиқ жуда қисқа муддатда террорчи гуруҳлар томонидан тўлдирилиши мумкин", деб айтган жаноб Каримов ўтган ой Душанбеда ўтгна Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитидаги чиқишида.

Жаноб Каримовдан фарқли ўлароқ, Туркманистон раҳбари Афғонистонда вазиятнинг беқарорлашиш эҳтимолари борасида очиқ баёнотлар қилмаган, аммо ўтган ҳафта 'The Diplomat' нашри туркман ҳукумати Афғонистон билан чегарада "мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари"га қўл ураётгани ҳақида ёзган.

Нашрга кўра, расмий Ашхобод, афтидан, толибларнинг ўз чегарасига яқин ерларда фаоллашаётганидан ташвишда.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг фаоллашгани айтилади.

Ўтмишда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Афғон Толибонига нисбатан сиёсати турлича бўлган.

Туркманистон ўзининг бетарафлик сиёсати билан Толибон таҳдидидан бир қадар ихоталанган бўлса, Ўзбекистон бошида толибларга қарши фаол мавқеъни эгаллаган.

Аммо Толибон ҳокимиятда бўлган сўнгги йилларда расмий Тошкентнинг мавқеъи юмшаган ва Президент Каримов Толибонни "минтақага таҳдид эмас" деб эълон қилган эди.

Президент Каримов ўзининг сўнгги чиқишларида Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслигини таъкидлаган.

Газ

Минтақадаги газга бой икки давлат бўлган Туркманистон ва Ўзбекистон сўнгги йилларда Хитойга газ экспортини кўпайтирган.

Ўзбекистон жорий йилнинг юинида Хитойга узанган газ қувурининг учинчи навбатини ишга туширган.

Қувур 2015 йилда тўла қувват билан ишлай бошлагач, Туркманистоннинг Хитойга экспорт қиладиган газ ҳажми 55 миллиард кубометрга чиқиши кутилади.

Хитойга узанна қувур ҳар икки давлатга газ экспортида Россияга қарамликдан қутулиш имконини берган.

Украинадаги воқеалар манзарасида Ўзбекистон минтақавий дипломатияни кучайтиргани кузатилади.

Ўтган ой Президент Каримов олти йилдан сўнг илк бор Душанбега сафар қилган.

Таҳлилчилар Россия таҳдиди ва постсовет ҳудудида юзага келган янги геосиёсий воқеълик қўшни давлатларни эски гина-кудуратларни унутишга ундаганини айтишади.

Туркманистон Марказий Осиёда Ўзбекистон каби Москвадан энг кўп масофа сақлаб келаётган давлатдир.

Ҳалқаро майдонда ҳар икки давлат раҳбарлари яккаҳоким бошқарув ва инсон ҳуқуқларининг абгор вазияти учун танқид қилиб келинади.

Бу мавзуда батафсилроқ