Тожик-афғон чегарасига яқин ҳудудда Толибон билан жанглар бўлмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Афғонистон шимолидаги Бадахшон вилояти расмийларига кўра, Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасига яқин Вардуж қишлоғида қуролли жангарилар билан икки кундан буён жанглар давом этаяпти.

Толибон аъзолари экани ишонилган жангариларнинг 15 нафари ўлдирилгани айтилади.

Бадахшон вилояти полиция рахбари Саид Абдулқодир Сайёд камида 4 полициячи ҳалок бўлгани ҳақида айтган.

Жаноб Сайёдга кўра, бу жангарилар орасида чеченлар, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон чегарадаги вазиятдан ташвиш билдирган.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фаридул Муҳаммадалиев Тожикистон чегара қўшинлари Афғонистон билан чегарадаги хавфсизлик чораларини оширганларини билдирди.

Аввалроқ Афғонистон тарафи ўзининг Бадахшон вилоятига 50дан ортиқ тожик фуқаролари ўтгани ва Вардуждаги ҳужумларда Толибон сафида иштирок этганини даъво қилган.

Би-би-си мурожаат этган Тожикистон ҳукумати расмийлари ҳозирча бу ҳақида уларда маълумот йўқ эканини айтишди.