Рублнинг қадрсизланиши Марказий Осиёга 'анчага тушади'

Агар, EurasiaNet.org интернет нашри таҳлилига таянилса, Россия миллий пул бирлигининг кескин қадрсизланиши аллақачон Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодига жиддий зарба бериб улгурган.

Интернет нашри, агар таъбир жоиз бўлса, бу “зарбанинг кучи”ни кўрсатиш учун мақола аввалидаёқ қирғизистонлик нафақахўр онахон Жипаркул Карасейитованинг бугунги турмушини мисол келтиради.

Мақола тафсилотларидан аён бўлишича, онахон ортиқ ўзига бир тишлам гўштни эп кўролмайди.

Яъни, пойтахт Бишкек бозорларида ўтган олти ойнинг ўзида мол гўштининг килоси 9 фоизга қимматлаб кетган.

Интернет нашрининг ёзишича, бу каби ҳолат нафақахўр онахонлар қолиб, ана шу гўштни сотувчи қассобларнинг ҳаётларини ҳам оғирлаштирган.

Дейлик, қассоб Ойгул Шалпикованинг сўзларига ишонилса, ўтган бир ойнинг ўзида савдоси 40 фоиз йўқотишга учраган.

Унинг айтишича, ойида ўртача 400 кг гўшт сотиб келган бўлса, сентябр ойида бу рақам 250 килога тушиб қолган.

Интернет нашрининг ёзишича, Россия рубли кескин қадрсизланишининг таъсири ҳам бутун Марказий Осиё бўйлаб ўтган ой бошида яхшигина сезилган.

Чунки аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импортга қарам.

Россия рубли ортидан маҳаллий пул бирликлари ҳам ўз қадрини йўқота бошлади, бу эса, ўз навбатида, кенг истеъмолдаги четдан келаётган маҳсулотлар нархларининг қимматлашувига сабаб бўлди.

Шу икки ҳолатнинг ўзиёқ маҳаллий аҳолига ҳалиям қанчалик собиқ мустамлакачи оғаларига қарам эканликларини эслатмай қолмади, дея давом этади нашр.

Санкциялар...

Худди шу ўринда интернет нашри, бир томондан, Ғарбнинг Россияга устма-уст киритган санкциялари туфайли ҳам шу йил бошидан буён рубль АҚШ долларига нисбатан 20 фоизга қадрсизланганини алоҳида эслатиб ўтади.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Украина инқирозида тутган ўрни учун расмий Кремлни “жазолаш”га қарор қилганди.

Россиянинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефт нархининг пасайиб кетиши эса, бу жараённи янада тезлаштирди.

Сентябр ойида рубль ўтган тўрт йил давомида кузатилмаган бир даражада арзонлаб кетди.

Заифлашиб қолган рубль эса, бутун минтақа бўйлаб маҳаллий миллий пул бирликларининг ҳам, айрим ҳолларда, яхшигина қадрсизланишига олиб келди, деб ёзади нашр.

Худди шу ўринда интернет нашрининг қирғизистонлик юқори мартабали масъул Зайниддин Жумалиевнинг сўзларидан иқтибос келтиришича, ўтган бир йилнинг ичида пойтахт Бишкекда озиқ-овқат нархлари 20-25 фоизга қимматлаган.

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга Россиядаги миллионлаб меҳнат муҳожирларидан келаётган пул ўтказмалари ҳам камая бошлаган.

Сўнгги йилларда бу каби нақд тушумлар, дейлик, Қирғизистон Йиллик Ички Ялпи Маҳсулот Ишлаб чиқариш ҳажмининг қарийб учдан бир ва Тожикистонникини эса, ярмига яқинини ташкил қилган.

Яъни, рублнинг қадрсизланиб бориши Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ишлаб топган пулларига сотиб олаётган АҚШ долларининг чўғига ҳам таъсир қилган.

Халқаро Валюта Жамғармаси эса, октябр ойида Қирғизистонда келаси йили истеъмол нархлари қарийб 9 фоизгача ошишини башорат қилди.

Бу каби жараён Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам кузатилишини баён қилди.

Буёғи қандай бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефтини Хитойга аввалдан келишилган баҳода сотаётгани боис, Туркманистон бу каби иқтисодий беқарорликлардан деярли зиён чекмайдиган минтақадаги ягона давлат бўлса керак, деб давом этади нашр.

Мақолада ёзилишича, рублнинг қийматини тутиб қолиш учун аллақачон 50 миллиард АҚШ доллари харжлашга улгурган Россия Марказий Банки сиёсатининг ўзгариши ҳам минтақадаги вазиятга жиддий ва худди осмондан тушгандек таъсир қилиши мумкин бўлган омиллардан биридир.

Россия рублининг қадрсизланиб, нефтнинг арзонлашиши Қозоғистон иқтисодини ҳам боши берк кўчага киритиб қўйди.

Расмий Остонани давлат бюджетини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди, иқтисодий ўсиш суръатларига оид башоратларни манфийлаштирди ва танганинг қиймати ошиқча баҳолаб юборилган-юборилмаганига оид саволларни пайдо қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Банклари эса, миллий пул бирликларининг қийматини тутиб қолиш учун ўзларининг чекланган заҳираларини ишга солишди.

Лекин, шунга қарамай, қирғиз соми АҚШ долларига нисбатан 12 фоизга, тожик сомонийси эса, 5 фоизга арзонлади.

Жаҳон Банкининг башоратларига кўра, сомоний бундан буёғига ҳам қадрсизланишда давом этади.

Бир сўз билан айтганда, Россия иқтисодининг орқага кетиши Марказий Осиёга узоқ муддатли таъсирга эга бўлади, дея хулоса қилади EurasiaNet.org.

Бу мавзуда батафсилроқ