Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Янги президент Толибонга бас келоладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қўшни Афғонистоннинг янги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани мамлакатида қайта кучайиб бораётган толибларга қарши илк бор Хитойдан тортиб, Туркия ва қатор араб давлатларини ишга солмоқчи.

Шу йўл билан ўтган ярим йиллик сайлов бўҳрони сабаб, янада фаоллашишга муваффақ бўлган исёнчиларни сулҳу мадорага боришга кўндирмоқчи.

Афғонистоннинг янги раҳбари бу йўлда ҳамкорликка кўз тикаётган давлатлар орасида анъанавий Саудия Арабистони ва Қатардан ташқари яна Бирлашган Араб Амирликлари ҳам бор.

Саудия Арабистонидаги айрим шахслар эса, Толибон ҳаракатининг молиявий ҳомийлари сифатида ҳам кўрилишади.

Хабарларга кўра, жаноб Ғани давлат раҳбари сифатида Хитойга қилган илк расмий ташрифи ортидан, тез орада қўшни Покистонга сафар қилмоқчи.

Бу йўлда уларнинг истак-ниятлари ва қанчалик ўзлари билан ҳамкорликка боришларини билмоқчи.

Умра зиёрати баҳона Саудия Арабистонига қилган аввалбошдаги сафарида ҳам Афғонистон Олий Тинчлик Кенгаши вакилларини ўзи билан бирга олиб кетганди.

Покистон Жосуслик Хизмати ҳар икки Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, давлат сифатида кўрилади.

Янги афғон раҳбари энди бу масалада Хитойнинг иқтисодий қудратию Покистонга бўлган таъсиридан ҳам фойдаланмоқчи.

Танлов

Президент Муҳаммад Ашраф Ғани қудратга келгандан буён Толибон муаммосига энг аввало тинч йўл билан барҳам бериш истагида эканини баён этиб келмоқда.

Аммо унинг ана шу истагини амалга ошириш йўлидаги уринишлари бутун Афғонистон бўйлаб зўравонликлар кучайган бир манзарада кузатилмоқда.

Ўтган икки ой давомида исёнчи гуруҳлар деярли ҳар куни Афғонистоннинг камида битта нуқтасида ҳужум уюштиришга муваффақ бўлишмоқда.

Худди шу манзарада Афғонистоннинг қатор Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимолий минтақаларида ҳам вазият янада ёмонлашган.

Жумладан, қўшни Туркманистон толибларнинг ҳужумлари хавотири остида ўзини қўшни Афғонистондан иҳоталашга киришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Яъни, минтақада ўз манбаларига эга айрим Ғарб нашрларига кўра, расмий Ашхобод ўз чегараларини мустаҳкамлаш учун ҳозир "мислсиз чоралар"га қўл урмоқда.

Ўз ўрнида, халқаро иттифоқ кучларининг катта сондаги сафарбарлиги ортидан, Афғонистондаги вазиятнинг қай йўсин тус олиши қолган минтақа давлатларини ҳам жиддий хавотирга солиб келади.

Афғонистонга бевосита қўшни Тожикистон қолиб, Қирғизистон ҳам ўз чегараларини мустаҳкамлаш ташвишида.

Ўзбекистон президенти ҳам куни-кеча айнан Туркманистонга қилган сафари чоғида бу хусусда яна бир бор ўз хавотирларини изҳор қилди.

Афғонистонда Ироқдаги жорий вазият такрорланиши мумкинлиги эҳтимоли хусусида ҳам сўз юритди.

Халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши нафақат Марказий Осиё, балки ундан ташқарида ҳам хавфсизликка таҳдиднинг кучайишига олиб келишини айтди.

Президент Ислом Каримовга кўра, Афғонистонда юзага келадиган сиёсий бўшлиқни "ҳеч ким томонидан бошқарилмайдиган турли-туман бузғунчи ва террорчи кучлар" тўлдириши мумкин.

Ечим-чи?..

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, барча бефарқ бўлмаган томонларнинг ўтган 13 йиллик саъй-ҳаракатларига қарамасдан, афғон можароси ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаган.

Толибон муаммосига тинч йўл билан барҳам беришга бўлган барча уринишлар самарасиз якунланган.

Устига устак, янги афғон ҳукумати расмий Вашингтон билан яна икки йилгача минглаб хориж аскарлари ва улар қатор ҳарбий базаларининг Афғонистонда қолишига оид хавфсизлик битимини имзолаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар эса, йилларки, афғон тупроғида бирор бир чет эл аскари бўлса, умуман тинчлик музокараларига бормаслигини такрорлаб келади.

Шундай экан, янги афғон ҳукуматининг янгича ташаббуслари бирор бир амалий натижа бериши мумкинми?

Суҳбатдошимиз Туркиядан сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осим жаноблари.