Тожикистондаги амнистияда 80 ўзбекистонлик озод бўлади

Тожикистон қамоқхоналарида жазо муддатини ӯтаётган 80 нафар ӯзбекистонлик озодликка чиқади.

Бу Тожикистон бош қонуни - Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган авфга мувофиқ амалга оширилади.

Бу борада Тожикистон Адлия вазирлигининг жиноий жазоларни бажариш Бош бошқармасидан хабар қилишган.

Тожикистондаги қамоқхоналарда жазо муддатларини ӯтаётган Ӯзбекистон фуқароларининг аксарияти гиёҳванд модда савдосига алоқадор кӯрилиб, маҳкамага тортилгани айтилади.

Айни бир пайтда таҳлилчилар Тожикистондаги маҳкум ӯзбекистонликлар орасида чегарани ноқонуний бузиб ӯтганлар, жосусликда айбланганлар ҳам борлигини айтишади.

Тожикистон жиноий жазоларни бажариш Бош бошқармаси жосусликда айбланган кишиларга нисбатан авф қӯлланиш ё қӯлланмаслигини очиқламаган.

Айни пайтда авф матнида жосусликда айбланган фуқароларга қӯлланмаслиги таъкидланган.

Таҳлилчиларга кӯра аввалги йилларда икки қӯшни мамлакат орасида пайдо бӯлган совуқ муносабатлар ортидан жосусликда айблаш ишлари кӯпайган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистонда Ӯзбекистон фуқаролари, Ӯзбекистонда эса, Тожикистон фуқаролари қӯшни мамлакат фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, қамоққа ташланганлар.

Умуман олганда, Тожикистондаги жорий авфга кӯра, бу мамлакат қамоқхоналаридаги 340 нафар хорижлик озодликка чиқади.

Улар орасида Ӯзбекистон фуқароларига нисбатан фақат афғонистонликлар кӯпдир.

Афғонистон фуқароларидан 155 киши мамлакатларига қайтишади.

Шунингдек, авф этилганлар орасида Қирғизистон, Нигерия, Туркия, Ироқ, Эрон каби мамлакатлар фуқаролари бор.

Тожикистондаги бу галги авф 10 минг кишига нисбатан татбиқ қилинади.

Лекин таҳлилчиларга кӯра қамоқда ётган бир қатор таниқли шахсларга нисбатан авф қӯлланмаслиги мумкин.

Улар орасида Тожикистон Миллий гвардиясининг собиқ қӯмондони Ғаффор Мирзоев, Тожикистон Ички ишларининг собиқ вазири Ёқуб Салимов, Тожикистон Демократик фирқасининг собиқ раҳбари, «Тожиктрангаз»нинг собиқ бошлиғи Маҳмадрӯзи Искандаровлар бор.

Шунингдек, Тожикистон саноат вазирлигининг собиқ вазири, "Янги Тожикистон" фирқаси ташаббускори Зайд Саидовнинг ҳам озодликка чиқиши гумон эканлиги айтилмоқда.