Ўзбек-қирғиз чегарасига яқин ҳудудда беш киши яраланган

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, Қизилқия-Қадамжой автойўлида 10 ноябрь куни юз берган қуролли ҳодисада 4 ўзбекистонлик ва Қирғизистоннинг Қадамжой туманида истиқомат қилувчи фуқаро тан жароҳати олган.

Яраланган ўзбекистонликларни ўзбек чегарачилари олиб кетишган.

Қирғизистон фуқароси Водилдаги касалхонага ётқизилган.

Қирғизистон Чегара хизматидаги манба Ўзбекистон чегарачилари фуқароларга қарши қурол қўллаганини айтган.

Қирғизистондаги мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевнинг аниқлашича, Қизилқиядан Қадамжойга кетадиган транзит йўлида контрабанда товарлари деб гумон қилинган товуқ гўштларини олиб ўтишга уринган икки фуқаро ўзбек чегарачиларига қаршилик кўрсатгач, уларга қарши қурол ишлатилган. Hyundai Porter русумли машина ичида бўлган ўзбекистонликлар ҳам воқеада яраланган.

Ҳодиса жойидан қочишга уринган иккинчи қирғизистонлик "Айрибас" назорат-ўтказиш масканида Ўзбек чегарачилари томонидан ушланиб, Қирғиз чегарачиларига топширилган ва у ҳозир Қадамжой туман хавфсизлик бўлимида ушлаб турилибди.

Қирғизистон Чегара хизмати ҳодиса сабаблари ва тафсилотларини ўрганаётганини хабар қилади.

Ўзбек томони ҳозирча бу тўғрисида изоҳ бермаган.

Бу мавзуда батафсилроқ