Тожикистон Парламенти: иш жойларида намоз ӯқилмайди, ёш болалар масжидга боришмайди

Тожикистон Республикаси парламентининг қуйи палатаси Тожикистон Исломий Уйғониш фирқасидан бӯлган икки нафар депутатнинг мамлакат қонунчилигига ӯзгартишлар киритиш борасидаги таклифларини рад этган.

Парламент «Болалар тарбияси ва уларга таълим беришда ота-оналар масъулияти ҳақида» ва «Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар ҳақида»ги қонунларнинг ӯзгаришсиз қолиши зарур деб топган.

Мазкур қонунларга ӯзгартишлар киритиш борасида Тожикистон Олий Мажлиси қуйи палатасига депутатлар – Тожикистон исломий Уйғониш фирқаси аъзолари Муҳиддин Кабирий ва Саидумар Ҳусайний таклиф билдиришганди.

Аммо уч ойлик кӯриб чиқиш ва ӯрганишдан сӯнг қуйи парламентнинг аксарият депутатлари мазкур таклифни қӯллаб-қувватлашмаган.

Тожикистон Исломий Уйғониш фирқаси раисининг муовини, депутат Саидумар Ҳусайнийнинг «Азия плюс» ахборот агентлигига билдиришича, «Болалар тарбияси ва уларга таълим беришда ота-оналар масъулияти ҳақида»ги қонуннинг болаларнинг масжидга боришларига оид қисмига ӯзгартириш киритиш борасида таклиф киритишган.

Саидумар Ҳусайнийнинг айтишича бунда мамлакат фуқароларининг Конституцион ҳуқуқлари ҳисобга олинган ҳолда мазкур таклиф киритилган. Бу таклифга кӯра ота-оналар 18 ёшга тӯлмаган болаларининг мактаб таълимидан бӯш пайтларида масжидга боришлари учун тӯсқинлик қилмасликлари зарур.

«Лекин турли важ ва баҳоналар кӯрсатилиб, биз таклиф этган ӯзгартиш рад этилди», деган Саидумар Ҳусайний.

Жамоатчилик жойларида намоз ӯқиш учун жарималар

Шунингдек, унинг айтишича, «Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар ҳақида»ги қонунга барча жамоатчилик жойларида, ишхоналарда намоз ӯқишга ижозат берилиши борасида ӯзгартиш киритиш таклифи илгари сурилган. Бунда ӯқилаётган намознинг бошқа фуқаролар учун ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмаслиги, тӯcқинлик қилмаслиги ва автонақлиёт ҳаракатига халақит бермаслиги ҳисобга олиниши кӯрсатилганди.

Ҳозирда Тожикистонда фақат масжид ва уйда намоз ӯқишга ижозат берилган, жамоатчилик жойларида, ишхоналарда намоз ӯқиш таъқиқланган.

Бу эса, ишда бӯлган ё сафарда юрган кишиларга намоз ӯқиш имкониятини бермаяпти. Фақат айрим намозхонлар тушлик овқат ва ҳордиқдан воз кечган ҳолда пешин намозини масжид ё уйларига бориб ӯқиб келишмоқда.

Ишхонада намоз ӯқигани аниқланган намозхонлар жаримага тортилганлар.

Тожикистон Исломий Уйғониш фирқасидан бӯлган депутатлар ана шу ноқулайликни хисобга олган ҳолда ҳукумат ишхоналари дохил барча ташкилот, муассасалар ва иш жойларида намоз ӯқиш учун имкон қадар шароит яратиб бериш таклифи билан чиқишган. Лекин Парламентнинг қолган кӯпчилик депутатлари давлат бюджетининг бой эмаслигини важ қилиб, бу таклифни рад этишган.

Биз имкон қадар шароит деганда, жамоатчилик жойларида, ишхоналарда намоз ӯқиш учун барча шароит яратишни эмас, балки намозхонларга ибодат учун рухсат беришни назарда тутгандик, деган Саидумар Ҳусайний.

Масжид остонасидаги текширувчилар

Кузатувчиларнинг фикрича, Тожикистонда фақат масжид ва уйларда намоз ӯқишга ижозат берилиши ва ёш болаларнинг масжидга боришлари таъқиқланиши намозхонлар орасида норозилик уйғотган.

Айни бир пайтда Тожикистон расмийлари мамлакат мустақиллиги пайтида ҳар бир фуқарога эркин ибодат этмоқлик имкониятлари яратиб берилгани, жоме, беш вақтлик масжидлар сони тобора ошиб бораётганини таъкидлашади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, мамлакатда масжидлар орасида милиция ходимлари ва бошқа назоратчиларнинг туриб олиб, намоз ӯқиш учун келган болаларни текшириб, кимликларини аниқлашлари одатий тусга айланган. Болаларини масжидга боришларига йӯл қӯйган ота-оналар эса тазйиққа олинади, жаримага тортилади. Ёш болалар намоз ӯқиш учун келаётган масжидлар имомларига дашном берилади, улар сӯроққа тутилиб, бу ҳолнинг такрорланмаслигига сӯз беришга мажбур этиладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ