‘Афғонистон наркодавлатга айланиши мумкин’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши бошқармаси ўзининг навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилган.

Бу ҳисоботда 2014 йилда Афғонистонда кўкнори етиштириш рекорд даражада кўпайганидан хавотир билдирилган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда Афғонистонда кўкнори экилган далалар миқёси 7 фоиз, ҳосил эса 17 фоиз ошган.

БМТ Наркотиклар ва Жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Юрий Федотов айтишича, хорижий мамлакатлар қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин Афғонистон наркодавлатга айланиши мумкин.

Шу кунларда БМТ бошқармаси раҳбари Афғонистонга борган, Президент Ашраф Ғани билан учрашган.

Жаноб Федотов Афғонистоннинг ўзи ҳам ноқонуний кўкнори етиштириш ва гиёҳвандликдан жабр чекаётганини айтган.

Афғонистон жанубидаги Ҳелманд ҳамда мамлакат ғарбидаги вилоятлар бангивор моддалар энг кўп етиштириладиган ҳудудлар ҳисобланади.

Афғонистон 1990 йиллардан дунёдаги энг кўп героин тайёрланадиган мамлакат ҳисобланиб келаётган бўлса-да, яқин йилларгача ҳам мамлакатнинг ўзидаги гиёҳванд моддаларга ружу қўйган инсонлар сони нисбатан кам бўлиб келган.

Ҳозирги пайтда Афғонистонда бангиларнинг сони бир миллиондан ошган деб кўрилади.

ВИЧ вирусини юқтирганлар сони ҳам ортган.

Афғонистон героинининг анча қисми мамлакатнинг шимолий қўшнилари – Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали Россияга, сўнг Оврўпо мамлакатларига етказилади.

Афғонистондан узоқлашган сари наркотик баҳоси ҳам кўтарилиб боради.