HRW: Туркманистонда ўнлаб инсонлар “ғойиб бўлган”

Image caption Иклимов жаноблари яқинларини 2002 йилдан бери кўргани йўқ. (HRW видеосидан)

Халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Human Rights Watch га кўра, ўтган ўн йилдан ортиқроқ вақт давомида Туркманистонда ўнлаб инсонлар ноихтиёрий тарзда ғойиб бўлган.

Ташкилот ёйинлаган видеода ана шу ғойиб бўлганларнинг айримлари ҳақида маълумот берилади.

Туркманистон ҳукумати зудлик билан бу “йўқолган” инсонларнинг яқинларини уларнинг тақдиридан огоҳ этишлари ва тутқунлар билан кўришишларига рухсат бериши керак, дейилади

видеода.

Бедарак кетганларнинг аксарияти 2002 йил, 25 ноябрда собиқ президент Сапармурод Ниёзовнинг жонига қасд қилиш айбловлари билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганлардир.

“Бу сукунат ва қатағон 12 йилдан бери давом этмоқда, Туркманистон ҳукумати бедарак кетган маҳкумларнинг тақдири, қолаверса, уларнинг тирик-ўликлигини очиқ айтадиган вақт келди”,

дейди ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўлими директори Рейчел Денбер.

Видеода собиқ мулозимлардан бири Сапар Иклимов ўзининг уч биродари ҳақида улар 2002 йил, ноябр ойи ҳибсга олинганларидан бери ҳеч нарса эшитмаганидан сўзлайди.

Image caption Татяна Шихмурадова: "Мен эримнинг қаердалигини билишим керак..."

“Мен эримнинг қаердалигини билишим керак”, дейди Татяна Шихмурадова.

У собиқ Туркманистон Ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадовнинг рафиқасидир.

Шихмурадов жаноблари ҳам собиқ президенти Ниёзов жонига қасд қилиш ҳаракатига алоқадорлик айблари билан ҳибсга олинган ва 2002 йилда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Ташкилотга кўра, “ғойиб” бўлганларнинг яқинларига ҳукумат ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

Ҳеч кимга маҳкумлар билан учрашиш ва ё уларга хат-хабар етказиш изни берилмаган.

Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ