Қор босган, музлаган, туманли йўл оша

Тожикистон жануби ва шимолини баланд тоғли Душанбе-Хўжанд йўли боғлаб туради.

Шўролар пайтида тожикистонликлар мамлакат шимолига сафар қилиш учун Ўзбекистон йўлларидан фойдаланишган.

Ҳозирда виза тартиби жорий этилгани ва машиналар ўтиши тақиқлангани боис тожикистонликлар хавфли бўлса-да, тоғ йўлидан юришни маъқул кўришади.

Қуйида минтақадан мустақил журналист йўлбитиги.

Такси Душанбенинг "Сементзавод" деган мавзеига етиб келди.

Бу ердан Тожикистон шимолига, Зарафшон водийси томон енгил машиналар йўловчиларни олиб кетишади.

Машинадан тушишим биланоқ, атрофимни етти-саккиз киши ӯраб олди.

Улар бир-бирига гал бермасдан "Қаерга, Хужандгами?", деб сўрашарди.

Мен эса ҳаммаси бирдай бошига қора ёмғирбон тутган одамларнинг орасини ёриб ўтиб, қаторлашиб турган машиналар томон юрдим.

Ҳалиги одамларнинг икки-учтаси ортимдан эргашди.

Улардан бири "Жип"ини мақтар, иккинчиси неча киши эканлигимизни суриштирар, учинчиси икки одами борлигини, яна тўртта йўловчи келса, йўлга чиқишини айтарди…

"Ҳаво ёмон, зинҳор "Опел"га ўтирманг!"

Мен чеккароқда, янгигина қора "Ландкрузер" ёнида турган одам томон юрдим.

У Хўжандга боришини, лекин ҳозирча биронта йўловчи йўқлигини, истасам, машинада ўтириб туришим мумкинлигини айтди.

Қўлимда тобора тезлашаётган ёмғирдан паналайдиган ҳеч нарса йўқ.

Машинага ўтираётганимда ёмғирбон кўтарган йигит шошганча биз томон келди.

"Хўжандга битта одам. Юринг, кетамиз!"

Мен индамадим. У нари кетди.

Қора "Ландкраузер" ҳайдовчиси номи Ҳабибулло эканлигини айтди, асло кичик машиналарга, яъни, "Мерседес", "Опел"га ўтирмаслигимни сўради.

"Мен тоғдаги қишлоқда яшайман. Йўл ёмон, қор қалин тушган. Майхўрадан нари ёққа кичик машиналарни ўтказишмаяпти. Қолган машиналар ғилдиракларига занжир боғлатишяпти», деди кўринишидан қирқ беш ёшлардаги Ҳабибулло.

У йўловчи қидириб, катта йӯл томон, таксилар, автобуслар тўхтайдиган ерга кетди.

Мен эса, зерикмаслик учун асосий кўпчилиги "Муссо", "Зафира", "Ландкрузер" тамғали машиналарни санай бошладим.

Улар юзтадан кам эмасди.

Ҳайдовчилар турли ёшда.

Ёшгина йигитлардан тортиб элликдан ўтган кишиларгача.

Мен бу кишиларнинг ҳар бирини оила тебратиш, қора қозон қайнатиш ташвиши бу ерга бошлаб келганини ӯйлардим…

Ёмғирбон тутган Ҳабибулло кўринди.

Эшикни очар эканман, у бугун ҳаво ёмонлиги учунми, йӯловчилар озлигини айтиб, агар, биронта тажрибали таниши йўлга чиқадиган бўлса, унинг машинасида кетишимни айтди.

У яна бир айланиб келгандан кейин, худди ўзининг машинасига ӯхшаш, фақат ранги қора эмас, оқиш "Жип" томон бошлади.

"Ҳайдовчи – жияним Зафар, акамнинг ўғли, ёш, лекин тажрибали, ҳар куни Хўжандга бориб-келади", деди Ҳабибулло.

Зафар билан нархни келишиб, машинага ўтирдим.

Олдинги ўриндиқда бир йигит, ўртадаги ўриндиқларда икки аёл ўтирган экан.

"Яна иккита одам келса, кетамиз", деди Зафар.

Икки одамнинг келиши бир соатга чӯзилди.

Бир томондан мен хурсанд эдим: ҳаво исиб, йўлдаги қор эриб қолар…

Ниҳоят, йўлга чиқдик.

Одатда "Жип"лар етти йўловчи оларди, Зафар олти киши билан йўлга чиқаверди.

Силтанган машина ва юрак чангаллаган аёллар

Варзобдан чиққанча яхши кетдик.

Ёмғир тўхтовсиз ёғар, лекин йўл яхши эди.

Ҳабибулло айтган Майхўрага етиб бордик.

Тарозининг пули тўланиб, ўтишимиз биланоқ машинамизни тўхтатишди.

Мен олдинга, қор босган йўлга қарар эканман, Ҳабибуллонинг кичик машиналар, занжир боғлаш ҳақидаги гапларини эсладим.

Зафар пастда кимлар биландир гаплашди-да, машинани ҳайдади.

Йўл тобора ёмонлашиб борарди.

Тоғларни оппоқ қор босган.

Йўлдаги уюм-уюм қор машиналар ғилдираги остида қолиб, кирланиб кетган.

Зафар олдиндаги юк машиналарини ҳам, енгил машиналарни ҳам қувиб ўтар, "Жип" ҳар силтанганида, ёнимдаги аёллар икки-уч юрак чангаллашарди.

Майхўрадан беш-олти чақирим ўтгандик, олдинда қаторлашиб турган машиналар кўринди.

"Пробка!", деди Зафар.

Олдинда бир томонда юк машиналари, иккинчи томонда енгил машиналар тизилиб турарди.

Ташқарида қор бўралаб ёғарди.

Йўл четида қалпоғини бошига бостириб кийиб олган ҳайдовчилар беш-олтидан бўлиб олиб, нималарнидир муҳокама қилишарди.

Зафар пастга тушиб, машиналар оралаб кетди.

Машина ичи бирпасда совуди.

Ўнг оёғим зирқираб оғрий бошлади.

Шу пайтда қалин кийинганимдан хурсанд бўлиб, раҳматли онамнинг гапларини эсладим: "Ёз ёпинчиғингни қўйма, қиш ўзинг биласан!"

Зафар машина эшигини очар экан "Қишда шунақа-да", деди.

Калитни бураб, машинани ўт олдирди. "Инсофи бор экан, йўловчилар совқотиб қолишмасин, дея, машинани иситяпти. Айрим ҳайдовчилар ёнилғи тежайман, деб, зиқналик қилишади", дея ўйлардим.

… Ўн дақиқа ӯтди, йигирма дақиқа, ярим соат, машиналар жойидан силжимасди.

Бу орада ёнимизда қор тозалайдиган машина пайдо бўлди.

У қорни четга, жарлик томон сура бошлади.

Мен жарлик ортидаги қалин қор босган тоғларга тикилардим.

"Оёғинг оғримаяптими", деди ўртадаги ӯриндиқда ўтирган аёл негадир "иҳ"лаган олдиндаги йигитдан.

"Совуқ ўтди, шекилли", деди йигит.

У Исфарадаги қишлоқлардан бирида яшар экан.

Москвада ишлаб юрганида лифт тушиб кетиб, мажруҳ бўлиб қолибди.

Ҳозир спорт билан шуғулланаётган экан.

Яқинда Жанубий Қурияга борибди, стол тенниси мусобақаларида қатнашибди.

У гапирар экан, мен машина устига юкланган ногиронлар аравачасини эсладим.

Россияда қанча одамлар майиб-мажруҳ бўлишди, бевақт дунёдан ўтишди.

Лекин шу ўзимиз бораётган йўл…

Мен эсламасликка тиришсам ҳам, кӯз ўнгимдан музлаган йўлда сирпаниб кетиб, жарликка ағанаган енгил машиналар, қор кўчкиси суриб кетган "КамАЗ"лар, манзилига ета олмай, ҳалок бўлган одамлар пайдо бўлди.

Ниҳоят, олдиндаги машиналар ҳаракатга тушди.

Мен қарши томондан – Шимолдан келаётган, тўхтаб турган машиналарни санай бошладим.

Россия "КамАЗ"лари, Хитой "Дӯлан"лари, бошқа юк машиналари…

Камида икки юзта. Яна енгил машиналар…

Тиқиндан - ҳайдовчи айтган "пробка"дан ўтиб, енгил нафас олдик.

Лекин бир-икки чақирим юрмасдан, яна ноилож тўхтадик.

Яна қаторлашган машиналар қимирламасдан турибди…

Кутишдан, сабр этишдан бошқа иложимиз йўқ. Ҳеч ким чурқ этмайди.

Шу лаҳза мен "Жип"да ўтирган бошқа беш йўловчининг ҳам мен каби Аллоҳдан мадад сўраётганини ўйлардим.

Йўлнинг у ёғига "тиқин"га учрамасдан кетдик.

Лекин йўл баландликка ўралаб борган сари ёмонлашарди.

Йўлдаги қор қалинлашар, машина силтанар, ғилдираклари сурилиб кетарди…

Нега туннел олтмиш чақиримлик эмас?

Ана, олдинда Анзоб туннели кўринди.

Эронликлар бу туннелни қуришгач, баланд Анзоб довонини ошиб ўтиш хавфи йўқолди.

Лекин тез орада бу туннелнинг ҳайдовчилар айтишгандайин "шошма-шошарлик билан қурилгани" маълум бӯлди.

Туннел ичи тезда ўйдим-чуқурга айланди.

Тепадан тушаётган қор-ёмғир сувлари тўпланиб, катта кўлмакларга айланар, айниқса, Ҳабибулло айтган "Опел", "Мерседес"ларнинг сув босган чуқурлардан ўтиши қийин эди.

Лекин ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам негадир "Эрон ғори" деб ном беришган бу туннел ҳозир менинг кўзимга теп-текис, хатарсиз кўринарди.

Яна туннелга кирмасимиздан бурунги қор босган йўлни эслаб, олти километрча узунликдаги "Эрон ғори"нинг нега олтмиш километрга чўзилмаганини ўйлардим.

Туннелдан чиқдик. Яна қор босган йўл, машина ҳар силтанганида аёлларнинг икки чўчиб тушишлари…

Нимаям қилардик, чидаймиз.

Шукр, энди пастликка эна бошладик.

Ҳайдовчи суръатни пасайтирди.

Пастликка энлаётганда озгина эҳтиётсизлик қилиндими, тамом - машина сурилиб кетиши мумкин.

Варзоб туманидан ўтиб, Айний тумани қишлоқларига кирдик.

Бора-бора қор камая бошлади.

Тез орада ёмғирга айланди.

Йўллар ҳўл, лекин энди бемалол, тезроқ юриш мумкин эди.

Айний тумани марказига яқинлашган сари ёмғир ҳам тинди.

Қизиқ, буёғига йўл қуп-қуруқ эди.

Каттароқ қишлоқлардан бирида ҳайдовчи машинасини йўл четидаги устахона томон ҳайдади.

Уста йигит нималарнидир тузатди. "Жип-Жип", дейишади, минг мақташмасин, барибир темир экан-да!", деди теннисчи йигит…

Хайрият, "Ландкрузер"нинг бошқа машиналар каби ярим йўлда бузилиб қолмагани.

Йўқса, Зафар ҳам қор тагида машинасини кавлаштираётган бўлармиди, ўтаётган машиналарга ёрдам беришни сўраб, умид билан қўл кўтарармиди…

Йўлга тушдик.

Ҳалиги қор босган ва қаршидаги қуп-қуруқ йўлни солиштирар эканман, хатардан ўтиб олганимизга хурсанд эдим.

Эрта қувонган эканман

Шаҳристон довони томон ўрлай бошладик.

Ҳали Шаҳристон туннели қурилмасдан илгари, айниқса, Зарафшон водийси аҳолиси учун ҳаётий муҳим бўлган бу йўлнинг йил бўйи очиқ бӯлиши учун чоралар кўриларди.

Лекин қишда қор кўчкиси, ёзда тош кўчкиси пайдо бўлган кунларда барибир довон йўли ёпиларди.

Одамлар ана шу пайтлар довондан яёв ўтишарди.

Қиш совуғида ҳам, ёз жазирамасида ҳам…

Лекин ҳозир бу хатарлар йўқолган.

Хитойликлар Душанбе-Хўжанд-Ойбек йўлини битказишгандан кейин Шаҳристон туннелини ҳам қуриб беришди.

Ёп-ёруғ, текис ва қуруқ.

Мен бу туннелдан ўтиб олганимиздан кейин тезроқ юришимизни, манзилимизга кеч кирмай етиб боришимизни ўйлардим.

Лекин… эрта қувонган эканман.

Шаҳристон туннелидан чиқишимиз биланоқ машина юриши секинлашди.

Йўл сирпанчиқ, қор бўралаб ёғар, устига туман қалинлашиб борарди.

Ҳайдовчи йўлдан кўзини узмасди.

Ёнимдаги қизгина ўқчий бошлади.

Тимирскаланганча сумкасидан селлофан халтача олди.

Мен қоп-қоронғиликда ҳеч нарса кўринмаса-да, кўчани томоша қилаётгандайин, четга ўгирилдим…

"Тузукмисиз? Сӯрадиган қанд бор, берайми", дедим қизгинага бирпасдан сўнг.

У бошини қимирлатганча миннатдорчилик билдирди…

Қачон тугар экан, бу қилмисол йўл?

Биз буни қанчалик истамайлик, унинг орти кўринмасди…

Фақатгина Истаравшан тумани қишлоқларига кириб бораётганимизда, йўл яхшиланди.

Яна бир ярим соатларда Хўжандга кириб борармиз.

Майли, тӯрт ярим-беш соат эмас, саккиз-тўққиз соат бӯлсин, манзилга эсон-омон етсак бўлди.

Мана, Хўжандга ҳам етиб келдик.

Мен ҳайдовчи билан ҳисоблашар эканман, негадир ҳозир ўзим ҳақимда эмас, у ва унинг ҳамкасблари ҳақида ўйлардим.

Зафар эртага Душанбе томон йўлга чиқади.

Битта унинг машинаси эмас, яна ўнлаб, юзлаб машиналар қор босган, музлаган, туманли йўллардан ўтади.

Оилам деб, бола-чақам, деб хатардан қўрқмай йўловчилар манзилини яқин қилаётган бу инсонларни ӯз паноҳингда асрагин, Аллоҳим!