Эксклюзив: Генерал Дўстумнинг фотоальбомидан

2003 йилда Афғонистонга сафар қиларкан, америкалик профессор Брайан Глин Уильямс генерал Абдул Рашид Дўстумнинг шахсан ўзига тегишли фотоальбом билан ортга қайтишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Аён бўлишича, хайрлашув чоғида ўзбек генералининг ўзи ушбу фотоальбомини профессор Брайанга совға қилган.

Фотоальбомдаги суратларнинг тарихи ҳозирда Афғонистон вице-президенти бўлган генерал Дўстумнинг аскарлари билан бирга мамлакат шимолида толибонпараст кучларга қарши жанг олиб борган 2001 йилнинг кузига бориб тақалади.

Фотоальбомни варақларкан, профессор Брайан тўқнаш келган ана шу суратлар ўзбек аскарлари томонидан олинган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистондаги Толибон тузумини қандай қилиб ағдаришгани ўша пайтда журналистлар ва хорижлик ҳарбийларнинг ўзлари томонидан фотокамераларга кўп муҳрланган.

Аммо афғонларнинг ўзлари ҳақида бундай деб бўлмайди: Қарийб чорак асрлик урушлар ўз тупроқларида кечаётганига қарамай, улар қуролли низоларни камдан-кам ҳолларда, балки, умуман суратга олишмаган.

Худди шу боис ҳам, генерал Абдул Рашид Дўстумнинг фотоальбоми алоҳида аҳамият касб этади.

Биз махсус фоторепортажимизда ана шу суратлардан айримларини сизнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Бу суратлар ҳам, афтидан, икки хил фотокамера ёрдамида асосан аскарларнинг ўзлари томонидан олинган - махсус фоторепортажимизни томоша қилиш учун мана шу линкка босинг.

Улардаги воқеалар силсиласи Туркияда муҳожиратда бўлган генерал Абдул Рашид Дўстум Дарайи-Суфдаги тарафдорларини уюштириш учун Афғонистонга қайтган 2001 йилнинг апрел ойидан бошланади ва у орадан олти ой ўтиб, шимолий Мозори Шариф шаҳрига қайта киришга муваффақ бўлган воқеаларнинг ривожи билан давом этади.

Брайан Глин Уильямс Американинг Массачусет-Дартмут университети профессори.

Унинг ўша пайтда Афғонистонга ўзбек генералининг фаолиятини тадқиқ қилиш учун боргани айтилади.

Фоторепортаж Моника Уитлок томонидан тайёрланган.

Муаллифлик ҳуқуқи эса, профессор Брайан Глин Уильямсга тегишли.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ