"Меҳнат муҳожири қўлига бел эмас, автомат олиши мумкин"

Image caption Жамоалар вакиллари меҳнат муҳожирлари қонунан ҳимояланмаганини айтади.

Марказий Осиё диаспора вакиллари хабар қилишларича, Россиядан кетаётган меҳнат муҳожирлар оқимининг сезиларли тарзда ошганига 2014 йил охирида рубл қадрининг кескин тушгани сабаб бўлган.

Уларга кўра, муҳожирларнинг кўпчилиги энди ўз мамлакатларида қолишлари ёки виза талаб қилинмайдиган бошқа давлатларга йўл олишлари мумкин.

Бу ҳақда Россия Муҳожирлик федерацияси ходимлари ва муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоатчилик ташкилотлари аъзолари Москвадаги матбуот анжуманида билдиришган.

Жамоалар вакиллари фикрларига қараганда, 1 АҚШ долларининг 45-50 рубл бўлиши меҳнат муҳожирлари учун фойдасиз, сабаби улар айнан АҚШ долларида уйларига пул жўнатиб келишади.

"Бундай ҳолда муҳожир ўр юртида шу пулни ишлаб топиши мумкин, бундан ташқари у ерда турар жойига пул тўламайди, хоҳлаган пайтда полиция келиши, депортация қилиниш хавфи йўқ ",- дейди Тожик меҳнат муҳожирлари ташкилоти раҳбари Каромат Шарипов. Россияда ҳозир 11 миллиондан ортиқ муҳожир бор, улардан 7,5 млни марказий осиёликлар. Бу инсонлар оғир вазиятда, ҳимоясиздир", дейди у.

Каромат Шариповнинг Би-би-сига айтишича, 15 январгача 1млн 200 минг муҳожир ватанига жўнайди ва қайтиб келмаслиги эҳтимоли кўп, чунки улар Россиянинг янги қонунларини бажаришга қурблари етмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия сенатори Мерген Ооржакнинг ишонишича, муҳожирларнинг оммавий чиқиб кетишидан хавотирланишга ўрин йўқ.

2015 йил 1 январдан бошлаб муҳожирлар Россияда ишлашга рухсатнома олишлари учун аввало рус тилидан имтиҳон топширишлари лозим бўлади.

"Хавотирга ўрин йўқ. Меҳнат муҳожирлиги меҳнат бозорининг бир қисми ва бу ерда вазиятга таъсир қиладиган у ёки бу факторлар бор. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари каби мавсумийлиги кам аҳамият касб этади. Россия ҳар доим меҳнат қилувчилар учун очиқ бўлган ва бу ерда қонунга риоя қилиш муҳимдир", деб айтган Россия сенатори.

Москвада пайшанба куни ёққан қалин қорни коммунал хизматлар қийинчилик билан тозалашни уддалаганлар, шунингдек, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофлари тозаланмай қолган.

Тожик меҳнат муҳожирлари ташкилоти раҳбари Каромат Шариповга кўра, бунга муҳожирларнинг оммавий чиқиб кетиши таъсир қилган.

"Бир йил олдин муҳожирлар бундай ҳолатда кечгача ҳаммма ёқни тозалаб қўйишган эди. Бугун улар йўқ. Фақат айримлари ойлик маошини кутиб кетмаган ва охирги чақасини олиши билан қайтади. Фаррошлар ҳозир 45 минг рубл талаб қилишади. Лекин уларга 13-27 минггача беришяпти холос, ким бунга ишлагиси келади", тушунтиради Шарипов.

"Бутунроссия ўзбеклар кенгаши" ташкилотининг раҳбари Иброҳим Худойбердиев муҳожирлар учун мослашиш марказлари тузилиш тарафдори. Лекин бу борада ишлар суст кетаётганини айтади.

"Биз тушунамиз Россия ҳозир ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлмоқчи. Бу ҳолатда иш ўринлари бор жойларда муҳожирлар оқимига таяниш лозим", дейди у.

Расмий хабарларга қараганда, айни пайтда Россияда 11 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири бор, уларнинг 7,5 млни марказий осиёликдир.

Россияда хизмат қилаётган муҳожирларнинг 3 миллиони ўзбекистонлик, қарийб 2 миллиони тожикистонлик, қолгани бошқа республика фуқароларига тўғри келади.

Бу ҳақда ўтган ойда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев ҳам билдирган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бундан ташқари, диаспоралар вакиллари таъкидлашича, ҳозирги пайтда муҳожир ишлайдиган 100 рублидан атиги 10-20 рублини қўлига олади. Қолгани берилмайди.

"2013 йил ва 2014 йилнинг ўн ойида Тожикистон фуқаролари олдида қарздорлик Москва ва Москва вилояти бўйича бир миллиард рублни ташкил қилган. Улар кимга борсин? Судлаша олмайди, прокурор қабул қилмайди, Тожикистон элчихонаси қабул қилмайди, Раҳмон ҳеч бир фуқаросини Россияга юбормаганини таъкидлаб келади. Аслини олганда эса Тожикистон бюджетининг 50 фоизи муҳожирлар юборган пуллар ҳисобига тўляпти".

Муҳожирлар ҳимояланмаган, уларнинг тақдири билан ўз ҳукумати қизиқмайди, Россияда эса улар бирор-бир қонуний ҳуқуқидан фойдалана олмайди.

Рубл қадрининг кескин пасайиши билан Россиядан кетаётган муҳожирлар оқимининг ортиши нафақат зарур ишчи кучининг йўқолиши, балки Марказий Осиё фуқароларининг турли исломий гуруҳларга кириб кетишларига ҳам сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Марказий Осиё диаспоралари вакиллари.

Ҳозир Тожикистонда ҳам, Россияда ҳам фуқароларни Сурия ва Ироққа ёки толиблар сафига киришга ундайдиган кучли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда МДҲ давлатлари доирасида муҳожирлик сиёсатининг ҳам айби бор", деб ҳисоблайди Шарипов.

Унинг сўзлари билан айтганда, меҳнат муҳожирлари қўлига бел эмас, автомат оладиган шароит ўз-ўзидан яратиляпти.

Муҳожирлар оғир молиявий шароитда бундай радикал қадамларни қўйишга мажбур бўлишлари мумкин.

Россия муҳожирлар федерацияси олдинроқ муҳожирлар Россия қуролли кучлари сафига кириб, мамлакатни ташқи хатардан ҳимоя қилишга тайёр экани ҳақида айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ