Роҳат Алиев қотилликда айбланмоқда

Австрия маҳкамасида Қозоғистон Президентининг собиқ куёви Роҳат Алиевга икки банкирни ўлдирганлик айблови қўйилган.

Айбловлар жаноб Алиевнинг "Нурбанк" нинг менежерлари Жолдас Тимуралиев ва Айбар Ҳасеновлар билан можароларга алоқадордир.

2007 йилда икки банкир бедарак кетган, орадан тўрт йилдан сўнг уларнинг жасадлари топилган.

Алиевнинг ўзи қотилликларга алоқаси йўқлигини ва жиноий иш сиёсий мазмунга эгалигини айтиб келади.

Роҳат Алиевга нисбатан жиноий иш бундан уч йил муқаддам Австрияда қўзғатилган.

Қозоғистонда ҳам Алиевга нисбатан қотиллик бўйича жиноий иш очилган. 2008 йилда Қозоғистон маҳкамаси Алиевни сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум этганди. Ўтган йиллар давомида Қозоғистон икки марта Алиевни экстрадициясини сўраб Австрияга мурожаат қилган. Бироқ Вена Алиевга ватанида адолатли маҳкама кафолати йўқлигини айтиб, уни Қозоғистонга бермаган.

Бунинг ўрнига 2011 йилда қотиллик бўйича ўзининг суриштирув ишларини бошлаган.

Шу билан бирга, 2014 йил июн ойида Алиев ихтиёрий тарзда Австрия ҳукуматига ўзини топширган.

Ўшандан буён у тергов идоралари томонидан назоратда сақланган.

Сешанба куни Вена маҳкамаси унга қотиллик бўйича айбловларни илгари сурган. Алиевни бирор бир гаров пули эвазига қўйиб юбориш кўзда тутилмаган.

Маҳкама Алиевни айбдор деб топса, у 10 йилгача қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

Мабодо Қозоғистонга экстрадиция қилинса, унинг 40 йилгача озодликдан маҳрум этилиш хавфи бор.

Роҳат Алиев президент Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоевага уйланган. Улар 2008 йилгача бирга яшаб келганлар.

Роҳат Алиев Қозоғистонда бизнес билан шуғулланган, Миллий хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва президент хавфсизлик хизматида раҳбар лавозимларда ишлаган.

Жиноий иш қўзғатилишидан олдин Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган.

Роҳат Алиев ўзига нисбатан таъқиблар ортида сиёсий мақсадлар ётганини, ўзининг амбициялари учун Назарбоевнинг ғазабига учраганини айтади.

Қозоқ сиёсий элитаси билан яқин алоқалари бўлган Алиев ўзининг лавозимидан кетгач, Назарбоевга қарши кескин танқидлари билан танилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ